Японияда ўтказилган ЭКСПО–2025 кўргазмасида Ўзбекистон павильони халқаро меҳмонлар орасида катта қизиқиш уйғотди. “Билимлар боғи” деб номланган павильонни қарийб 1 миллион нафар ташриф буюрувчи томоша қилган бўлиб, у энг кўп ташриф буюрилган экспозициялар қаторига кирган. Ушбу тажриба ЭКСПО–2030 кўргазмасига тайёргарликда муҳим асос сифатида баҳоланмоқда.
ЭКСПО–2030 доирасида Ўзбекистон миллий павильони майдонини 3,6 минг квадрат метрга етказиш режалаштирилган. Лойиҳа мамлакатнинг маданий мероси, инновацион салоҳияти, таълим, туризм ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги ютуқларини комплекс тарзда намоён этишга қаратилган. Павильонда замонавий архитектура ечимлари, интерактив экспозициялар ҳамда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Тақдимотда ЭКСПО–2030 кўргазмаси Ўзбекистоннинг халқаро имижини мустаҳкамлаш, туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда янги инвестицияларни жалб этиш учун муҳим майдон экани қайд этилди. Шу муносабат билан тайёргарлик ишларини тизимли йўлга қўйиш, концепция ва мазмунни пухта ишлаб чиқиш, шунингдек, иштирок этувчи идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, ЭКСПО–2030 доирасида ташкил этиладиган маданий ва туристик тақдимотлар орқали Ўзбекистонни устувор халқаро бозорларда илгари суриш, мамлакатга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда узоқ муддатли туристик оқимни шакллантириш мақсад қилингани маълум қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.