Ўзгариш маҳалласида 45 та кўп қаватли уй, 1 минг 620 та хонадон мавжуд. Уларда 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Сўнгги йилларда маҳаллада 10 та болалар майдончаси, мини-футбол майдони, 2 та саломатлик ҳудуди барпо этилди.
Давлат раҳбари маҳаллада ташкил этилган когенерация маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Қайд этилишича, ушбу марказ куз-қиш мавсумида маҳалланинг иссиқлик ва электр энергияси таъминоти барқарорлигига хизмат қилади. Когенерация технологияси орқали табиий газдан аввал электр энергияси олинади, сўнг ажралган иссиқлик сув ва хонадонларни иситишга йўналтирилади. Бу энергия самарадорлигини ошириб, исрофгарчиликни камайтиради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 5,8 миллион долларни ташкил этади. Бу ерга Германияда ишлаб чиқарилган замонавий газ-поршенли қурилмалар ва қозонлар ўрнатилган. Марказ йилига 18,4 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 80 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконига эга.
Лойиҳа доирасида 2 километр узунликдаги юқори кучланишли электр линияси қурилиб, умумий тармоққа уланди. Натижада туман марказий электр тармоғидаги юклама 3 фоизга камайди. Марказ ишга тушиши билан 10 та доимий иш ўрни яратилди.
Шу билан бирга, маҳалланинг умумий инфратузилмаси ҳам янгиланди. 1,4 километр пиёдалар йўлаклари барпо этилди, 12 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми таъмирланди, ички йўлларга асфальт ётқизилди. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида 2 минг 720 туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди.

«Кенг кўламли бунёдкорлик ишларимиз айнан мана шу Сергели туманидан бошланган эди. Ўз вақтида бу ҳудудга замонавий метро линиясини олиб келиш ташаббусини илгари сурганимизда, ушбу йирик лойиҳанинг истиқболига шубҳа билан қараганлар ҳам бўлгани сир эмас. Бироқ бугун мана шундай кўркам ва обод масканларни, энг муҳими, сиз каби азиз юртдошларимизнинг мамнун чеҳраларини кўриб, танлаган йўлимиз қанчалик тўғри бўлганига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Бугунги ташрифимиздан мақсад ҳам сизлар билан бевосита мулоқот қилиш, таклиф ва ташаббусларингизни тинглашдир, — деди президент.
Давлат раҳбари йўл-йўлакай Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан ҳам танишди.

Бу ерда 137 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 250 та янги иш ўрни яратилди. Метро остида 4 километр пиёдалар ва велосипед йўлаги, 2 та болалар майдончаси ва спорт зоналари ташкил қилинди. Аҳоли ҳордиқ чиқариши учун 100 та ўриндиқ ва 40 та замонавий манзарали чироқ ўрнатилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.