«Хавфсизлик ва Яқин Шарқдаги манфаатлар». Абдулазиз Камилов — Ўзбекистон нега Тинчлик кенгашига қўшилгани ҳақида

«Хавфсизлик ва Яқин Шарқдаги манфаатлар». Абдулазиз Камилов — Ўзбекистон нега Тинчлик кенгашига қўшилгани ҳақида

Президент маслаҳатчиси, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгашига қўшилиши ва ундаги манфаатлари ҳақида «Ўзбекистон 24» телеканалига гапириб берди.

Унинг таъкидлашича, бу кенгашга қўшилиш, аввало, хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқилган, шунингдек, унинг вазифалари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат манфаатларига мос келади.

«Иқтисодий форум кун тартибида кўп сиёсий масалалар бор. Булардан биттаси Ғазо минтақасидаги ҳарбий иқтисодий инқироз ва бу инқирозни ҳал қилиш учун йўлини топиш. Мана шунақа мақсад қўйилган ва яқинда Дональд Трамп Тинчлик кенгашини ташкил этиш таклифини киритди. Бу тинчлик кенгашини олдида турган вазифа, авваламбор, Ғазони инқирозини ҳал қилиш», — дея гап бошлади президент маслаҳатчиси.

Ўзбекистон нима учун бу ташаббусни қўллаб-қувватлади?


«Президент Шавкат Мирзиёев Дональд Трампнинг таклифини қабул қилиб, розилик бердилар. Савол туғилади: биз нима учун бу ташаббусни қўллаб-қувватладик? Биринчидан, хавфсизлик нуқтаи назаридан, албатта, бизнинг манфаатларимиз бор. Иккинчидан, кенгашни олдида турган вазифалар, мақсадлар бизнинг ташқи сиёсатимизнинг асосий тамойилларига тўлиқ жавоб беради ва мос келади. Учинчидан, ҳақиқатдан ҳам бу минтақада биз жуда жиддий ҳаётий манфаатларимиз бор», — деди тушунтирди Камилов.

Маслаҳатчи Ўзбекистон раҳбари нега минтақага эътибор қаратганини сўзлади. Камиловнинг қайд этишича, Ўзбекистон фуқаролари минтақадаги экстремист оқимларга, ташкилотларга, гуруҳларга қўшилиб, кейин мамлакатга қайтиб келиб, муаммо туғдиришга ҳаракат қилмоқчи ҳам бўлган. Лекин давлат томонидан улар мамлакатга қайтарилиб, ижтимоий янги ҳаётга киритиш учун шароитлар яратиб берилган.

«Мана шундай меҳрибонлик Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг раҳбариятининг томонидан жуда юқори баҳоланди ва буларнинг гапига қараганда, президентимизнинг сиёсати бутун дунёда намуна бўлиши мумкин. Мана шунинг учун биз айтишимиз мумкин, Ўзбекистонда ана шу минтақада бошқа давлатлар билан бирга манфаатлари бор ва бу манфаатдорлик яна шундан иборатки, авваламбор, ўзимизнинг хавфсизлигимизни таъминлаш», — деди маслаҳатчи.

«Иккинчи сабаб нима учун биз бунга жуда катта эътибор беряпмиз? Афғонистон қўшнимизни олсак. Афғонистон қўшнимизга ҳужум бошланишидан олдин, у ерда ҳеч қандай экстремист, террорист ташкилотлар бўлмаган. Лекин уруш бошлангандан кейин кўпинча мана шунақа ташкилотлар, гуруҳлар қаердан келди? Яқин Шарқдан келди. Албатта, Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилиш осон масала эмас. XX асрда Яқин Шарқнинг боши урушдан чиқмаган. Шунинг учун бу масалани ҳал қилиш учун бутун халқаро ҳамжамият бирлашиб, нафақат АҚШ, араб давлатлари, мусулмон давлатлари, балки мана шу Марказий Осиё давлатлари биргаликда ҳаракат қилиш керак. Ҳар битта қадамни ўйлаб қўйиб, тинчлик ўрнатилса, барқарорлик ўрнатилса, бу жуда муҳим қадам бўлади», — деди президент маслаҳатчиси.

Бундан ташқари, Камилов Ўзбекистоннинг саммитда иштирок этиши мамлакатнинг халқаро майдонда жиддий иштирокчилигини тан олиш ҳисобланади.

«Бу жуда муҳим сиёсий тадбир, иккинчидан, Ўзбекистонга билдирилган ишонч, ҳурмат, иззат ва Ўзбекистоннинг халқаро майдонда жиддий иштирокчилигини тан олиш бўлади», — деди Абдулазиз Камилов.

Эслатиб ўтамиз, 22 январь куни Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трамп билан Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларни ҳал этиш бўйича Тинчлик кенгаши битимини имзолади.

Имзолаш маросими 22 январь куни Давос (Швейцария)да Бутунжаҳон иқтисодий форуми доирасида бўлиб ўтди. Унда Яқин Шарқ ва Жанубий Америка мамлакатлари (Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Аргентина, Парагвай) вакиллари, шунингдек, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев иштирок этди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.