«Сўнгги икки йил ичида санкциялар, албатта, муайян босим ўтказди, аммо ҳеч бир жойда лойиҳаларни чорасиз ҳолатга олиб келмади. Ҳамма жойда лойиҳалар олдинга қараб силжимоқда», — деди у Ўзбекистондаги бўлажак АЭСнинг асосий элементлари маҳаллийлаштирилганми ва янги чекловлар унинг қурилишига таъсир қилиши мумкинми, деган саволга жавоб бераркан.
Унинг сўзларига кўра, маҳаллий компанияларнинг жалб этилиши барқарорликнинг асосий омилларидан биридир.
«Лойиҳанинг барқарорлиги ҳамда унинг ташқи таъсирларга, жумладан, санкциялар босимига чидамлилиги нуқтаи назаридан, бу ишга қанчалик кўп маҳаллий компаниялар жалб этилса, барқарорлик шунчалик юқори бўлади. Бу биз ишлаётган барча жойларда ва амалиётда синалган», — дея таъкидлади Лихачёв.
У ташқи чекловларга қарамай, лойиҳалар турли мамлакатларда амалга оширилишда давом этаётганини қўшимча қилди.
«Ҳамма жойда лойиҳалар олдинга силжимоқда. Жорий йилда Бангладеш, Туркия ва Хитой Халқ Республикасидаги блокларда ишга тушириш операциялари сари борамиз. Умуман олганда, лойиҳалар бошқа мамлакатларда ҳам тизимли равишда ривожланмоқда», — деди «Росатом» раҳбари.
2025 йил декабрь ойида «Атомстройэкспорт»нинг Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича лойиҳа директори ва вице-президенти Павел Безруков «Росатом»га қарши эҳтимолий санкциялар ва уларнинг Россия давлат корпорацияси бош пудратчи бўлган Жиззах вилоятидаги АЭС лойиҳасига таъсири ҳақида изоҳ берганди.
«Биринчидан, „Росатом“ бўлмаса ҳам, мамлакатимиз анча вақтдан бери санкциялар остида. „Росатом“ станция учун барча критик муҳим элементларни аллақачон маҳаллийлаштириб бўлган, шунинг учун бу [санкциялар жорий этилиши] атом станцияси ва унинг қурилишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди», — деб жавоб берганди у.
АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари «Росатом»нинг чет элдаги айрим лойиҳаларига таъсир кўрсатди. Туркиядаги «Аккую» АЭС лойиҳаси давом этмоқда, бироқ кечикишларга дуч келмоқда — биринчи энергия блокини ишга тушириш 2023 йилдан 2026 йилга кўчирилган. Сабаблар қаторида — Ғарб ускуналарини (жумладан, Siemens Energy) етказиб беришдаги муаммолар ва Россия молия секторига қарши санкциялар фонида банк операцияларини амалга оширишдаги қийинчиликлар бор.
Венгриядаги «Пакш 2» лойиҳаси эса Европа Иттифоқи регуляторлари босими остида қолмоқда. 2025 йил сентябрь ойида ЕИ суди Европа комиссиясининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини маъқуллаш ҳақидаги қарорини бекор қилди, бу эса лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча ҳуқуқий тўсиқларни келтириб чиқарди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.