Шавкат Мирзиёев АҚШ Мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Трампни табриклади

Шавкат Мирзиёев АҚШ Мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Трампни табриклади

Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трампга АҚШ миллий байрами — Мустақиллик куни ҳамда мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Сизга ҳамда дўст Америка халқига кўп миллатли Ўзбекистон халқи номидан энг самимий табриклар ва эзгу тилакларни йўллашдан ғоят мамнунман. Сизнинг дадил ва шижоатли раҳбарлигингиз остида АҚШ иқтисодий қудрати ва таъсирини янада ошириб, глобал тараққиёт ҳамда хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда, барча давлатлар билан амалий ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда», — дейилади мактубда.

Президент бундай жараёнлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратаётгани, ўзаро ҳурмат, ишонч ва муштарак манфаатларга асосланган муносабатлар янги мазмун билан бойиб бораётганини таъкидлади.

Мактубда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, муҳим минерал ресурслар ва инновацион кооперация соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишлари ҳисобланиши қайд этилди.

Шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги мулоқот ва амалий шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилди. Ноқонуний миграция, терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик, наркотик воситалар ноқонуний айланиши ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кенгайтириш долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.

Давлат раҳбари минтақавий ва глобал форматлар, аввало, «C5+1» платформаси, БМТ ҳамда бошқа халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорлик Трампнинг фаол қўллаб-қувватлаши билан сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.

Шу ўринда, президент 2026 йил декабрь ойида Майами шаҳрида бўлиб ўтадиган «Катта йигирмалик» саммити доирасидаги учрашувни катта қизиқиш билан кутаётганини таъкидлади. Март ойида Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевни G20 саммитига таклиф этганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.