Маълумотларга кўра, Япониянинг Тинч океани қирғоқлари яқинида ҳосил бўлган “Дужуан” бўрони Нагоя шаҳри жойлашган марказий минтақа томон шимоли-ғарбий йўналишда ҳаракатланмоқда. Бўроннинг доимий тезлиги соатига 90 километрни ташкил этаётган бўлса, шамолнинг кучайиши 126 км/соатгача етиши кутилмоқда.
Япония Олимпия қўмитаси (JOC) ижроия кенгашининг юқори лавозимли аъзоси ва мусобақада Япония делегацияси раҳбари Косей Иноуэ пайшанба кунги матбуот анжуманида кутилаётган об-ҳаво хавфи ҳақида тўхталиб ўтди.
“Кучли ёмғир ва ноқулай об-ҳаво сабабли баъзи мусобақалар аллақачон кечиктирилди ёки қолдирилди. Қолаверса, 21 сентябрь куни тўфон минтақага янада яқинлашиш эҳтимоли бор. Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, кутилмаган вазиятларга тўлиқ тайёр туриш ва тўғри чора кўриш мақсадида Япония Олимпия қўмитаси ичида мутахассислар билан йиғилишлар ўтказяпмиз”, деди Иноуэ журналистларга.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада ҳам Нагоя ва унинг атрофидаги ҳудудларда кучли жала қуйган эди. Оқибатда мактаблар ёпилиб, поездлар қатнови тўхтатилган ва бир неча юзлаб спортчилар ўз яшаш жойларидан эвакуация қилинганди.
Маълумот учун, ХХ Осиё ўйинлари 19 сентябрдан 4 октябргача Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳрида бўлиб ўтади. Мусобақанинг расмий очилиш маросими 19 сентябрь, шанба кунига белгиланган бўлса-да, футбол, баскетбол ва волейбол каби жамоавий спорт турлари бўйича баҳслар аллақачон бошланиб кетган. Турнирда Осиё олимпия кенгашига аъзо 45 та Миллий олимпия қўмитасидан спортчилар ва расмий делегациялар иштирок этиши кутилмоқда. Турнида 43 та спорт турининг 70 та йўналишида 468 та медаллар жамланмаси ўйналади. 5-Параосиё ўйинлари эса 18-24 октябрь кунлари Аичи-Нагоя шаҳрида ўтказилади.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.