Gazeta Ташқи сиёсий тадқиқотлар марказининг Глобал Жануб бўлими раҳбари Низомиддин Усмонов билан конфликт қанчалик яқин экани, у қандай таҳдидларни келтириб чиқариши ва минтақа давлатлари бунга қандай муносабат билдириши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашди.
Шу билан бирга, мен саросимага тушиш учун асос кўрмаяпман. Ҳозирги вақтда минтақамизнинг барча давлатлари кучайган ва 20 ёки 30 йил олдингига қараганда анча катта барқарорликка эга. Шу боис бугунги кунда Марказий Осиё юзага келган муаммога нисбатан биргаликда муносиб чоралар кўриш имкониятига эга эканини тушуниш муҳим. Ва, энг асосийси, энди бунинг учун ташқаридан йирик ўйинчиларни жалб қилиш шарт эмас. Минтақада сиёсий-дипломатик ҳаракатларни амалга ошириш учун етарлича ўз инструментлари мавжуд.
Бундан ташқари, низонинг кенгайиши Афғонистоннинг сўнгги тўрт йил ичида эришган ижтимоий-иқтисодий ютуқларини йўққа чиқаради. Гуманитар инқирознинг кучайиши ҳамда озиқ-овқат ва биринчи даражали зарур товарлар билан таъминлашда узилишлар юзага келиши хавфи мавжуд.
Булардан ташқари, Афғонистоннинг алоҳида ҳудудлари устидан назоратнинг сусайиши каби реал хавф ҳам бор. Юзага келадиган ҳокимият вакууми ёки Афғонистон ҳукуматининг ҳудудларни бошқариш имкониятлари пасайиши турли қуролли тузилмалар, жумладан, террорчи гуруҳларнинг фаоллашуви учун қулай муҳит яратади.
Ўзбекистон манфаатлари бундай вазиятдан ҳеч қандай наф кўрмаслиги аниқ. Хавфсизлик муаммоларидан ташқари, жанубий йўналишдаги иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларимиз ҳам зарар кўради. Экстремистик гуруҳлар томонидан юзага келиши мумкин бўлган таҳдидлар ёки ноқонуний миграциянинг кучайиши Ўзбекистондан ўз чегараларини ҳимоя қилиш ва ички хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича қўшимча ҳаракатларни талаб қилади. Қўшни мамлакатларда барқарорликнинг бузилиши мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган савдо ва транспорт йўлакларига таъсир кўрсатиши мумкин. Муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш доирасида қўшимча қийинчиликларни ҳал қилишга тўғри келади.
Бироқ очиқ ҳарбий тўқнашувлар ва чегара ҳудудларининг бомбардимон қилиниши умумий ноаниқликни оширади. Шу боис низолашаётган томонлар кескинликнинг янада кучайиши бу каби лойиҳаларнинг амалга оширилишига тўсқинлик қилиши мумкинлигини тушунишлари керак: уларнинг жисмоний дахлсизлигига таҳдид туғилгани сабабли лойиҳалар тўхтатиб қўйилиши ёки ҳатто бошқа йўналишларга кўчирилиши мумкин.
Менинг назаримда, дипломатларимиз ва соҳа идоралари тинчликпарвар воситачилик доирасида Кобул ва Исломободдаги ҳамкорларга айнан мана шу сигналларни етказишлари лозим.
Дипломатик майдонда Марказий Осиё икки қўшни давлат ўртасидаги зиддиятларни ҳал қилишда етакчи роллардан бирини ўйнаши керак. Минтақамиз ушбу низони бартараф этишда воситачилик қилиш учун ноёб мавқега эга бўлиб, дипломатик музокаралар ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш учун платформа таклиф қила олади.
Биринчидан, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун халқаро ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликни давом эттириш зарур.
Иккинчидан, терроризм ёки экстремизм каби эҳтимолий таҳдидлар тўғрисида маълумот алмашиш учун минтақавий механизмларни ишга солиш, шунингдек, чегараларни ҳимоя қилиш ва зўравонлик тарқалишининг олдини олиш бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш зарур. Таҳдидларга биргаликда жавоб қайтариш схемаларини текширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим, бу хавф-хатарларни тезкорлик билан минималлаштиришга ёрдам беради.
Учинчидан, савдо-иқтисодий ва транспорт ҳамкорлигини диверсификация қилиш бўйича узоқ муддатли режаларни амалга оширишни давом эттириш, шунингдек, минтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш лозим. Эскалациянинг хавф-хатарлари ва салбий оқибатларини минималлаштириш учун Марказий Осиё мамлакатлари барқарорлик таянчларини излашга ҳамда транспорт ва савдо занжирларининг бузилиши билан боғлиқ ташқи хавфлар таъсирини камайтиришга интилиши керак.

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.