Европа Иттифоқи мамлакатлари аҳолиси учун 9 май — Европа кунидир. 1950 йилнинг айнан шу куни, Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан атиги беш йил ўтиб, Франция ташқи ишлар вазири Робер Шуман Европа кўмир ва пўлат бирлашмасини тузишни таклиф қилган эди. Унинг мақсади Европада, аввало, икки тарихий рақиб — Германия ва Францияда кўмир ва пўлат ишлаб чиқаришни умумий бошқарувга ўтказиш ва шу орқали собиқ душманлар ўртасидаги муносабатларни тубдан ўзгартириш эди.
У қурол ишлаб чиқариш учун зарур хомашёни биргаликда бошқариш орқали улар ўртасида уруш келиб чиқишига йўл қўймасликни ҳамда Европа қитъаси учун янги тинчлик кун тартибини белгилашни мақсад қилган эди. Бу кескин ва ҳақиқатан ҳам узоқни кўзлаган қарор бўлган. Айнан шунинг учун ҳам биз бу инсон хотирасини ҳамда унинг 76 йил аввал Европада тинчлик ва бирдамлик ҳақида эълон қилган буюк декларациясини юксак қадрлаймиз.
Вақт ўтиши билан 6 давлатдан (Франция ва Германиядан ташқари, Белгия, Люксембург, Нидерландия ва Италия) иборат бўлган Кўмир ва пўлат бирлашмаси бугунги кунда 27 аъзо давлатни бирлаштирган Европа Иттифоқига айланди ва тобора кўпроқ мамлакатлар унга қўшилишга интилмоқда. Йиллар давомида Европа Иттифоқининг фаолият доираси ҳам сезиларли даражада кенгайди: кўмир ва пўлатдан тортиб, одамлар ва товарлар чегаралар орқали эркин ҳаракатланадиган ва аксарият аъзо давлатлар ягона валюта — еврони қабул қилган ягона бозорга айланди.
Яқинда, Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг, аъзо давлатларимиз Европа Иттифоқи ўз чегараларимизда тажовузкор ва олдиндан айтиб бўлмайдиган Россиядан ҳимояланиш учун НАТОни тўлдирадиган ўз мудофаа сиёсати ва салоҳиятини ҳам тезда ривожлантириши керак, деган қарорга келди.
Аммо бугунги муваффақиятларимиз бу йўлни осонлик билан босиб ўтганимизни англатмайди. Европа Иттифоқи машаққатли муросалар орқали қурилган. Баъзан ривожланиш тезроқ, баъзан эса секинроқ кечган. Йиллар давомида аъзо давлатлар алоҳида мамлакатлар эмас, балки Европа Комиссиясининг ўзи Европа Иттифоқи номидан вакиллик қиладиган кўплаб ваколатларни бериш тўғрисида келишиб олдилар. Масалан, ташқи савдода Еврокомиссия барча аъзо давлатлар номидан иш юритади ва Иттифоқ ягона блок сифатида музокаралар олиб боради.
Шунга қарамай, Европа Иттифоқи ўз моҳиятига кўра суверен давлатлар иттифоқи бўлиб қолмоқда. Бу ҳар ой Брюсселда қишлоқ хўжалигидан тортиб ташқи ишлар ва мудофаагача бўлган барча соҳаларда вазирлар учрашуви ўтказилишини, уларда таклифлар муҳокама қилиниб, қарорлар қабул қилинишини англатади. Европа Иттифоқи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари стратегик йўналишларни белгилаш учун Европа кенгаши форматида ҳам тез-тез учрашиб турадилар.
Европа Иттифоқининг кундалик бошқаруви ва кейинги ривожланиши 27 та ҳукуматга боғлиқ бўлиб, улар ўз сайловчилари манфаатларини унутмаган ҳолда Европа устуворликларини доимий равишда муҳокама қилади ва келишиб олади. Бу осон эмас ва баъзан вақт талаб қилади, бироқ чорак асрдан кўпроқ вақт давомида ЕИ ўз фуқароларига мисли кўрилмаган фаровонлик ва тинчликни таъминлаган тарихдаги энг муваффақиятли давлатлараро лойиҳа эканлигини қайта-қайта исботлаб келмоқда.
Европа Иттифоқи модели — айниқса, унинг ривожланишининг дастлабки йилларида, мамлакатлар ўта муҳим ресурсларни бошқаришни бирлаштиришдан бошлаб, аста-секин ҳамкорликни йўлга қўйган даврда — Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка йўналиш бера оладиган намунадир. Европада бундай ресурслар кўмир ва пўлат эди. Марказий Осиёда эса бу сув ва энергия бўлиши мумкин.
Албатта, бу қарорни фақат Марказий Осиё давлатларининг раҳбарлари ва халқларининг ўзлари қабул қилиши мумкин. Бироқ Европа тажрибаси шуни кўрсатадики, ресурсларимизни бирлаштириш, мамлакатлар ўртасидаги тўсиқларни бартараф этиш, аҳолимизни яқинлаштириш ва умумий тузилмаларни яратиш орқали биз шунчаки айрим қисмлар йиғиндисидан кўра каттароқ нарсани бунёд этдик. Биргаликда ишлаш Европа Иттифоқига аъзо ҳар бир мамлакатга халқаро майдонда якка ҳолда эга бўлиши мумкин бўлганидан кўра салмоқлироқ мавқега эга бўлиш имконини берди.
Соф амалий-иқтисодий нуқтаи назардан, Европа Иттифоқидаги яқин сиёсий ҳамкорлик минтақа ичидаги савдо ҳажмининг ўсишига, иқтисодиётларнинг янада интегратсиялашувига ва натижада иқтисодий имкониятларнинг кенгайишига олиб келди. Агар худди шу тарзда Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар нафақат миллий, балки умумий Марказий Осиё бозори учун ҳам маҳсулотлар ярата олса, бу, табиийки, кейинчалик жаҳон миқёсида ҳам рақобатлаша оладиган компаниялар учун янада фаол ўсиш ва миқёс самарадорлигига эришиш имкониятларини яратади.
Европа Иттифоқи учун бир нарса аниқ: Марказий Осиё мамлакатлари алоҳида-алоҳида ва биргаликда қанчалик кучли бўлса, улар халқаро майдонда ва Европа Иттифоқининг ҳамкорлари сифатида шунчалик қудратли бўлади. Бизни бирлаштириб турувчи Транскаспий транспорт йўлаги каби улкан стратегик лойиҳалардан тортиб, биргаликда ўрганаётганимиз ўта муҳим хомашё соҳасидаги тижорий имкониятларгача бўлган умумий манфаатларимиз бор. Энг муҳими, биз қоидалар устувор бўлган барқарор халқаро тизимга ишончимизни ҳам ўртоқлашамиз. Мавжуд қийинчиликларга қарамай, қоидаларга асосланган тартиб, пировардида, барчага — халқаро саҳнадаги энг кичик иштирокчилардан тортиб энг йирик ва қудратлиларгача фойда келтиради, деган даъво ўз кучида қолмоқда. Айнан шунинг учун биз Марказий Осиёни ва бешта мамлакатнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида кучлироқ, ўзини ўзи таъминлайдиган ва шу тариқа ҳар қандай ташқи ўйинчиларга камроқ тобе қилишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қатъий қўллаб-қувватлаймиз. Чунки бу биз учун барқарор халқаро тартибни қўллаб-қувватлайдиган кучли ва ишончли ҳамкорларга эга бўлиш демакдир — худди биз Ўзбекистон ва унинг Марказий Осиёдаги қўшнилари учун ишончли ҳамкор бўлиб қолганимиз каби.
Аниқроқ айтганда, бу сув ресурсларини бошқариш, энергетика тармоқларини қуриш, қишлоқ хўжалиги, давлат хизматларини кўрсатиш, шунингдек, транспорт, рақамлаштириш ва хавфсизлик каби ўта муҳим соҳаларда Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилишни қўллаб-қувватлашни англатади.
Шунингдек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш орқали халқаро савдо тизимига интегратсиялашувига кўп йиллардан буён фаол кўмак бериб келаётганини ҳам унутмаслик керак. Биз фуқаролик жамиятини ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигининг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, давлат бошқаруви сифатини яхшилаш, жумладан, коррупцияга қарши курашишни ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, ўз фуқаролари учун ишлайдиган шаффоф ва ҳисобдор давлат узоқ муддатли тараққиётнинг энг мустаҳкам пойдеворидир.
Европа Иттифоқи — ўзи ҳақида жуда баланд овозда гапирмайдиган глобал ҳамкордир. Аммо бир нарса шубҳасиз: кўпчилик фақат кучлиларнинг ҳақ-ҳуқуқига ишонадигандек туюлган, беқарор дунёда Европа Иттифоқи барқарорликни таъминлаш ва халқаро меъёрларга риоя этиш йўлида ишлайдиган хавфсизлик лангари бўлиб қолмоқда. Айнан шунинг учун биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қиламиз — ва айнан шунинг учун мен бу ерда ишлаётганимдан фахрланаман — чунки биз глобал бошқарув борасида умумий қарашларга эгамиз.
Роберт Шуман руҳи Ўзбекистон каби ҳамкорларимиз билан муносабатларимизда ўз аксини топмоқда. Бу — зиддият эмас, тинчлик, якка тартибдаги муваффақиятлар эмас, ҳамкорлик барча учун барқарорлик ва фаровонликка эришишнинг энг яхши йўли эканига бўлган қатъий ишончимиз орқали яшашда давом этмоқда.
Умид қиламанки, сиз 2 май куни Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтадиган Европа кунига бағишланган фестивалимизда Роберт Шуман декларациясининг 76 йиллигини нишонлаш учун бизга қўшиласиз!
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.