Навоий вилоятида декоратив тошлар ишлаб чиқариш ва яйловлар ривожлантирилади

Навоий вилоятида декоратив тошлар ишлаб чиқариш ва яйловлар ривожлантирилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида Навоий вилоятини ривожлантириш режалари маъқулланди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Нурота туманида 50 гектар майдонда саноат гранит парки, гранитни қайта ишлаш кластери ва безак тошлари бозорини ташкил этиш режалаштирилган. Хатирчи туманида 50 гектарлик кичик саноат зонаси ташкил этилиб, у ерда 100 миллион долларлик лойиҳалар жойлаштирилади.

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов «Ўзбекистон 24» каналига берган интервьюсида президент Хатирчи ва Нурота туманларини «Янги Ўзбекистон» қиёфасидаги туманларга айлантириш, шунингдек, вилоятдаги 8 та туманнинг ҳар биридаги 16 та маҳаллани ушбу намунага ўтказиш вазифасини қўйганини таъкидлади. «Оғир» ҳудудлар — Конимех ва Навбаҳор туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилган.

Навоий вилоятида декоратив тошлар ишлаб чиқариш ва яйловлар ривожлантирилади
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов.

«2026 йилда 4,9 млрд доллар хорижий инвестициялар жалб этилишини таъминлаш, Навоий вилояти иқтисодиёти ўсишини 10,5 фоизга етказиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилди», — деди Нормат Турсунов.

Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов давлат раҳбари томонидан Навоий вилоятидаги ресурслардан имкон қадар самарали фойдаланиш вазифаси қўйилганини таъкидлади.

«Навбаҳор туманини анорчиликка ихтисослаштиришни кучайтириш, Нурота тумани, Ғозғон ва Хатирчи туманларида туризм билан бирга саноатни ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди. Мармар саноатига алоҳида эътибор қаратилди — тош қазиб олиш эмас, балки юқори қўшилган қийматга эга қурилиш ва пардозлаш материалларини ўз жойида ишлаб чиқаришни ташкил этиш. Бу борада Хитой тажрибаси асосида инвесторлар билан ишлаш бўйича топшириқлар берилди», — деди Илҳом Норқулов «Ўзбекистон 24» каналига берган интервьюсида.

Йиғилишда Навоий вилоятида қишлоқ хўжалигида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани, «қўйчилик, туячилик ва йилқичиликни иқтисодиёт драйверига айлантириш учун 9 миллион гектар яйлов етарли экани» қайд этилди.

Президент Навоий вилоятига Мўғулистондан ўтган йили 30 минг бошга қўшимча яна 70 минг бош майда шохли қорамол олиб келиш бўйича топшириқ берди, деди Навоий вилояти ҳокими.

Вилоятда бор-йўғи 3,3 миллион гектар яйлов қишлоқ хўжалиги айланмасига киритилади. Чўлланишга қарши курашиш чораларини Хитойнинг бу борадаги тажрибаси асосида амалга ошириш бўйича топшириқ берилди.

2026−2028 йилларда Навоий, Зарафшон, Учқудуқ ва Зафаробод шаҳарларида 312 км ичимлик ва 124 км оқова сув қувурларини босқичма-босқич янгисига алмаштириш режалаштирилган. Шунингдек, вилоятдаги барча мактаб, боғча ва тиббиёт муассасаларида замонавий санитария шароитларини яратиш вазифаси қўйилди.

Шароити оғир туманлар тоифасига кирувчи Навбаҳор туманида Сармишсой атрофида дам олиш маскани ташкил этиш, бу орқали сайёҳлар оқимини 3 баробар кўпайтириш, 200 дан ортиқ иш ўрни яратиш таклифи билдирилди.

Қадимда Буюк ипак йўли бўйида жойлашган Кармана шаҳрида ҳам туризмни ривожлантириш, у ерга Самарқанддан Бухорога келадиган сайёҳларни жалб қилиш режалаштирилган. Шу боис у ерда Қосим шайх хонақоҳи ва Мирсаид Баҳром мақбараси, Эски шаҳар бозори ва «Янги авлод» боғи негизида «Қадимий Кармана» маданият ва туризм марказини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Президентимиз Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари тажрибасидан келиб чиқиб, Навоий вилоятининг катта қисмини эгаллаган чўл ва яйловларда туризмни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Навоийнинг ўзида президент Алишер Навоий боғи, Ёшлик кўли ва уларга туташ ҳудудларда аҳолининг дам олиши учун қулай ва замонавий инфратузилма яратиш бўйича топшириқ берди.

Жорий йилда Навоий вилоятига 600 минг хорижий ва 3 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, 72 та янги жойлаштириш воситаси ва 500 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Бунинг учун туман ва шаҳар марказларидаги 65 та маҳаллани боғловчи кўчалар, соҳилбўйи ва йўл бўйларида савдо, кўнгилочар ва дам олиш масканлари барпо этилади. Туризм салоҳияти юқори 18 та маҳаллада меҳмон уйлари ташкил этилади. Халқаро йўллар бўйидаги 15 та маҳаллада ҳам савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти йўлга қўйилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.