
«Кун сайин уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг янги шакллари пайдо бўлаётгани инсоният учун трансмиллий таҳдидлар кўламини кенгайтирмоқда», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
«Бугун наркотиклар савдоси трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бораётгани хавф-хатарларни янада кучайтирмоқда. Айниқса, жиноий гуруҳларнинг шифрланган алоқа каналлари, контактсиз мулоқот ва мураккаб молиявий воситалардан фойдаланаётгани наркотикларга қарши курашишда биздан замонавий ечим ва ёндашувларни талаб қилмоқда», — деди президент.
Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида янги синтетик наркотиклар, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар кенг тарқалаётгани чуқур ташвиш манбаи бўлиб қолмоқда.
Сўнгги йилларда наркотикларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 2,5 баробар ошди, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари 2 баробар, йўқ қилинган синтетик наркотиклар 7 баробар кўпайди. Биргина ўтган йилнинг ўзида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 15 мингдан зиёд наркожиноят фош этилди, қарийб 3,5 тонна гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 120 килограмм синтетик наркотиклар йўқ қилинди, 14 та яширин нарколаборатория ва 72 та йирик интернет дўкони фаолиятига чек қўйилди.
Унинг таъкидланишича, бундай жиноятларнинг учдан бири ёшлар томонидан содир этилаётгани, асосий хавф гуруҳини 15 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилаётгани бу иллатнинг аҳоли генофондига нақадар катта таҳдид эканлигини кўрсатиб турибди.
«Шунинг учун, Ўзбекистонда бунинг оқибатлари билан курашибгина қолмай, ёшларимизнинг гиёҳвандлик чангалига тушиб қолишининг олдини олиш бўйича катта тарғибот кампаниясини бошлаганмиз… Асосий ниятимиз — ёшларимизни бундай хатарлардан асраш, уларни илм, билим ва эзгу мақсад сари йўналтиришдир», — дейилади президент мурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, яқинда ташкил этилган «Анти-Нарко» волонтёрлик ҳаракати қисқа вақт ичида 17 мингдан ортиқ ёшларни бирлаштирди. Барча ҳудудларда сунъий интеллект ёрдамида наркотиклар тарқалишининг олдини олишга қаратилган AI Hackathon миллий лойиҳаси бошланди. У бу ишлар «ёшларда гиёҳванд моддалар истеъмолига қарши мустаҳкам иммунитет, наркожиноятларга нисбатан муросасиз муҳит яратишга хизмат қилишига» ишонч билдирди.

Биринчидан, трансмиллий наркожиноятларга қарши курашишда тезкор ахборот алмашинуви ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб таъкидлади давлат раҳбари.
Ўзбекистон барча иштирокчи давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотлар базасини бирлаштирадиган, сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган ягона рақамли платформани ишга туширишни таклиф этди.
Бу платформа наркотрафик йўналишларини барвақт аниқлаш, хавфли юклар ҳаракатини эрта босқичда фош этиш, трансмиллий жиноий гуруҳлар фаолиятини реал вақт режимида кузатиб боришга хизмат қилиши керак.
Иккинчидан, наркобизнес бу фақат гиёҳванд моддалар айланмаси эмас, бу — миллиардлаб долларлик яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик ва терроризмни молиялаштирадиган манба ҳамдир, дея давом этди президент.
«Жиноий маблағларни ювишнинг энг катта қисми бугун айнан рақамли активлар ва оффшор ҳудудлар орқали амалга оширилмоқда. Наркобизнесни қурол билан эмас, пулсиз қолдириш орқали енгиш мумкин. Агар биз унинг «молиявий артерия»ларини бўғиб қўйсак, бу иллат ўз-ўзидан йўқолади», — деб таъкидлади у.
Шунинг учун криптобиржалар учун мажбурий идентификация стандартларини глобал даражада бирхиллаштириш, оффшор юрисдикциялар билан маълумот алмашинуви бўйича мажбурий келишувлар, «номаълум манба» маблағларини автоматик блоклаш механизмларини жорий этиш зарур.
Президент, шунингдек, ноқонуний маблағлар ҳаракатини дунё бўйлаб автоматик аниқлайдиган, уни қабул қилган банк ёки молиявий ташкилотни дарҳол хавф тоифасига киритадиган «халқаро рақамли қора код» тизимини жорий қилишни таклиф қилди.
Учинчидан, кундан-кунга синтетик наркотикларнинг янги-янги турлари пайдо бўлмоқда. Шунинг учун Ўзбекистон доимий мулоқот майдонини ишга тушириб, синтетик наркотикларга ружу қўйган беморларни самарали даволаш бўйича замонавий методика ва стандартларни биргаликда яратиб боришни таклиф қилди.
Тўртинчидан, гиёҳвандликка чалинганларнинг тиббий реабилитацияси бўйича тажриба алмашиш мақсадида Марказий Осиё Наркологлар ассоциациясини ташкил қилиш таклиф қилинмоқда. Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг Бош офисини Самарқанд шаҳрида жойлаштиришга тайёрлигини билдирди.
Бешинчидан, бугун айрим ҳудудларда наркотик етиштириш ва тарқатиш иқтисодий имкониятлар чеклангани, иш ўринлари етишмаслиги ва ижтимоий тенгсизлик оқибатида сақланиб қолмоқда, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис, наркотрафик хавфи юқори бўлган ҳудудлар учун «махсус ривожланиш дастури»ни ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Бунда гиёҳванд моддалар етиштиришга мойил ҳудудлардаги расмий иқтисодиётга фаол инвестициялар киритиш орқали аҳоли учун барқарор даромад манбаларини яратиш, инфратузилмани яхшилаш, таълим ва тиббиётни ривожлантириш орқали аҳолининг жиноий иқтисодиётга қарамлигини камайтириш бўйича комплекс чоралар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
«Бундай дастур фақат грант ёки ёрдам эмас, балки халқаро ҳамжамиятнинг умумий масъулияти сифатида кўрилиши керак», — деб таъкидлади у.
Форумда турли давлатлар ва халқаро ташкилотлардан 500 га яқин вакил иштирок этмоқда. Иштирокчилар орасида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори ўринбосари Бо Матиасен, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус, Халқаро гиёҳвандликни назорат қилиш қўмитаси бош котиби Стефано Бертераме, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари бор.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.