Ўзбекистон ва Тожикистон: «бартараф этиб бўлмас зиддиятлар»дан стратегик шериклик ва иттифоқчиликкача

Ўзбекистон ва Тожикистон: «бартараф этиб бўлмас зиддиятлар»дан стратегик шериклик ва иттифоқчиликкача

Қўшни давлатлар — Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар мустақилликка эришилгандан сўнг нотекис ривожланди: эҳтиёткорона ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашдан тортиб, узоқ давом этган совуқчилик ва кескин риторикагача, сўнгра муносабатларнинг нормаллашуви ва ҳамкорликнинг кенгайишигача бўлган йўлни босиб ўтди. Gazeta ушбу ўзгаришларнинг асосий босқичлари ва динамикасини кўриб чиқди.

1991−1997 йиллар: Мустақиллик ва Тожикистондаги фуқаролар уруши


Мустақилликка эришгач, ҳар икки давлат давлатчиликни барпо этиш вазифаси ва қийинчиликларига дуч келди. Вазиятни Тожикистондаги фуқаролар уруши (1992−1997) кескин мураккаблаштириб юборди. Ўзбекистон ўз жанубий чегараларида беқарорлик юзага келишининг олдини олишга интилиб, Тожикистон расмий ҳукуматини қўллаб-қувватлаш позициясини эгаллади. Ушбу кўмак сиёсий ҳамкорликда ва қатор манбаларнинг баҳолашича, Душанбе маъмуриятига кўрсатилган муайян ёрдамларда намоён бўлди.

Ушбу босқичда алоқалар мунтазам, бироқ тизимли бўлмаган хусусиятга эга эди — ишчи алоқа каналлари сақланиб қолди, хавфсизлик йўналиши бўйича ҳаракатлар мувофиқлаштирилди, транспорт ва гуманитар алоқалар давом эттирилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқаролар урушининг ўткир босқичида Тожикистон билан чегаранинг баланд тоғли ҳудудларида жангарилар гуруҳларининг сизиб ўтиши, шунингдек, наркотрафик хавфини кўриб, ўз ҳудудининг бир қисмини миналаштирган.

1997 йилда тинчлик битимлари имзоланганидан сўнг босқичма-босқич яқинлашиш даври бошланди. Айнан ўша пайтларга Ислом Каримовнинг яқин қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро тушунишни ифодаловчи машҳур «ўзбек ва тожик халқлари — икки тилда сўзлашувчи бир халқдир» деган ибораси тегишлидир.

2000-йиллар: Келишмовчиликларнинг институционаллашуви


2000-йилларнинг бошига келиб, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар тизимли равишда ёмонлаша бошлади. Зиддиятлар бир вақтнинг ўзида бир нечта соҳани — хавфсизлик, иқтисодиёт ва сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларини қамраб олди ва босқичма-босқич институционал даражада мустаҳкамланиб борди.

Хавфсизлик масалаларига бўлган ёндашув ўзгарди. 1990-йилларнинг охири ва 2000-йилларнинг бошида «Ўзбекистон исломий ҳаракати» томонидан амалга оширилган бир қатор қуролли ҳужумлардан сўнг Тошкент жанубий сарҳадларни изчил равишда «секьюритизация» қилишни бошлади. Шу сабабли ҳарбий ва чегара назорати кучайтирилди, чегараларни муҳандислик жиҳатидан жиҳозлаш ишлари олиб борилди. Хусусан, 2001−2002 йилларда чегараларни миналаштириш амалга оширилди. Ўзбекистон буни ўз ҳудудини ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлади. Бироқ миналар портлаши оқибатида тинч аҳоли вакиллари қайта-қайта қурбон бўлди.

2001 йилда виза режими жорий этилди ва бу икки давлат ўртасидаги узоқлашишни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйди.

Шу билан бир қаторда, минтақавий ҳамкорликнинг аввалги шакллари ҳам тўхтатилди. Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти фаолиятининг тугатилиши кўп томонлама мувофиқлаштириш механизмларини заифлаштирди, ваҳоланки, бу механизмлар илгари икки томонлама зиддиятларни маълум маънода юмшатиб турарди. Натижада ўзаро алоқалар тобора тор доирадаги прагматик контактлар билан чекланиб қолди ёки кенгроқ форматдаги майдонларга кўчди.

Иқтисодий кўрсаткичлар ушбу жараёнларнинг оқибатларини яққол намоён этди: товар айирбошлаш ҳажми паст даражада қолди, ўзаро инвестициялар деярли йўқ эди, чегараолди савдоси эса изчил қисқариб борди.

2010−2016 йиллар: Конфронтация чўққиси


Бу босқич икки томонлама муносабатлардаги энг мураккаб давр бўлди. Кун тартибининг марказий мавзусини Тожикистон томонидан фаол илгари сурилган Роғун ГЭС лойиҳаси эгаллади. Ўзбекистон минтақадаги сув таъминоти учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатлардан хавотирда эканини бир неча бор билдирди. Биринчи президент Ислом Каримов сув бўйича баҳслар жиддий можароларга олиб келиши мумкинлигидан оммавий равишда огоҳлантирган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон: «бартараф этиб бўлмас зиддиятлар»дан стратегик шериклик ва иттифоқчиликкача
Роғун ГЭСи. Фото: fb.com/khadamotimatbuot

Буларнинг барчаси Ўзбекистон электр энергиясини Тожикистонга етказиб беришдаги узилишлар, транспорт алоқаларидаги мунтазам муаммолар, саноат объектлари, жумладан, чегарадаги Тожикистон алюминий ишлаб чиқариши атрофидаги экологик низолар билан бирга кечди.

2016 йилдан бери: тикланиш, нормализация ва янги динамика


2016 йил муносабатлардаги туб бурилиш нуқтаси бўлди. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистоннинг биринчи президенти дафн маросимида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрди ва бу мулоқотни қайта тиклаш йўлидаги рамзий қадамга айланди.

Шу лаҳзадан бошлаб муносабатларни нормаллаштиришнинг жадал жараёни бошланди — олий даражадаги икки томонлама ташрифлар қайта тикланди, минтақавий форматлар (жумладан, ШҲТ ва Марказий Осиё давлатлари маслаҳат учрашувлари) доирасидаги мулоқотлар мунтазам тус олди.

Президент Шавкат Мирзиёев кейинчалик ҳамкорликнинг қайта тикланиши ҳақида шундай сўзлаб берганди: «Илгари чегараларимизда мина бор эди. Кейин биз икковимиз [президент Эмомали Раҳмон билан] ўтириб, уч соат [музокара ўтказдик]. Қўшни давлатлар билан 20 йил ҳал бўлмаган масалаларнинг 99,9 фоизи бирданига ҳал бўлди. Чунки мен биламан — биз қўшнимиз. Орада борди-келди бўлиши керак, мина эмас», — дея таъкидлаган эди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ва Тожикистон: «бартараф этиб бўлмас зиддиятлар»дан стратегик шериклик ва иттифоқчиликкача
Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида визасиз режим жорий этилганидан сўнг қариндошларнинг учрашуви. Фото: Алишер Исроилов / ЎзА

2018 йилнинг март ойида Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи бўлиб ўтди, унинг натижасида томонлар ўзаро виза режимини бекор қилди. 2018 йил август ойида Эмомали Раҳмон жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келди ва ушбу ташриф давомида томонлар Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолади. 2024 йилда эса Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Илгари икки давлат муносабатларида асосий тўсиқ бўлиб келган Роғун ГЭС қурилишини Тожикистон 2016 йил октябрь ойида бошлади. 2022 йилга келиб эса Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ёзги даврда Роғун ГЭСдан электр энергиясини экспорт қилиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Прагматик қўшничилик


2025 йилда товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1 млрд долларга етди: Ўзбекистон экспорти 683 млн долларни, Тожикистондан Ўзбекистонга импорт эса 229,3 млн долларни ташкил этди. Томонлар саноат товарлари, озиқ-овқат бўлмаган хомашё, минерал ёқилғи, асбоб-ускуналар ва бошқа маҳсулотлар билан савдо қилмоқда.

Ўзбекистонда Тожикистон капитали иштирокида 410 та корхона (102 та қўшма ва 308 та хорижий корхона), Тожикистонда эса Ўзбекистон резидентлари иштирокида 116 та компания фаолият юритмоқда. Уларнинг фаолияти асосан савдо, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, транспорт ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишга йўналтирилган.

Давлатлар ўртасида йўловчи ташувчи темирйўл ва авиақатновлар йўлга қўйилган. Хусусан, 2025 йил давомида икки давлат авиаташувчилари 133 мингдан ортиқ йўловчи ташиган.

Энергетика соҳасида Тожикистонга электр энергияси, табиий газ ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш мунтазам равишда амалга оширилмоқда. 2021 йил июнь ойида Тожикистон ҳудудидаги Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш тўғрисида келишув имзоланган.

Ўзбекистон ва Тожикистон: «бартараф этиб бўлмас зиддиятлар»дан стратегик шериклик ва иттифоқчиликкача
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш тўғрисидаги битимни имзолаш маросимида. Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Тожикистон президентининг Ўзбекистонга амалга оширган жорий давлат ташрифи давомида илк бор Олий давлатлараро кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Унда томонлар товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга келиб 2 млрд долларга етказиш, «Ойбек — Фотиҳобод» чегараолди марказини ишга туширишни тезлаштириш, назорат-ўтказиш пунктларини модернизация қилиш ва товарларни сертификатлаштиришнинг рақамли тизимини жорий этиш ниятларини тасдиқлади. Бундан ташқари, саноат кооперацияси, жумладан, тоғ-кон саноати соҳасидаги дастур қабул қилинди. 15 дан ортиқ икки томонлама ҳужжат имзоланди, 10 та қўшма саноат лойиҳасига старт берилди.

Шундай қилиб, ўтган уч ўн йиллик давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар чекланган ҳамкорлик ва инқирозли даврлардан ўтиб, барқарор нормаллашиш ва фаол ўсиш йўлини босиб ўтди.

Ўзбекистон ва Тожикистон: «бартараф этиб бўлмас зиддиятлар»дан стратегик шериклик ва иттифоқчиликкача
Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев Бухорода, 2026 йил март. Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Ушбу жараённинг асосий хусусияти мулоқот риторикаси ва ўзаро ҳамкорлик амалиётининг ўзгарганида намоён бўлди. Узоқ вақт давомида экспертлар ва сиёсий доираларда қарама-қаршилик тили ҳамда, энг аввало, сув-энергетика соҳасида «ҳал қилиб бўлмас зиддиятлар» мавжудлиги ҳақидаги қарашлар устуворлик қилиб келган эди. Кейинги даврда эса бу ёндашув нисбатан тез фурсатда прагматик ҳамкорлик моделига алмашиб улгурди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.