«Бутун дунё нурга, гўзалликка тўлган шу дилбар фаслда жонажон диёримизга шарқона янги йил — Наврўзи олам кириб келмоқда. Бугун бамисоли икки азим дарё туташмоқда — Наврўз байрамини муборак Рамазон ҳайити билан бирга нишонламоқдамиз. Табиатнинг уйғониши ва руҳий покланиш рамзи бўлган мана шундай қутлуғ айёмлар билан сизларни, кўп миллатли бутун халқимизни чин қалбимдан самимий табриклайман. Дунёнинг олис ва яқин мамлакатларида ишлаётган, таҳсил олаётган ватандошларимизни ҳам муборакбод этиб, уларга эзгу салом ва тилакларимизни изҳор этаман. Байрам барчамизга муборак бўлсин! Наврўзи олам диёримизга тинчлик ва бахт олиб келсин!», — деди давлат раҳбари сўз бошида.
«Бугун баҳорни соғинган юракларимиз янги кун, янги ҳаёт шукуҳи билан яшамоқда. Осмондан обираҳмат ёғилиб, дарё ва кўлларимиз сувга тўлмоқда. Боғларимиз, қир ва адирларимиз ўт-ўланлар билан қопланиб, йилимиз баракали бўлишидан дарак бермоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз, водий ва воҳаларимизда сайл-томошалар бошланмоқда. Янгиланиш фасли бўлган Наврўз кунларида халқимизнинг умуммиллий бирдамлиги, бунёдкорлик салоҳияти янада яққол намоён бўлмоқда», — деди президент.

Барча ҳудудларга, қишлоқ ва овуллар, маҳаллаларга Янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш бўйича катта ҳаракат бошлангани таъкидланди.
Янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида ҳам улкан қадамлар қўйилаётгани айтилди. Янги корхоналар, коммуникация тармоқлари, шинам уй-жойлар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари барпо этилмоқда. Келгусида бундай қурилишлар кўлами янада кенгайтирилиши таъкидланди.
«Ушбу файзли тонгда миришкор деҳқон ва фермерларимизга барчамиз юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирамиз. Сиз, азизларнинг элимиз дастурхонини янада тўкин ва фаровон қилишдек эзгу ишларингизда зафар ва омадлар тилаймиз. Чунки сизларнинг олижаноб меҳнатингиз билан халқимизнинг ризқ-у насибаси бутун бўлади. Бу борада давлатимиз, жамиятимиз сизларни доимо қўллаб-қувватлайди», — деди президент.

«Азиз фарзандларим, бугун Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлишдек улкан бахт ва юксак шараф сизларга насиб этмоқда. Қанча-қанча аждодларимиз интилиб яшаган шу буюк орзуни рўёбга чиқаришга сизлар, шубҳасиз, қодирсиз. Бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг, яратилган катта имкониятлар, ота-оналар, устоз-мураббийларингиз меҳнатининг қадрига етиб, тинимсиз ўқиб-ўргансангиз, билим ва маҳоратингизни доимо ошириб борсангиз, келажак, албатта, сизникидир. Бу йўлда сизларга, бутун Ўзбекистон ёшларига яна қандай шароит зарур бўлса, барчасини яратиб беришга тайёрмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Ватан учун, миллат учун, халқ учун деб яшасангиз, Ватан ва халқ ҳам сизни эъзозлаб, бошига кўтаради! Янги Ўзбекистоннинг олтин авлоди бўлиб, унинг зафар байроғини баланд кўтаришдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!» — деди давлат раҳбари.
Минг йиллар давомида халқлар ўртасида маънавий кўприк бўлиб келаётган Наврўзнинг тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик ғоялари бугунги нотинч замонда янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистонда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бу байрамни бир бўлиб, шод-у хуррамлик билан нишонламоқда. Мана шундай аҳиллик ва тотувлик янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этишнинг энг ишончли кафолати экани қайд этилди.
«Биз жамиятимизда миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликни бундан буён ҳам мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Бу борада қўшни ва қардош мамлакатлар билан бирга ягона Марказий Осиё овози бўлиб, минтақамизнинг тинчлик, биродарлик ва ҳамкорлик макони сифатидаги нуфузини оширишга устувор аҳамият қаратамиз», — деди президент.
Давлат раҳбари тадбирда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг элчиларини, халқаро ташкилотлар вакилларини Халқаро Наврўз куни билан самимий қутлаб, уларнинг ўлкалари ва халқларига табрикларини йўллади.

«Азизлар, қаранг, қандай гўзал юртимиз, қандай саховатли заминимиз, бетакрор табиатимиз бор! Бу бебаҳо бойликларни минг йиллар асраб-авайлаб келаётган меҳнаткаш, оқ кўнгил ва олижаноб халқимиз бор. Худо бизга ато этган ер-сувимизни, барча имкониятларимизни қадрлаб, улардан оқилона фойдалансак, бир бойлигимизга, албатта, ўн бойлик қўшилади», — деди давлат раҳбари.
«Шу боис, азалий анъаналаримизни давом эттириб, кўчат экиб, боғ яратайлик, уйимиз, маҳалламизни обод қилиб, ҳаётимизни янада гўзал ва фаровон этайлик! Яхши қўшничилик, аҳиллик билан, эзгу ва савоб ишларимиз билан бағрикенг эл, ўз машаққатли меҳнатимиз билан бахт ва обрў топаётган халқ эканимизни дунёга намоён этайлик! Ўғил-қизларимиз замонавий билим, тил ва касбларни эгаллаб, баркамол авлод бўлиб сафимизга кирсин! Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги тарих, янги келажак яратайлик!», — деди президент.
Давлат раҳбари сўзининг якунида яна бир бор Наврўзи олам билан табриклади ва энг эзгу тилакларини билдирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.