Саида Мирзиёевага Тошкентдаги қатор йирик меъморий лойиҳалар тақдим этилди
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкентдаги қатор йирик меъморий лойиҳалар ташаббускорлари, мустақил мутахассислар ва урбанистлар, етакчи ихтисослашган ижодий студиялар ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда унинг Telegram каналида
хабар берилди.
«Тошкент шиддат билан кенгайиб бормоқда, шаҳарсозлик ва экология билан боғлиқ бугунги вазиятни инобатга олсак, унинг келажаги ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор ва таҳлилни талаб қилмоқда», — деди у.
«Биргаликда ечим топишимиз керак бўлган масалалар талайгина — муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий объектлар зиммасига катта юк тушаётганидан тортиб, электр ҳамда сув таъминоти муаммоларигача. Янги қурилишлар шаҳарни ривожлантиришга хизмат қилиши, қўшимча номутаносиблик келтириб чиқармаслиги ва ҳудудий тизимларни ортиқча зўриқтирмаслиги керак», — дея таъкидлади ПА раҳбари.
«Олдимизда турган мақсадлар улкан, биз Тошкентни ҳар бир юртдошимиз ҳамда шаҳримиз меҳмонлари учун янада қулай, кўркам, озода ва хавфсиз масканга айлантириш ниятида бўлган бизнес вакилларига кўмаклашамиз», — дея қўшимча қилди Саида Мирзиёева.
Тақдимот слайдларида кўрсатилган лойиҳалар орасида Амир Темур хиёбони ёнидаги «Ўздавэнергоназорат» биноси ўрнида меҳмонхона, бизнес ва турар жой биноларини ўз ичига олган баланд қаватли мажмуа ҳам бор. Мажмуа эгаллаши мумкин бўлган ҳудуд 3 гектарни, режалаштирилаётган инвестициялар ҳажми эса 400 млн долларни ташкил этади.
Яна бир лойиҳа Tashkent City ҳудудида пайдо бўлиши мумкин.