Ўзбекистон шахсга доир маълумотларни чет элда сақлаш талабларини юмшатмоқда

Ўзбекистон шахсга доир маълумотларни чет элда сақлаш талабларини юмшатмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 20 январь куни «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритилаётган, шахсий маълумотларни мамлакат ичида ва ундан ташқарида сақлаш ҳамда қайта ишлаш талабларини аниқлаштирувчи тузатишларни уч ўқишда қабул қилди. Ҳужжат кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.

Мажлисда сўзга чиққан ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов амалдаги қонунчилик халқаро тўлов ечимлари ривожини чеклаб қўяётганини таъкидлади.

«Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқаро тўлов тизими билан боғлиқ йўналишда янги инновацион хизмат турларини ривожлантириш, QR кодли тўловларни кенгайтириш ва уларнинг маҳаллий банклар билан интеграциясини янада мустаҳкамлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ваколатли идоралар — Марказий банк, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги халқаро тўлов компаниялари билан учрашувлар давомида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун талабларини қайта кўриб чиқиш масаласи бир неча бор кўтарилган.

«Халқаро ташкилотларнинг 2025 йилда Ўзбекистон инвестиция муҳитига оид баёнотларида мазкур қонунда Ўзбекистон фуқароларига доир барча маълумотларни республика ҳудудида йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш белгилангани бевосита халқаро онлайн тўлов компаниялари билан ишлаш фаолиятига таъсир қилаётгани, яъни чекланаётгани кўрсатилган», — дея таъкидлади Ашрапов.

У Google Pay сервиси ҳозирда 97 мамлакатда 150 млн нафардан ортиқ фойдаланувчи томонидан қўлланаётганини ва у Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистонда аллақачон ишлаётганини эслатди.

«Амалдаги миллий қонунчилик Ўзбекистон фуқароларининг фамилияси, исми, банк карталари реквизитлари, яшаш манзили ва бошқа маълумотларни халқаро тўлов тизимларига тақдим этишни, шунингдек, уларни Ўзбекистонда жойлашмаган серверларда сақлашни тақиқлайди (қонуннинг 27−1-моддаси)», — деди у.

ИИВ вакилига кўра, ушбу чекловлар электрон тижорат ва рақамли иқтисодиёт ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда, шунингдек, қўшимча даромадлар оқимини ва финтех-компанияларнинг мамлакат бозорига кириб келишини секинлаштирмоқда.

Шунингдек, у айланма тўлов схемаларидан фойдаланиш хавфига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат яширин иқтисодиёт ривожланиши учун замин яратади.

Қабул қилинган тузатишларга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида мажбурий тарзда сақланиши лозим бўлган шахсий маълумотларнинг аниқ рўйхатини белгилаш таклиф этилмоқда. Буларга биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек, телеком-операторлар хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахслар маълумотлари киради.

Иккинчидан, шахсий маълумотларнинг бошқа турларини чет элга узатиш, у ерда қайта ишлаш ва сақлаш бўйича аниқ талаблар ишлаб чиқилиши назарда тутилади. Жумладан, хорижий давлатларда уларнинг етарли даражада ҳимоя қилиниши, ваколатли органлар талабларига риоя этилиши ва халқаро стандартларни жорий этиш масалалари қамраб олинади.

Вазирлар Маҳкамасига шахсий маълумотларни етарли даражада ҳимоя қилишни таъминлайдиган давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ваколати берилади. Қонун қабул қилингач, ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилиниши режалаштирилган.

«Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши электрон тижорат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, шунингдек, халқаро интернет-платформалардан фойдаланишда аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади», — деди Ашрапов.

У қонун лойиҳаси барча манфаатдор идоралар билан келишилганини ва давлат бюджетидан қўшимча харажатларни талаб қилмаслигини таъкидлади. Қонунни 134 нафар депутат қўллаб-қувватлади, қарши ёки бетараф овозлар бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Ўзбекистонда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилган. Ҳужжатнинг 27−1-моддаси компанияларга Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари қайта ишланадиган серверларни мамлакат ичида жойлаштириш мажбуриятини юклайди. Мутахассислар бу норма талқинидаги ноаниқликни бир неча бор танқид қилиб, уни халқаро сервислар, жумладан, Google Pay ва Apple Pay`нинг бозорга кириши учун тўсиқ бўлгани, шунингдек, бизнесда хавотир уйғотганини таъкидлаган.

2024 йилда маълумотларни локализация қилишга оид ёндашувларни қайта кўриб чиқиш масаласи эксперт майдонларида муҳокама қилинди. Ортиқча тартибга солишдан қочиш учун талабларни юмшатиш таклиф этилган. Аввалроқ шунга ўхшаш позицияни Жаҳон банки ҳам билдириб, янада мослашувчан қоидалар хизматлар соҳаси ва рақамли иқтисодиёт ривожига хизмат қилишини қайд этганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.