Унинг фикрича, мустақилликка эришилганидан кейин ҳам мамлакат гербида пахта ва буғдой тасвирларининг сақлаб қолиниши аввалги тузум билан мафкуравий боғлиқликни акс эттирган.

Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки ўн йилликларида эркинлик кўп жиҳатдан «назарий» тусда қолган, «ҳурриятнинг ўзи эса қайсидир маънода «қарам мустақиллик»дек туюлар эди».
«Кўча ва хиёбонларимизга осиладиган шиорларимиз ҳам буни бот-бот эслатиб турарди: «Янги уй қурмай туриб, эскисини бузма!» (биринчи президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган ривожланишнинг фундаментал тамойилларидан бири — таҳр.). Айнан мана шу эскисини бузмай сақлаб қолиш «анъанаси» миллат ва давлат «коди» мақомидаги миллий рамзларимизда ҳам ўз «таровати ва теран гўзаллиги»ни акс эттиришга улгурди», — деб ҳисоблайди Рафиқов.
«Мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам гербимиздаги чамбаракка алвон-ла ўралган „ифтихоримиз рамзи“ бўлган пахта ва ғалла тасвирлари ўзгармади. Нега?» — дея савол қўяди сенатор.
Рафиқов президент Шавкат Мирзиёев ўша йиллари пахтадан келадиган даромад «ҳатто бир миллиард долларга ҳам етмаганини» бир неча бор таъкидлаганини эслатиб ўтади. Шу сабабли сенатор: «Шу ҳолича ҳам ушбу деҳқончилик маҳсулотлари бизнинг ижтимоий-маънавий идентлигимизни белгилаши керакмиди?» — дея сўрайди.
«Биз ўз асрий орзу-армонларимиз, улуғ ниятларимиз ва бу жаҳондаги руҳоний «ўзлигимиз»ни шу ўсимликлар сиймосида кўришимиз керакми?.. Албатта, бу мустақилликдан кейин ҳам бир оёғимиз мафкуравий жиҳатдан собиқ тизим харобалари узра қолиб кетганини англатади», — деб ёзади у.
Қудратилла Рафиқов буни совет ва постсовет даври тафаккурининг янада кенг қамровли муаммоси билан боғлайди. Унинг сўзларига кўра, ўша даврда ижтимоий риторика асосан далалар, ҳосил, пахта ва ғалла атрофида айланган, бу эса эркин фикрлаш майдонини торайтириб қўйган эди.
«Собиқ марказдан келиб далага қандай қадаб кетган бўлса, истиқлолга эришганимиздан кейин ҳам тафаккуру онгимиз узоқ йил эгатлар орасида қолди… Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, айни сафарбарлик ортида «стратегик аҳамият»дан бўлак яна бир муддао — жамиятни манипуляция қилиш истаги ҳам яширингандек эди», — деб ёзади сенатор.

Муаллифнинг таъкидлашича, пахта, ғалла ва зироатчилик ижтимоий ҳаётда узоқ вақт давомида, худди совет давридагидек, «ижтимоий-сиёсий культ» мақомини сақлаб қолган.
«Яъни одам тинимсиз нимагадир ундаб турилса, матбуот эртадан то кеч зарбдорлик, дала ишлари, етиб бўлмайдиган „план“ ҳақида муттасил гапираверса, бу ҳолат ҳар қандай эркин тафаккурга ҳам путур етказади», — дея қўшимча қилади у.
Рафиқовнинг фикрича, айнан мана шу нарратив «Мирзиёев даври дунёқарашимизни қандай ўзгартирганини» кўрсатиб беради. У илгари «нафақат актуал, балки сиёсий аҳамият касб этган» қишлоқ хўжалиги ҳақидаги гурунглар бугунги кунда қўрли ўрнини йўқотганини таъкидлайди.
«Шунинг учун ҳам бу мавзуда ёзиш ва ўқиш эндиликда нафақат анъанадан чиқди, балки моҳиятан зерикарли, примитив бўлиб қолди», — деб таъкидлайди сенатор.
«Онгимизда сокин амалга ошган, ҳали деярли таҳлил этилмаган айни янгиланишлар бир нарсани очиқ эслатиб туради: бизда иттифоқ парчалангандан кейин ҳам эркинлик масъулиятидан хавотир ҳисси бор эди (эҳтимол, бу сиёсий ҳокимиятни «йўқотиб қўйиш»дан қўрқиш бўлгандир). Жумладан, традиционал тутумлардан воз кечмаслик, бошқарув ҳамда жамият ҳаётидаги «анъанавий руҳ»ни сақлаб қолишга интилиш сезилар, шунинг учун шиорларимиз ҳам, ҳали айтганимдек, миллий озодликдан кўра кўпроқ яқин ўтмишга қайта чорлаётгандек туюларди», — дея давом этади у.
«Вақт шуни кўрсатдики, мустақиллигимиз ва ўзлигимизни ифода этувчи символларимиз — давлат рамзларимиз моҳиятида ҳам ўтган асрнинг 90-йилларидаги сиёсий хавотир, қўрқув ва иккиланиш тажассум топган», — деб ёзади Рафиқов.
У бу ҳолатни немис файласуфи Эрих Фромм тасвирлаган «озодликдан қочиш» феноменига ўхшатади. Муаллифнинг сўзларига кўра, бу мулоҳазалар нафақат тарихнинг алоҳида босқичларини, балки мамлакатга бўлган қарашдаги ўзгаришни ҳам кўришга ёрдам беради.
«Айтилган мулоҳазалар бизнинг тасаввурларимизда бугун мамлакатимизнинг уч хил характердаги кўринишини акс эттириши билан ниҳоятда аҳамиятли: „совет Ўзбекистони“, „посткоммунистик Ўзбекистон“ ва „Янги Ўзбекистон“…», — дея хулоса қилади Қудратилла Рафиқов.
Сенаторнинг мақоласи эълон қилинганидан кейин ижтимоий тармоқларда гербни янгилаш ғоясини қўллаб-қувватловчи постлар пайдо бўлди. Шу билан бирга, мамлакатда жиддий эътибор талаб қиладиган бошқа кўплаб масалалар ҳам мавжудлиги ҳақидаги фикрлар ҳам янграмоқда.
Мустақил Ўзбекистоннинг давлат герби 1992 йил 2 июлда қабул қилинган. Унинг муаллифи Анвар Мамажонов Gazeta`га гербнинг яратилиш жараёни ва якуний вариантнинг қабул қилинишида президент Ислом Каримовнинг роли қандай бўлгани ҳақида сўзлаб берган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.