Иқтисодчи, иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Дарон Ажемоғлу Bloomberg учун ёзган мақоласида Трамп ва унинг администрацияси хатти-ҳаракатлари замиридаги мантиқни аниқлашга уринаркан, буни Трамп назарияси, президентлик ваколатларини кенгайтиришга уриниш, деб атади.
«Демократиялар қандай қилиб инқирозга юз тутишини ўрганиб чиқдим. Мана, менинг Трамп ҳақидаги умумлаштирилган назариям, — дейди иқтисодчи олим. — Тарифлардан тортиб хорижий давлат раҳбарини ағдаришгача — буларда бир умумий жиҳат бор. Барчаси президентлик ваколатларини кенгайтириш ҳақида».
Gazeta мақоланинг тўлиқ таржимасини келтиради.
Узлуксиз фармойишлар ва суд тизими фаолиятини шубҳа остига олиш Оқ уйдан янгиликлар оқимини тўхтовсиз таъминлаб турган бир пайтда, президент Дональд Трамп ва унинг энг яқин маслаҳатчилари қандайдир фалсафага эргашаётганми ёки йўқлиги ҳақида ўйлаб кўрмаган одам кам топилади. Юқори лавозимли мансабдорлар ва президентнинг ўзи томонидан дабдабали баёнотлар, баъзан эътиборни тортадиган янглиш қадамлар эса бундай фалсафа йўқлигини осонгина тахмин қилиш имконини беради.

Шундай бўлса-да, қандайдир «Трамп назарияси» мавжуд.
Маъмуриятнинг кўплаб хатти-ҳаракатлари — шубҳали крипто битимлар, юқори лавозимларга малакасиз иттифоқчиларни тайинлаш, конституцияга хилоф депортациялар ва бир қатор ҳудудларга Миллий гвардияни жойлаштириш, Лотин Америкаси давлати раҳбарини ағдариш — маълум бир мантиққа эга. Буларнинг барчаси — ижро ҳокимиятини кенгайтириш, империал президентлик томон қадам ташлашга уринишдир.

Ҳар қандай сиёсатчи, шу жумладан, президентнинг ҳокимиятини нима чеклайди? Уларнинг ўз мақсадларига эришиш йўлида ресурслардан, жумладан, ходимлардан қай даражада самарали фойдалана олиши. Бундан ташқари, қонунга қарши бориш ва ваколатдан четга чиқишнинг олдини олувчи қонунлар, шунингдек, ҳар қандай муайян лавозимга тааллуқли умумий меъёрлар ҳам тийиб турувчи вазифасини бажаради.
Трамп АҚШ президентлиги атрофидаги меъёрларни ўзгартиришга уриняпти. Билл Клинтон, кичик Жорж Буш ёки Барак Обаманинг бош прокурор ёки Адлия вазирлигидан рақибларини таъқиб қилишни сўраши мутлақо номақбул ҳисобланган бўларди. Шунингдек, АҚШ шаҳарларига Миллий гвардияни юбориш учун яхши асосланмаган «жиноий фавқулодда вазият»ни баҳона қилиши ёки президентлик даврида оилавий бизнес билан шуғулланишда давом этиши ҳам президент учун мақбул деб қаралмасди. Энди бу меъёрлар бузилди, эҳтимол бутунлай, лекин Трамп президентлиги даврида — шубҳасиз.

Бир қарашда шубҳалидек туйиладиган бу хатти-ҳаракатлар меъёрларни бузиш стратегияси нуқтаи назаридан янгича кўриниш касб этади. Нега Трамп маъмурияти АҚШ округ судьяси Жеймс Боасбергнинг венесуэлалик жиноий тўда аъзоларини Салвадорга депортация қилмаслик ҳақидаги қарорига қарши чиқди? Бу қўпол хатомиди? (Ахир худди шу мақсадларга бошқача, камроқ мунозарали ва эътиборни камроқ тортадиган йўл билан эришиш ҳам мумкин эди.) Эҳтимол, йўқ. Агар сиз меъёрларни бузмоқчи бўлсангиз, уларни шубҳа остига олишингиз керак ва бу шундай қилишнинг энг кўзга кўринган усулларидан бири.
Президент ҳокимияти учун қонуний тўсиқларни олиб ташлаш Трамп лойиҳасининг худди шундай муҳим қисмидир. Бунда Олий суд роль ўйнайди. Бош судья Жон Робертс раҳбарлигидаги суднинг консерватив кўпчилиги ижро этувчи ҳокимиятни турли йўллар билан кенгайтиришга мойиллигини намойиш қилди. 2024 йил 1 июлда — Трамп қайта сайланишидан бир неча ой олдин қабул қилинган қарорда суд Америка президентларига президентлик даврида амалга оширган расмий хатти-ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликдан деярли тўлиқ иммунитет тақдим қилди. Бундан ташқари, яқинда Олий суд қуйи федерал судларнинг президент фармонларининг кучга киришига тўсқинлик қилувчи умуммиллий суд қарорларини чиқариш имкониятини чеклади ва президентнинг мустақил федерал агентликлар раҳбарларини Конгресс розилигисиз ишдан бўшатиш ваколатини тасдиқлади.

Шунингдек, Трамп маъмурияти одатда қонун чиқарувчи орган ваколатига кирувчи мажбуриятларга ҳам дахл қилмоқда. Аллақачон тасдиқланган маблағларни ушлаб туришдан ташқари, Оқ уй қонун чиқарувчиларни миллий хавфсизлик масалалари (шу жумладан, қўшинларни жойлаштириш), тарифлар ва манфаатлар тўқнашувини назорат қилиш бўйича қарорлар қабул қилишдан четлаштириш орқали Конгресс ваколатларини бузди. Бу тўсиқлар ўтмишдаги президентларнинг ижро ҳокимияти учун жиддий чеклов бўлган. Энди улар олиб ташланмоқда, натижада, масалан, Трамплар оиласи аввалги маъмуриятларда тергов қилинган ёки жиноий жавобгарликка тортилган крипто битимларидан 1 млрд долларгача даромад олмоқда.
Эҳтимол, энг асосий ҳаракатлар президентнинг де-факто кучини, яъни унинг маъмуриятдаги идоралар ва одамларни назорат қилиш ва сафарбар этиш қобилиятини оширишга қаратилган. АҚШ асосчилари ҳокимиятнинг учта алоҳида, лекин тенг ҳуқуқли бўғинини назарда тутганига қарамай, Янги битим (New Deal) даврида муҳим иштирокчи сифатида тўртинчи бўғин пайдо бўлди: мустақил ва ярим мустақил агентликлар (баъзан «маъмурий давлат» ёки MAGA тарафдорлари таъбири билан айтганда deep state).

Федерал захира тизими, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги, Федерал қидирув бюроси, Бошқарув ва бюджет бошқармаси ҳамда Федерал савдо комиссияси каби ўнлаб давлат органлари ҳукуматнинг кундалик фаолиятида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бу агентликларнинг аксарияти президентнинг бевосита назорати остида эмас ва уларнинг аъзолари кўпинча ўз вазифаларига содиқ қолади. Буни амалдаги маъмурият ва Федерал захира ўртасидаги зиддиятлар яққол кўрсатиб турибди. Трамп бу органларга ўзига содиқ одамларни раҳбар этиб тайинлаш орқали амалда ўз ҳокимиятини кенгайтирмоқда: бу одамлар унинг беқарор истакларига кўпроқ бўйсунади ва у қонунга зид ҳаракат қилган тақдирда ҳам, қарши чиқиш эҳтимоли кам.

Шу нуқтаи назардан, Трампнинг тегишли малака ёки зарур тажрибага эга бўлмаган шахсларни давлат идоралари раҳбарлари этиб тайинлашга мойиллиги мантиқан тўғридек. Улар қанчалик малакасиз бўлса, Трампга шунчалик содиқ ва меъёрларни бузишда ҳамкорлик қилишга мойил бўлиши мумкин.

Ҳатто Трампнинг ташқи сиёсатига ҳам шу нуқтаи назардан қараш лозим — бу фақат унинг тарифлар ва суверен давлатлар ўртасидаги манфаатдор муносабатларга ишқибоз эканини тасдиқлаш эмас. Конгресс амалда қилганидек, президентга турли мамлакатларнинг турли товарларига божлар ва чекловларни бир томонлама белгилаш ҳуқуқини бериш унинг мамлакат ичидаги қудратини сезиларли даражада оширади. Чунки глобал масалаларда кўпроқ таъсир ўтказиш мамлакат ичида доим кўпроқ эътибор ва обрў олиб келади. Бундан ҳам муҳимроқ жиҳати шундаки, Трампнинг Apple Inc. ёки Walmart Inc. каби Америка йирик компанияларининг таъминот занжирларини бир ўзи ўзгартира олиш қобилияти бу корхоналарни унга бўйсундиради. Шундай қилиб, фикримча, Трампнинг тарифлари ва ҳатто Венесуэла президенти Николас Мадурони куч билан лавозимидан четлаштириши ташқи сиёсатдан кўра кўпроқ унинг ички мақсадларига боғлиқ.
Ички ҳокимиятни қўлга олиш режаси нимаси билан хавфли? У икки хил интилишнинг кесишиш нуқтасидир. Биринчиси, Трампнинг ўзи ва унинг энг яқин маслаҳатчиларидан келиб чиққан бўлиб, бу президентнинг ҳокимиятини максимал даражада кучайтириш ҳақида — у ўз олдига қўйган турли мақсадларга эришиш учун; бу хоҳ оиласининг бойлик орттириши бўлсин, хоҳ прогрессив ислоҳотларнинг бекор қилиниши бўлсин, хоҳ мухолифатнинг либерал университетлар ва юридик фирмалар каби таянч нуқталарини йўқ қилиш бўлсин.

Иккинчи интилиш Веймар Республикаси ва Учинчи Рейх даврида машҳур бўлган ўнг қанот немис ҳуқуқшуноси, ёзувчи ва назариётчи Карл Шмитт томонидан энг кучли тарзда ифодаланган сиёсий фалсафага асосланади. Шмитт либерал демократия ва парламент бошқарувига ўта беписандлик билан қараган, уларни халқаро рақобат ва ички нотинчлик ҳукмрон мураккаб дунё учун номуносиб институтлар ёки шунчаки қудратли раҳбарлар ҳали ҳам чекланмаган ҳокимиятга эгалигини беркитувчи ташқи қобиқ сифатида баҳолаган.
Шмитт ҳокимиятнинг нисбатан авторитар тушунчасини илгари сурган, унга кўра суверенлар устунлик қилади ва «истисно ҳолатларда» ёки инқироз пайтларида (ёки ҳатто одатдаги вақтда ҳам) доим якуний қарор қабул қилувчига эҳтиёж сезилади. Ўшандан бери кўплаб консерватив фикрловчилар, айниқса, ўнг қанот етакчилари қонунчиликдаги тўсиқлар ёки демократик қарорлар қабул қилиш жараёнининг бошқа тўсиқлари билан юзлашган вақтларида Шмиттнинг ғояларига чуқур кириб борди.
Шмиттнинг ғоялари баъзан радикал деб ҳисобланади. Лекин улар доим амалиётга яқин бўлган. Сўллар ҳам, ўнглар ҳам ҳокимият тепасида туриб, ижроия ҳокимиятини кенгайтиришни хоҳлаган. Иккала томон ҳам кўпинча жамият учун нима фойдали эканини билишига ишончи ва ижрочи шундай бўла олиши мумкинлиги масаласида манманликка мойил бўлган, камида ўша ижрочи уларнинг вакили бўлган пайтларда шундай бўлган.

Айнан шу тенденция сабаб Трампнинг режалари жуда хавфли. Унинг ижроия ҳокимиятини кенгайтириши кейинги уч йил ичида тартибсизлик келтириб чиқариш ҳамда уни ва оиласини бойитишда давом этиш билангина кифояланиб қолмай, Америка сиёсатини ҳам тубдан ўзгартиради — унинг ўрнини эгаллаган демократ ёки республикачи бўлишидан қатъи назар. Трамп назариясидан келиб чиқадиган ҳақиқий хавф мана шунда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.