«География эмас, сиёсий тафаккур ўзгарди». СМТИ раҳбари — Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлиги ҳақида
Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар қандай ўзгарди ва Тошкент ўзининг минтақавий сиёсатида қайси тамойилларга амал қилмоқда? Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов Брюсселда ўтган экспертлар учрашувида шу ҳақда сўз юритди. Форум Мартти Ахтисаари Тинчлик жамғармаси томонидан ЕИ Кенгашидаги Польша раислиги ва Испания ТИВ билан ҳамкорликда ташкил этилди.
«Барқарорлик ва тараққиёт йўлидаги онгли танлов»
Бундан атиги 10 йил аввал Марказий Осиё жиддий чақириқларга дуч келган эди. Ўша пайтда ҳал этилмаган чегара масалалари, ресурсдан фойдаланиш бўйича баҳслар ва жамиятлар ўртасидаги алоқаларнинг минимал даражада экани минтақага салбий таъсир кўрсатган, дейди Элдор Арипов. Экспертнинг фикрича, бугунги кунда минтақадаги вазият «тубдан ўзгарди».
«Барча асосий баҳсли масалалар ҳал этилди, чегаралар очиқ ва функционал ҳолатга келди, ўзаро ишонч даражаси эса сезиларли даражада ошди. Минтақавий савдо 5 баробарга ўсди, ўзаро инвестициялар ҳажми икки баравар кўпайди. Ҳатто [коронавирус] пандемияси даврида ҳам Марказий Осиё давлатлари ҳаётий муҳим товарлар етказиб берилиши учун чегараларни очиқ қолдирди», — деди СМТИ директори.
У ижобий динамикани таъминлаган бир нечта асосий омилларни санаб ўтди. Улар жумласига қуйидагилар киради:
- олий даражадаги сиёсий ирода — минтақа етакчиларининг барқарорлик ва тараққиёт фойдасига қилган онгли танлови;
- мураккаб масалаларни ҳал этишда прагматик ёндашув — чегараларни делимитация қилишдан тортиб, сув ресурсларини бошқаришгача;
- умумий тарих ва ўзаро боғлиқликни англаш — минтақа мамлакатларининг ягона маконда эканлигини тушуниб етиши;
- маҳаллий жамиятларнинг фаол роли — халқлар ўртасидаги мулоқот, трансчегаравий савдо ва туризм орқали тинчликнинг мустаҳкамланиши.
«География эмас, сиёсий тафаккур ўзгарди. Тинчлик мавҳум мақсад эмас, балки тараққиёт учун амалий зарурият сифатида қабул қилинди», — дея таъкидлади Элдор Арипов.
«Афғонистоннинг яккаланиб қолиши барқарорликка ҳисса қўшмайди»
Минтақавий ҳамкорлик жараёнида Ўзбекистон «инклюзив дипломатия» моделини танлади, дея қайд этди Элдор Арипов. Ушбу модель барча манфаатдор томонларни ҳеч қандай олдиндан шартларсиз минтақавий жараёнларга жалб этиш тамойилига асосланади.
Афғонистон масаласида Тошкент ушбу мамлакатни яккалаб қўйиш барқарорликка эришиш воситаси бўлолмайди, деган ишончга таянади.
«Яккаланиш модернизацияга ҳам, барқарорликка ҳам хизмат қилмайди. Аксинча, у экстремизм ва терроризм учун замин яратади», — дея таъкидлади СМТИ директори.
Ўзбекистон Афғонистонда ва умуман минтақада мустаҳкам тинчлик ўрнатилишининг асосий омили сифатида иқтисодий интеграцияни кўради. Элдор Арипов Термиздаги Халқаро савдо марказини мисол қилиб келтирди — у ерда афғон ва покистонлик тадбиркорлар визасиз тартибда бизнес юритишлари мумкин. Бугунги кунда у ерда 200 дан ортиқ Афғонистон корхоналари фаолият юритмоқда. Шунингдек, Афғонистон ҳудудида саноат кластерини ташкил этиш режалаштирилган.
Марказий Осиёнинг глобал барқарорликни таъминлашдаги роли ҳақида гапирганда, СМТИ директори минтақанинг ҳиссаси тайёр ечимларни экспорт қилишда эмас, балки прагматик ёндашувнинг самарадорлигини кўрсатиб беришда эканини таъкидлади.
«Минтақавий масъулият, иқтисодий интеграция ва прагматик ҳамкорлик дипломатик ҳамда хавфсизлик чораларини тўлдиришга ва уларнинг натижадорлигини оширишга қодир», — деди у.