Ўзбекистон ТИВ Макка шаҳрига дрон ҳужуми уюштиришга бўлган уринишни қоралади

Ўзбекистон ТИВ Макка шаҳрига дрон ҳужуми уюштиришга бўлган уринишни қоралади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистонида қайд этилган, Макка шаҳрига йўналтирилган учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланилган ҳужумга уринишни қатъиян қоралайди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.

«Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан тўлиқ бирдамлигимизни билдирамиз ҳамда муқаддас қадамжолар, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатларни номақбул деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда.

Идора «барча томонларни максимал даражада вазминлик намоён этишга, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилишга, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга» чақирмоқда.

ТИВ, ўз навбатида, Ўзбекистон кескинликни камайтириш, можаронинг янада тарқалишининг олдини олиш ҳамда минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Макка шаҳрига ҳужум уриниши


BBC News`нинг ёзишича, Ямандаги Саудия бошчилигидаги коалиция вакили Турки ал-Маликий 15 сентябрь оқшомида муқаддас Макка шаҳрининг жанубида ҳусийларга тегишли бўлган дрон тутиб олиниб, йўқ қилинганини билдирган.

Ал-Маликийнинг таъкидлашича, Ислом динининг энг муқаддас қадамжоси жойлашган ва Ҳаж зиёрати маркази бўлган Маккани нишонга олиш «шармандали ҳаракат»дир.

57 давлатни бирлаштирган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Макка ва исломнинг иккинчи муқаддас қадамжоси жойлашган Мадина вилоятига ҳужумларни «қабул қилиб бўлмас ва чидаб бўлмас ҳаддан ошиш» деб атади.

Ўз навбатида, ғарбий Яманнинг катта қисмини назорат қилувчи ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи гуруҳ — ҳусийлар Макка нишонга олинганини рад этиб, Саудия Арабистонини «уйдирма ва ёлғон» тарқатишда айблади.

«Яман томонидан муқаддас қадамжоларга ҳеч қандай таҳдид йўқ. Бизнинг амалиётларимиз уларнинг нефть иншоотлари ҳамда ҳарбий базаларига қаратилган бўлиб, муқаддас жойлардан анча узоқдадир», — деди ҳарбий вакил Яҳё Сариъ.

Шунингдек, Сариъ ҳусийлар ўтган ҳафта давомида ўз ҳудудларига Саудия томонидан берилган 450 дан ортиқ авиазарбаларга жавобан Саудия Арабистонига дронлар ва ракеталар учирганини қўшимча қилди.

Бундан бир неча кун аввал ҳам Ўзбекистон ТИВ Саудия Арабистонининг стратегик «Шарқ-Ғарб» нефть қувурига Ироқдан ракета ва дрон ҳужуми уюштирилиб, унинг фаолияти тўхтатилгач, чуқур хавотир билдирганди. Вазирлик, шунингдек, минтақа энергетика инфратузилмасига қаратилган куч ишлатиш ҳаракатларини кескин қоралаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.