Сенат қурилишдаги коррупция ва сифат муаммолари сабаб қурилиш вазирига сўров юборди

Сенат қурилишдаги коррупция ва сифат муаммолари сабаб қурилиш вазирига сўров юборди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 19 май куни бўлиб ўтган мажлисда қурилиш соҳасидаги коррупция, бюджет маблағларининг сарфланишидаги қонунбузилишлар ва сифат устидан назоратнинг етарли эмаслиги муносабати билан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятовга парламент сўрови юборди.

Сенатор Зумрад Бекатова маъруза қилди. Унинг сўзларига кўра, амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва яратилаётган кенг имкониятларга қарамасдан, қурилиш соҳасида давлат маблағларининг сарфланиши, сифат назорати ҳамда соҳага оид қонунчиликка риоя қилиниши борасида тизимли нуқсонлар сақланиб қолмоқда.

«Ўтказилган таҳлиллар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида коррупцияга қарши курашиш тизими кутилган самарани бермаётганини кўрсатмоқда», — деди у.

Сенатор келтирган маълумотларга кўра, 2024−2025 йилларда соҳада жами 236 та коррупциявий жиноят содир этилган бўлиб, унда 284 нафар шахс иштирок этган. Улар орасида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (72 та), мансаб сохтакорлиги (71 та) ва бюджет маблағларини талон-торож қилиш (46 та) ҳолатлари устувор.

2025 йилда қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқишдаги қонунбузилишлар оқибатида давлатга 391,2 млрд (2024 йилда 419,4 млрд) сўм миқдорида жуда кўп миқдордаги зарар етказилганлиги юзасидан 474 та жиноят иши қўзғатилган.

«Бу вазиятнинг нақадар жиддий эканлигини кўрсатади», — деди Зумрад Бекатова.

Ҳудудлар кесимида талон-торож қилинган маблағларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри (42,9 млрд), Бухоро (35,3 млрд)
ва Жиззах (24,4 млрд) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

«Бу кўрсаткичлар соҳада молиявий интизом ва ички аудит тизими лозим даражада ишламаётганидан далолатдир», — дея қайд этди сенатор.

Сенат қурилишдаги коррупция ва сифат муаммолари сабаб қурилиш вазирига сўров юборди
Зумрад Бекатова. Фото: Сенат

Сенатор қурилиш ишлари сифати билан боғлиқ муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг маълумотларига кўра, 2025 йил давомида
1601 та ҳолатда 29 млрд сўмлик сифатсиз қурилиш ишлари аниқланган. 2024 йилда бу кўрсаткич 63 млрд сўмни ташкил этган.

«Энг ташвишланарлиси, 506 та ҳолатда ҳисоботларда 25 млрд сўмлик ҳақиқатда бажарилмаган қурилиш-монтаж ишларини ҳужжатларда „бажарилди“ деб акс эттириш (қўшиб ёзиш) орқали ушбу маблағлар ўзлаштирилган», — деди сенатор. 2024 йилда бундай ҳолатлар 389 тани, сумма эса 83 млрд сўмни ташкил этган.

Сенатор, шунингдек, эскирган қурилиш нормаларига эътибор қаратди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 октябрдаги қарорида шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари камида ҳар 3−4 йилда қайта кўриб чиқилиши ҳамда янгилаб борилиши белгиланган. «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ техник регламентлар кучга кирган кундан эътиборан беш йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилиши лозим.

Бироқ, Бекатованинг сўзларига кўра, айрим шаҳарсозлик ва қурилиш меъёрлари қабул қилинганига 20 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, вазирлик томонидан уларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришга эътибор қаратилмаган. «Бугунги кунда амалда бўлган 19 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари белгиланган муддатларда қайта кўриб чиқилмаган», — деди у.

Сенаторнинг фикрича, ушбу ҳолатлар қурилиш соҳасида назорат механизмларини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

«Бугун фойдаланишга топширилаётган бинолар эртага юртдошларимиз учун хавф манбаига айланмаслиги зарур. Бу борада назорат инспекциясининг фаолияти етарлича таъсирчан бўлмаётгани, тизимда „инсон омили“ ҳамон устуворлиги ачинарли ҳолатдир», — деди Зумрад Бекатова.

У меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, қурилиш соҳасида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига беписандлик билан қараш инсонлар ўлимига сабаб бўлмоқда. 2025 йилда қурилиш соҳасида юз берган бахтсиз ҳодисаларнинг 40 фоизи ўлим билан якунланган.

Бахтсиз ҳодисаларнинг асосий қисми баландликда ишлаш бўйича хавфсизлик талабларига риоя қилмаслик (52 фоиз), техник носоз ускуналардан фойдаланиш ҳамда ҳимоя воситаларининг етишмаслиги (15 фоиз), ишчиларнинг шахсий эҳтиётсизлиги (7 фоиз) ва бошқа хавфсизлик талабларига риоя этмаслик оқибатида содир бўлган.

«Вазирлик ва иш берувчилар хавфсизликни таъминлаш масаласини иккинчи даражали масала деб қарашларига асло йўл қўйиб бўлмайди», — дея таъкидлади сенатор.

Зумрад Бекатова фуқаролар мурожаатлари билан етарлича иш олиб борилмаётганини қайд этди. 2025 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига вазирлик фаолияти бўйича 13,8 мингта мурожаат келиб тушган. Уларнинг
18 фоизи ижобий ҳал этилган, холос.

«Бу кўрсаткич соҳада фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш даражаси паст эканлигини ҳамда аҳолининг ҳақли эътирозлари ортиб бораётганини кўрсатади», — деди у.

Сенаторнинг сўзларига кўра, вазирлик тизимида мурожаатлар билан ишлаш механизми етарли йўлга қўйилмаганлиги боис, кўтарилган муаммолар юзаки ўрганилмоқда, бу эса ўз навбатида 1358 та такрорий шикоятлар сонининг сунъий равишда ортишига сабаб бўлмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.