Рақобат қўмитаси томонидан “JO‘RABEK” хусусий корхонаси ижтимоий тармоқларда жойлаштирган “Orthomol” биологик фаол қўшимчаси рекламаси юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Таҳлиллар давомида реклама материалларини тарқатиш жараёнида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилмагани аниқланди.
Маълум бўлишича, маҳсулот ҳақида берилган маълумотлар тўлиқ ва қонуний тартибда тақдим этилмаган. Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонуни 35-моддасига мувофиқ, биологик фаол қўшимчалар рекламасига нисбатан қатор мажбурий талаблар белгиланган. Хусусан, бундай реклама дори воситаси ҳақидаги таассуротни уйғотмаслиги, инсонлар даволангани ёки аҳволи яхшилангани ҳақидаги ҳолатларга ҳавола қилмаслиги, миннатдорчилик изҳорлари ва болалар тасвирларини ўз ичига олмаслиги, шунингдек соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги лозим.
Шу билан бирга, рекламада маҳсулот дори воситаси эмаслиги ҳақида огоҳлантириш берилиши шарт бўлиб, бундай қўшимчалар бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш ҳам тақиқланган.
Аниқланган ҳолатлар асосида Қўмита махсус комиссияси томонидан “JO‘RABEK” хусусий корхонасига нисбатан иш қўзғатилиб, қонун талаблари бузилгани учун молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, корхонага қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.