Апельсин (Citrus sinensis) ҳозирги кунда дунёда энг кўп етиштириладиган ситрус мевалардан бири ҳисобланади. Илмий тадқиқотлар ва генетик таҳлиллар натижаларига кўра, апельсин мандарин (Citrus reticulata) ва помело (Citrus maxima) ўртасидаги табиий гибридлашув натижасида шаклланган.
Манбаларга кўра, апельсиннинг ватани Жануби-Шарқий Осиё, хусусан Хитойнинг жанубий ҳудудлари ва Шимолий Вьетнам ҳисобланади. Мазкур мева милоддан аввалги даврлардаёқ Хитойда маданий экин сифатида етиштирилган. Кейинчалик араб савдогарлари орқали Яқин Шарқ ва Ўрта ер денгизи минтақасига, XV–XVI асрларда эса Европага кириб келган.
Апельсин доимий яшил дарахт турига мансуб бўлиб, ўртача баландлиги 4–8 метрни, қулай иқлим шароитида эса 10 метргача етиши мумкин. Барглари ялтироқ ва тўқ яшил рангда, гуллари оқ ва хушбўй бўлиб, асосан баҳор фаслида очилади. Ўсимлик иссиқлик ва ёруғликни яхши кўради, совуқ ҳароратларга эса нисбатан сезгир ҳисобланади.
Апельсин меваси думалоқ ёки бироз чўзиқ шаклда бўлиб, ўртача оғирлиги 150–250 граммни ташкил этади. Пўстлоғи ўртача қалинликда, силлиқ ва тўқ сариқ рангда. Меванинг эти ширин-нордон таъмга эга бўлиб, сершира ҳисобланади.
Агротехник парвариш талабларига риоя этилганда, бир туп апельсин дарахти йилига ўртача 80–150 кг ҳосил беради. Интенсив платнтациаларда эса бу кўрсаткич 200 кггача етиши мумкин. Мева бериш даври кўчат экилгандан сўнг 3–4 йилда бошланади, тўлиқ ҳосилдорлик эса 7–10 йилларда кузатилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.