Никоҳ шартномасини нотариус орқали очиқ ва қулай тартибда расмийлаштиришнинг янги қоидалари жорий этилди

Никоҳ шартномасини нотариус орқали очиқ ва қулай тартибда расмийлаштиришнинг янги қоидалари жорий этилди

2026 йилдан никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби аниқ белгилаб қўйилди. Бу янгилик, аввало, оилада мол-мулкка оид масалаларни баҳсга айлантирмасдан, ҳуқуқий асосда олдиндан келишиб олишга хизмат қилади. Чунки никоҳ шартномаси — ишончни сусайтирувчи ҳужжат эмас, аксинча, ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган қонуний кафолатдир.

Эндиликда нотариус никоҳ шартномасини уч усулда расмийлаштиради: нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчилар хоҳишига кўра сайёр тартибда. Бу эса, айниқса, чекка ҳудудларда яшайдиганлар, иш билан банд фуқаролар ва вақтни тежашни истаган жуфтликлар учун катта қулайлик яратади.

Шартномани тузиш учун фуқаро нотариалга шахсан келиши мумкин. Шу билан бирга, давлат хизматлари портали my.gov.uz ёки “E-notarius.uz” ахборот портали орқали рўйхатдан ўтиб, электрон тарзда ҳам мурожаат қилиш имконияти бор. Электрон мурожаат навбатни камайтиради, ҳужжат айланмасини тезлаштиради ва хизмат кўрсатишда ошкораликни кучайтиради.

Нотариус шартномани расмийлаштиришдан олдин бир қатор муҳим ҳолатларни текширади. Аввало, мурожаат қилувчиларнинг шахсига аниқлик киритилади, ҳужжатлар ҳаққонийлиги кўриб чиқилади. Кейин эса ҳуқуқий жиҳатдан асосий талаблар ўрганилади: тарафларнинг никоҳ ёшига етган-етмагани, улар ўртасида никоҳ тузилган ёки тузилмагани, тарафлардан бирининг бошқа шахс билан никоҳи қайд этилмагани, илгари никоҳ шартномаси тузилмагани. Бундай текширувлар келгусида турли низолар, иккиланма ҳужжатлар ёки мажбурлаш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Тўловлар амалга оширилиб, шартнома лойиҳаси тўлиқ тайёр бўлганидан сўнг, тарафлар уни имзолаш учун бир вақтда нотариус ҳузурига таклиф этилади. Барча нусхаларда фамилия, исм ва отасининг исми тўлиқ ёзилиб, нотариус иштирокида шахсан имзоланади. Бу талаб ҳужжатнинг кучини мустаҳкамлайди ва кейинчалик “мен имзоламаган эдим” каби баҳоналарнинг олдини олади.

Янгиланган тартибнинг яна бир ижобий жиҳати — хизмат кўрсатиш шаклларининг кўпайгани. Видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш айрим ҳолатларда вақтни тежайди, сайёр тартиб эса фуқароларга янада яқин хизмат кўрсатиш имконини беради. Буларнинг бари ҳуқуқий маданиятни оширишга, оилада келишув ва масъулиятни кучайтиришга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, никоҳ шартномасига жиддий ёндашиш керак: шартларни яхшилаб тушуниб олиш, зарур бўлса, мутахассисдан маслаҳат олиш ва фақат шундан сўнг имзо қўйиш мақсадга мувофиқ.

Мирзо Улуғбек тумани

Адлия бўлими бошлиғи

А.Умаров

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.