Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида бир қатор ҳужжатлар имзоланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь президенти Александр Лукашенко ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича ҳужжатлар тўплами қабул қилинди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати
хабар берди.
Давлат раҳбарлари Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Томонлар делегациялари, шунингдек, бир қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолади. Улар қуйидагилардан иборат:
- 2026−2030 йилларда савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
- Ўзбекистон ва Беларусь Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026−2027 йилларга мўлжалланган маслаҳатлашувлар дастури;
- 2005 йил 19 январдаги «Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисида»ги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённома;
- Беларусь ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида битим;
- Ўрмон хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
- 2026−2028 йилларга мўлжалланган маданият соҳасидаги ҳамкорлик дастури;
- Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Беларусь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўртасида 2027−2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси;
- Ўзаро сайёҳлар оқимни кўпайтириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2026−2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси;
- 2026−2028 йилларда агросаноат мажмуидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича «йўл харитаси»;
- Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ҳамда Беларуснинг «Беллегпром» давлат концерни ўртасида енгил саноат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Беларусь Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ўртасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми;
- Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Беларусь Молия вазирлиги ўртасида молиявий масалалар бўйича ўзаро англашув меморандуми;
- Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Беларусь стратегик тадқиқотлар институти ўртасида Ўзбекистон — Беларусь экспертлар кенгашини таъсис этиш тўғрисида меморандум;
- Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги ўртасида агросаноат соҳасида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аҳдлашув меморандуми;
- Ўзбекистон Фанлар академияси ва Беларусь Миллий фанлар академияси ўртасида илмий-техник ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми.
Ташриф доирасида, шунингдек, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Беларусь республика фундаментал тадқиқотлар жамғармаси ўртасида меморандум имзоланди.