2026 йил 23 январь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимиятида “Sea Breeze Uzbekistan” туристик мажмуаси қурилишининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш (АТТБ) бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Нажмиддинхўжа Шарипов, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик экспертизаси маркази директори Ғайрат Муҳамедов, “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров, Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов, жамоатчилик ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, шунингдек, “Sea Breeze Uzbekistan” бош директори Сардор Ҳамидов иштирок этди.
Маълум қилинишича, лойиҳа 2035 йилгача босқичма-босқич амалга оширилади. Қурилиш жараёнида атроф-муҳитга зарар етказмаслик, замонавий муҳандислик ечимларини жорий этиш ва миллий экологик меъёрларга қатъий риоя қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг 8 мингга яқин янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Жамоатчилик эшитуви давомида маҳаллий аҳоли, эко-фаоллар, журналист ва блогерлар томонидан берилган савол ва таклифлар муҳокама қилинди. Мутахассислар барча масалалар бўйича тушунтириш берди.
Тадбир якунида билдирилган фикр ва таклифлар лойиҳани амалга ошириш жараёнида инобатга олиниши, “Sea Breeze Uzbekistan” мажмуасини барпо этишда экологик барқарорлик ва аҳоли манфаатлари устувор йўналиш сифатида сақланиши таъкидланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.