Ўзбекистонда судларнинг ташкилий функциялари суд маъмурчилиги институти тасарруфига ўтади

Ўзбекистонда судларнинг ташкилий функциялари суд маъмурчилиги институти тасарруфига ўтади

Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова 12 февраль куни президент раислигида ўтган йиғилишдан сўнг судлар фаолиятига комплаенс-назорат тизимини жорий этиш ҳақида сўзлаб берди.

«Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида у судьялар ўртасида коррупцияга қарши курашишда ушбу соҳа ходимларига етарлича эътибор берилмаганини таъкидлади.

«Бугунги кунда судьялар фаолиятидаги ножўя хатти-ҳаракатлар устидан кузатувни амалга оширадиган махсус инспекция бор. Лекин ходимлар билан шуғулланадиган институт, механизм йўқ, десак ҳам бўлади. 5000 ходимнинг поклик-ҳалоллигини ўрганиш учун Олий суд кадрлар бошқармасида саноқли мутахассис бор. Ваҳоланки, асосий ходимлар вилоятларда жойлашган… Шунинг учун давлат раҳбари ходимлар орасида комплаенс назоратни кучайтириш масаласида алоҳида йўналишларни белгилаб берди», — деди Нодира Ҳакимова.

Президент аввал комплаенс хизмати ходимларини ўқитиш, сўнгра ушбу хизматни бутун мамлакат бўйлаб жорий этиш юзасидан топшириқ берган.

Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида нима учун суд маъмуриятчилиги институтини жорий этиш зарурлигини тушунтирди.

«Ушбу янгилик туфайли судьялар ўзларига хос бўлмаган ишлардан озод этилади, бу эса уларга бор эътиборини фақат одил судловни таъминлашга қаратиш имконини беради. Келажакда қарорлар ижросини ташкил этиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва суд ҳисоботларини юритиш каби ташкилий масалалар ушбу янги тузилма ихтиёрига ўтиши кутилмоқда. Ушбу тартиб бир неча йиллардан бери АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Сингапур ва Жанубий Кореяда ўзининг ижобий самарасини беради», — деди Холмўмин Ёдгоров.

Судьялар олий кенгаши раиси, шунингдек, ушбу ва бошқа чора-тадбирлар суд тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилганини қўшимча қилди.

«Биз ишларнинг ўз вақтида кўрилиши, қонуний кўрилиши, одамларни сарсон қилмаслик бўйича жуда катта ишларни амалга оширамиз», — деди Холмўмин Ёдгоров.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.