Ўзбекистонда ҳарбий авиация самолётлари қаерда парвозга тайёр ҳолатга келтирилади
Кам сонли одамлар Ўзбекистонда ҳарбий авиация техникасини таъмирлаш билан шуғулланувчи ўз корхонаси мавжудлигини билади. Аммо бу ҳақиқат. Чирчиқ шаҳрида «Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи» давлат корхонаси жойлашган бўлиб, у Ўзбекистонда Ми туркумига мансуб вертолётлар, Су 25 самолётлари ҳамда бошқа авиация техникасини капитал таъмирлашга ихтисослашган етакчи корхона ҳисобланади. ОАВ вакиллари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган пресс-тур доирасида завод фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Завод тарихи 1944 йил 10 майдан бошланади. Айнан шу куни Тошкент авиация ўқчи-бомбардимончилар мактаби учун стационар авиация таъмирлаш устахонаси ташкил этилган эди.
Жамоа олдига қисқа муддат ичида турли модификациядаги самолётларни таъмирлашни ўзлаштириш вазифаси қўйилган бўлиб, бу вазифа муваффақиятли бажарилди.
1948 йилдан бошлаб биринчи авлод реактив самолётлари — МиГ 15 ва УТИ МиГ 15ларни таъмирлашга ўтилди. Буни завод кириш қисмида ўрнатилган, хизмат муддатини ўтаб бўлган МиГ 15 самолёти ёдга солади. Таъмирлаш сифати ҳақида шу фактнинг ўзи гувоҳлик берадики, 1948 йилдан 1981 йилгача бўлган 33 йил давомида корхонада жами 2400 та самолёт таъмирланган.
1976 йилдан завод иккинчи авлод МиГ 21 туркумига мансуб самолётларни таъмирлашни ўзлаштиришга киришди. Бу даврда 11 та давлат учун 150 та самолёт таъмирланди. 1983 йилда эса завод учинчи авлод Су 17 самолётларини таъмирлашни йўлга қўйди.
Кейинги йилларда мураккаб шароитларга қарамасдан, завод жамоаси Ми 8 ва Ми 24 вертолётлари каби янги техникаларни таъмирлашни муваффақиятли ўзлаштириб, юксак профессионаллик намунасини намоён этмоқда. Бу эса завод раҳбарияти, муҳандис-техник ходимлар, ишчи ва хизматчиларнинг саъй-ҳаракатлари самарасидир.
2009 йил июль ойидан корхона «Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи» давлат корхонаси (ДК «ЧАТЗ») сифатида қайта ташкил этилди.
Ҳозирги кунда давлат корхонасида кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилиб, янги юқори технологияли бўлимлар фаолияти йўлга қўйилган.
Завод директори Аскар Мамбеткулов таъмирланган авиация техникасини қўшинларга топшириш жараёни ҳақида шундай деди:
«Ушбу Ми 171 транспорт вертолёти Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли. Ҳозир таъмир ишлари якунланган. Айни пайтда қабул қилиш ва вертолётни якуний фойдаланувчига топшириш жараёни олиб борилмоқда. Қабул қилиш жараёни тўрт босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда авиация техникаси заводнинг техник назорат бўлими (ТНБ) томонидан текширилади. Иккинчи босқичда ҳарбий қабул комиссияси қабул қилади, шундан сўнг самолёт ёки вертолёт учиш-синов бўлинмаларига топширилади. Агар учиш аппаратлари барча парвоз синовларидан муваффақиятли ўтса, фақат шундан кейингина улар қўшинларга — якуний фойдаланувчига топширилади».
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, авиация техникасини таъмирлаш ишларини Ми туркумига мансуб вертолётларни таъмирлаш бўйича 30 йиллик тажрибага эга маҳаллий малакали мутахассислар амалга оширмоқда.
Заводда планерлар, радиоэлектрон ва авиация ускуналари, шунингдек қурол-яроғлар таъмирланади. Двигателлар ва асосий редуктор эса хорижда таъмирланади.
Завод базасида минтақа ва МДҲ ҳудудида ягона бўлган «Airbus» маркали вертолётларга хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилган. Марказ Франциянинг «Airbus» компанияси томонидан расман сертификатланган бўлиб, бу ишлаб чиқариш фаолиятининг юқори даражада ташкил этилганини ҳамда халқаро стандарт ва ишлаб чиқарувчи талабларига тўлиқ жавоб беришини тасдиқлайди. Бу ерда, шунингдек, H 125, H 215 ва H 130 вертолётларини ўз ичига олган замонавий ғарб авиация техникасига тўлиқ техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш цикли йўлга қўйилган.
Бунинг барчаси Ўзбекистонни «Airbus» вертолётларига хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш бўйича минтақавий муҳим марказга айлантириш имконини беради.
Шунингдек, заводнинг янгиланган цехларида Су 25 штурмовик самолётларини капитал таъмирлаш ва чуқур модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Илғор технологияларни жорий этиш натижасида авиация техникаси замонавий навигация тизимлари, тунги кўриш ускуналари ҳамда бортдаги ўзини-ўзи ҳимоя қилиш комплекслари билан жиҳозланмоқда.
Шу тариқа, модернизация ва техник хизмат кўрсатишнинг тўлиқ циклини таъминлаган ҳолда, завод республика Ҳарбий-ҳаво кучлари авиациясини парвозга шай ҳолатда ушлаб туриб, мамлакат мудофаа салоҳиятини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
М. ДЖАНГИРОВ, фото-муаллифи