Швеция ва Бельгиянинг Ўзбекистондаги янги элчилари тайинланди

Швеция ва Бельгиянинг Ўзбекистондаги янги элчилари тайинланди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Швеция ва Бельгиянинг мамлакатдаги янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ раҳбари 10 сентябрь куни ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Швециянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб Мартин Розен тайинланди.

Бахтиёр Саидовнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистон — Швеция муносабатлари сезиларли даражада фаоллашмоқда.

Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди.

«Элчи жанобларига янги вазифасида муваффақиятлар тилаб, ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш учун биргаликда ишлашга тайёр эканимизни билдирдик», — деди вазир.

Мартин Розен 2022−2026 йилларда Швециянинг Ўзбекистондаги элчиси бўлган Томас Данестад ўрнига тайинланди.

Швеция ва Бельгиянинг Ўзбекистондаги янги элчилари тайинланди
Бельгия элчиси Матиас Кенде. Фото: Telegram / Baxtiyor Saidov

Бельгиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Матиас Кенде ҳам ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.

«Суҳбат давомида Тошкентда Бельгия элчихонаси фаолияти йўлга қўйилаётгани икки давлат муносабатларидаги муҳим воқеа экани қайд этилди», — деб ёзди Бахтиёр Саидов.

Учрашувда давлатлар ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон — Бельгия алоқаларини икки томонлама муносабатлар ҳамда Европа Иттифоқи доирасида янада ривожлантиришга тайёрлик билдирилди.

«Жаноб элчига Ўзбекистондаги масъулиятли ва шарафли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз», — деди ТИВ раҳбари.

Матиас Кенде аввалроқ Бельгиянинг Тошкентдаги элчиси сифатида аккредитациядан ўтган Эрик де Майер ўрнига тайинланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Швеция ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 8 апрелда, Ўзбекистон ва Бельгия ўртасида эса 1992 йил 16 мартда ўрнатилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.