Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия ҳукуматлари раҳбарлари Кардиффдаги учрашувда ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш, Буюк Британиядан мустақил бўлиш ҳамда Европадаги келажагини таъминлаш ҳуқуқини мустаҳкамловчи ҳамкорлик меморандумини имзолади. Учрашувда уч мухторият раҳбарлари билан бир қаторда Ирландиянинг «Шинн Фейн» миллий партияси етакчиси Мэри Лу Макдональд ҳам иштирок этди.
Ҳужжатда, шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, барқарор иқтисодиётни шакллантириш ва Европа билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича амалий ҳамкорлик кўзда тутилган.
Таъкидланишича, Британия тарихида илк бор учта автономия ҳукуматини бир вақтнинг ўзида миллатчи партиялар вакиллари бошқармоқда. Кардиффдаги учрашув қатнашчилари Лондонни конституциявий ўзгаришларга тайёргарлик кўришга чақириб, Шотландия ва Шимолий Ирландияда мустақиллик бўйича референдумлар ўтказиш зарурлигини билдирган. Буюк Британия бош вазирининг матбуот котиби эса Лондон бу каби референдумларни қўллаб-қувватламаслигини ва қироллик бирлигини ҳимоя қилишини маълум қилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.