Ўзбекистон янги Мудофаа доктринасини қабул қилиши керак — президент

Ўзбекистон янги Мудофаа доктринасини қабул қилиши керак — президент

Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Турли минтақавий можаролар кенгайиб, қуролланиш пойгаси авж олаётгани, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, халқаро ҳуқуқ нормалари ва халқаро дипломатия заифлашиб бораётгани қайд этилди.

«Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди. Энди қайси давлат фақат танк, самолёт ёки аскарлар сонига таяниб ғалаба қозонаман деса, қаттиқ адашади. Ҳозирги жанглар сунъий интеллект, рақамли бошқарув, узоқ масофага юқори аниқликда зарба берувчи воситалар, кибер ва робот технологиялар, сиёсий-иқтисодий босим асосида олиб борилмоқда», — деди давлат раҳбари.

Тинчлик ва хотиржамлик энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик лозимлиги таъкидланди. Бу бойликни асраб-авайлаш учун эса ҳар бир соҳа ва тармоқ хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтариш бўйича «проактив иш режими»га ўтиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Замонавий хавф ва таҳдидларнинг мазмуни ҳам, кўлами ҳам кундан-кунга ўзгариб бораётгани, мудофаа ва хавфсизлик соҳаси олдига катта вазифалар қўйилаётганини инобатга олиб, давлат раҳбари саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келганини кўрсатиб ўтди.

Янги Мудофаа доктринаси мамлакатни ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолишини, кўп томонлама дипломатияга таянишда давом этишини, юқори технологияларга асосланган стратегия, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорлик йўналишида ривожланишини таъминлаши лозимлиги таъкидланди.

«Умуман, янги доктрина армияни технологик янгилаш ва илғор ҳарбий ечимларни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши керак», — деди президент.

Ҳар йили ҳарбий хизматчилар ўртасида кўпкураш, қўл жанги, оғир атлетика каби спортнинг 10 дан ортиқ анъанавий турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Энди жорий йилдан бошлаб киберспорт, дрон ва робот технологиялари каби замонавий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар ташкил этилади.

«Минтақавий ва глобал вазиятни доимий таҳлил қилиб бориш, миллий армиямизнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш — бугунги кун талаби. Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига доимо тайёр туриши, бунинг учун тезкор, юқори технологияли, янги жанг шароитларига мос бўлиши керак», — деди президент.

Шу сабабли, қўшинларни сунъий интеллект асосидаги роботлашган мажмуалар ва учувчисиз тизимлар, енгил ҳарбий техника, замонавий қурол-аслаҳа, разведка воситалари билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Президент мудофаа саноатини янада ривожлантириш, соҳа корхоналарида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш устувор вазифалардан бири бўлиши кераклигини қайд этди.

Давлат раҳбари йиғилиш якунида Қуролли Кучларининг аскар ва сержантлари, офицер ва генераллари, фахрийлари, уларнинг оила аъзолари ва яқинларини Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.