Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди


10 февраль куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (AIIB) президенти Зоу Жияйи билан илк расмий учрашув ўтказди. Суҳбат аввалида вазир банк раҳбарини лавозимга тайинлангани билан табриклаб, унинг Марказий Осиёга амалга оширган биринчи ташрифи рамзий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон бугунги кунда AIIBнинг минтақа бўйича энг йирик ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Банкнинг Марказий Осиёдаги операцияларининг 51 фоизи мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Жаҳон миқёсида эса республика операциялар ҳажми бўйича олтинчи ўринни эгаллаб турибди.

Ҳозирги вақтда қўшма лойиҳалар портфели 7 миллиард АҚШ долларидан ошган. 2024 йилда Самарқанд шаҳрида AIIB Бошқарувчилар кенгашининг 6-йиллик йиғилиши ўтказилгани ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг фаол ривожланаётганидан далолат беради.

Учрашув давомида 2030 йилгача бўлган ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, хусусий сектор учун суверен бўлмаган молиялаштиришни кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ҳамда “Қамбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида вазир AIIB президентини 2026 йил 16–19 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.