Ташриф дастурига мувофиқ, Минск шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Унда Ўзбекистон — Беларусь кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперацияни ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлади, дейилади хабарда.
Шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Саммит якунида устувор йўналишларга доир икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.
Ташриф арафасида Минск шаҳрида икки мамлакат ҳудудлари делегациялари ва ишбилармон доиралари иштирокида учинчи Ҳудудлараро форум ҳам бўлиб ўтади.
БелТА маълумотларига кўра, Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокида 230 га яқин корхона рўйхатдан ўтган, шу билан бирга, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг катта гуруҳи Беларусда ҳам фаолият юритмоқда. Сўнгги 10 йил ичида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 13 баробарга, хизматлар кўрсатиш эса 30 баробарга ошди.
2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 855 миллион долларни ташкил этди, бу эса бир йил олдинги кўрсаткичдан қарийб 35 фоизга кўпдир. Давлат раҳбарлари ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 2 миллиард долларга етказишни, 2026 йил якунларига кўра эса 1 миллиард долларлик довондан ўтишни реал мақсад деб ҳисоблайди. Беларусь учун ижобий сальдо 517 миллион доллардан ошади. Хизматлар савдоси ҳажми 2025 йилда 56,1 фоизга ўсиб, 207,9 миллион долларга етди.
Шавкат Мирзиёев Беларусга расмий ташриф билан 2019 йилда, амалий ташриф билан 2025 йилда борганди. Лукашенко эса Тошкентга 2024 йилда келган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.