Давлат раҳбари Озарбайжонни «ишончли иттифоқчи, стратегик ҳамкор ва қардош давлат» деб атади.
«Муносабатларимиз замирида ягона цивилизациявий код, муштарак тарихий илдизлар, кўп асрлик дўстлик, бузилмас маънавий қадриятлар, ўхшаш маданият ва анъаналар мужассам. Айнан мана шу чуқур боғлиқлик муносабатларимизни яхлит ва ташқи конъюнктура таъсирига берилмайдиган қилади», — деди у.
Давлат ташрифининг асосий натижаси президентлар томонидан Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди.
«Бугун биз Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани имзоладик. Бугунги кунда ҳудудлар, бизнес, ҳукуматлар ва парламентлар ўртасидаги муносабатларимиз қай даражада юқори эканини тасаввур қилиб кўринг. Бу шунчаки ҳужжат эмас, балки ҳамкорликни чуқурлаштириш, ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш ва умумий келажакни барпо этишга бўлган муштарак интилишимизнинг ифодасидир», — деди Шавкат Мирзиёев.
У Озарбайжон президентининг Ўзбекистонга бу галги давлат ташрифини, муболағасиз, тарихий воқеа деб атади.
Президентнинг таъкидлашича, томонлар сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, парламентлар, ҳукуматлар, тармоқ идоралари ва ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олди.
Музокараларда иқтисодий ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
«Товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказиш имкониятларини муҳокама қилдик. Бироқ бу биз учун чегара эмас. Уни бир неча баробар ошириш мумкин ва биз буни амалга оширамиз. Бизнинг жамоаларимизда бунинг учун барча ҳисоб-китоблар, ресурслар ва ваколатлар бор», — деди Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, томонлар ушбу кўрсаткичга эришиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган дастурни қабул қилган.
Президентлар, шунингдек, икки давлат иқтисодиёти бир-бирини тўлдирувчи соҳалар, аввало, саноат кооперациясининг янги йўналишларини белгилаб олди.
«Ушбу ташрифга қадар энергетика, геология, кимё, қурилиш, молия, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик лойиҳаларининг салмоқли портфели шакллантирилди», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев бир неча йил аввал ташкил этилган Ўзбекистон-Озарбайжон қўшма инвестиция жамғармасининг аҳамиятини таъкидлади. «Қисқа вақт ичида у қўшма бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмига айланди», — деди давлат раҳбари.
23 август куни президентлар қатор қўшма лойиҳаларга ҳам старт берди. Улар банк соҳаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, таълим муассасалари ва автомобиль ёқилғи қуйиш шохобчалари инфратузилмасини яратиш, сайёҳлик ва турар жой мажмуаларини қуриш, минерал хомашёни қайта ишлаш ҳамда боғдорчилик соҳаларини қамраб олади.

«Транскаспий коридори салоҳиятини биргаликда ривожтирамиз, логистика инфратузилмаси самарадорлигини ошириб, ташувларни рағбатлантирамиз. Бунинг учун Каспий денгизида қўшма флот ташкил этиш бўйича ишларни жадаллаштирамиз», — деди давлат раҳбари.
2025 йил июль ойида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Ўзбекистон юклар кечикишини камайтириш мақсадида Каспий денгизида ўз паромларидан фойдаланишни режалаштираётганини маълум қилган. Томонлар, шунингдек, Транскаспий коридори доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш, Боку ва учинчи давлатлар портларида омбор ҳамда логистика марказларини қуриш имкониятларини муҳокама қилган.
Президент икки давлат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айнан ҳудудлар савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтиришнинг «драйвери» бўлиши керак.
Давлат ташрифи арафасида Тошкент шаҳри, Бухоро ва Наманган вилоятлари раҳбарлари Озарбайжонда бўлди. Мирзиёев ушбу алоқалар аллақачон «реал натижалар» бераётганини қайд этди.
Музокараларнинг алоҳида қисми маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларига бағишланди.
Шу куни президентлар Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампусини очиб берди ва Янги Тошкентда «Озарбайжон» боғини барпо этишга старт берди. Бўлажак боғ 4 гектар майдонни эгаллайди.
Йил якунига қадар Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунларини ўтказиш, шунингдек, Озарбайжонда олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форумини ташкил этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг адабий меросига бағишланган қўшма бадиий фильм суратга олиниши режалаштирилмоқда.
2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда ёшлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиши ҳақида гапирар экан, Шавкат Мирзиёев янги ташаббусни илгари сурди.
«Ушбу улкан спорт тадбири доирасида „Икки давлат — бир чемпионат“ номли кенг кўламли давлат дастурини қабул қилишни таклиф қилдик», — деди президент.
«Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлиги аллақачон икки томонлама кун тартиби доирасидан анча четга чиқди», — деди у.
Давлат раҳбариниинг сўзларига кўра, Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилиши Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида ягона ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро боғлиқлик маконини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Шавкат Мирзиёев икки давлат БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ ва бошқа халқаро майдонларда ҳам ўз позицияларини мувофиқлаштириб бораётганини қайд этди.
«Ҳаётнинг ўзи ва муҳокамаларимиз чуқурлиги Ўзбекистон-Озарбайжон амалий ҳамкорлиги кун тартиби қанчалик кенг кўлам ва мисли кўрилмаган суръатга эга бўлганини кўрсатмоқда», — деди президент.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, музокаралар якунида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича «салмоқли келишувлар пакети» тасдиқланди.
«Тарихий ташриф натижалари шериклигимизни аниқ мазмун билан бойитиб, қўшма лойиҳалар ва икки биродар давлатнинг барқарор ривожланиши учун янги имкониятлар очишига ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев эса Марказий Осиё ва Озарбайжон бугун ягона геосиёсий ва геоиқтисодий маконни шакллантираётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг қўшма нефть-газ лойиҳалари 2027 йилда бурғилаш ишларини бошлаш олдидан якуний босқичга яқинлашган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.