Президент Нукусда Қаллибек Камалов хотирасини ёд этди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 сентябрь куни Нукусга етиб келиб, давлат ва жамоат арбоби, Қорақалпоғистон собиқ раҳбари Қаллибек Камаловнинг хонадонига ташриф буюрди. У февраль ойида, 100 йиллик юбилейига бир ойдан сал кўпроқ вақт қолганида
вафот этганди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Қуръон тиловат қилиниб, марҳумнинг ҳаққига дуои фотиҳа қилинди. Давлат раҳбари марҳумнинг эл-юрт равнақи йўлидаги хизматларини ёдга олди. Президентга Администрация раҳбари Саида Мирзиёева, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев ва бошқа расмий шахслар ҳамроҳлик қилди.
Қаллибек Камалов кўп йиллар Қорақалпоғистонда раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Кейинги йилларда нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси бўлган.
Март ойида Ўзбекистон ҳукумати Қаллибек Камалов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди. Нукусда илмий конференция, хотира тадбирлари ўтказиш, ҳужжатли фильм вакитоб-альбом тайёрлаш режалаштирилган эди. У яшаган хонадонга ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.
Қаллибек Камаловнинг укаси Тимур Камалов 1997—2002 йилларда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси (республикадаги энг юқори лавозим) раиси бўлган. Худди шу лавозимда 2020 йил октябридан 2022 йил ёзигача Қаллибек Камаловнинг ўғли Мурат Камалов (асосий суратда ўртада) ишлаган.