Демократия ҳаддан ташқари тартибсиз ва мураккаб бўлиб туйилиши мумкин. Мен буни тушунаман. Европа ва АҚШда замонавий демократия энди шакллана бошлаган кезларда ҳар бир партия айнан нима учун курашаётгани жуда аниқ эди. Социалистлар ва социал-демократлар ишчилар манфаатини ифодалаб, уларнинг ҳуқуқлари учун курашган. Консерваторлар жамиятнинг бадавлатроқ қатламлари овози бўлган, эҳтимол, черковнинг кўпроқ таъсирга эга бўлишини истаган ва анъанавий қадриятларни ҳимоя қилган. Либераллар эса эркин тадбиркорлик тарафдори бўлган ва кўпроқ кичик бизнес манфаатларини ҳимоя қилган.
Бугунги Европада эса вазият унчалик ойдин эмас. Биз жуда кўп масалаларда келишиб олишга муваффақ бўлдик: консерваторлар ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини тан олди, социалистлар эса бизнес учун қулай шароитлар яратиш кераклиги бўйича ҳамфикр. Оқибатда партиялар бир-бирига шу қадар яқинлашиб кетдики, одамлар: «Хўш, уларнинг ўртасида қандай фарқ қолди ўзи?» — деб сўрай бошлади. Шунда улар ҳақиқатан ҳам ажралиб турадиган, чинакамига кескин ва қатъий гапирадиган кучларни қидира бошлайди. Бу эса туб моҳияти бир-бирига жуда яқин бўлган қарашларга қараганда анча жозибалироқ эшитилади.
Аммо, юқорида айтганимдек, кучли етакчини ёки радикал партияни сайлашни истаётганлар ҳам бу танловни шахсан амалга ошириш, маълум вақтдан кейин эса бошқа инсонларни сайлай олиш ҳуқуқини қўлдан бой беришни хоҳламайди. Шу боис, Уинстон Черчилль таъкидлаганидек, демократия — бошқарувнинг энг ёмон шакли, агар ундан олдин синаб кўрилган бошқа барча шаклларни ҳисобга олмасак.
Бироқ бошқа бир жиҳат ҳам ҳақиқат: замонавий дунё жуда тез ўзгармоқда ва айрим инсонлар ўзларини жараёнлардан четда қолиб кетгандек ҳис қилмоқда. Улар анъанавий партиялар ўзларини ифодалаётганини сезмайди ва «Мен сиз учун ҳамма нарсани тубдан ўзгартириб бераман» деяётган радикалларни тинглайди.
Бир томондан, ўнг ёки сўл бўлишидан қатъи назар, радикал партиялар вазиятни тубдан ижобий томонга ўзгартира олишига ишонмайман. Иккинчи томондан эса, анъанавий консерватив, социалистик ва либерал партиялар радикал кучларга овоз бераётган инсонлар билан тил топишиш йўлларини излаши ўта муҳим деб ҳисоблайман.
Аҳолининг анча салмоқли қисми ўта ўнг ёки ўта сўл партияга овоз берди дегани — бу барча сайловчилар сўзсиз радикал деган хулосани бермайди. Асло ундай эмас. Улар шунчаки анъанавий партиялар ўз дарду ташвишларини ифодалаётганини кўрмаяпти. Шу сабабли анъанавий сиёсий кучлар «Бизда овоз беришга бошқа ҳеч ким қолмади» деб ўйлаётган инсонлар билан мулоқот ўрнатиш учун ҳали жуда кўп иш қилишлари керак бўлади.
Бугунги кунда кўплаб Европа давлатларида энг катта муаммолардан бири шу: фуқаролар ва сиёсий партиялар ўртасидаги алоқа бир неча ўн йил олдингидек мустаҳкам эмас. Биз ана шу умумий мақсад ҳиссини қайта тиклаш йўлларини топишимиз шарт.
Туб моҳиятига кўра, ЕИ — 27 та аъзо давлатнинг бирлашмаси. Уларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари мунтазам учрашиб туради. Ва, охир-оқибат, Европа Иттифоқи амал қиладиган қоидаларни айнан шу аъзо давлатларнинг ўзлари белгилаб берган. Бу қоидаларни ўзгартиришга ҳам фақат уларнинг ўзлари ваколатлидир.
Албатта, сиз таъкидлагандек, «демократия танқислиги» ҳақида турли гаплар бор: гўёки Европа комиссияси ўз билганича иш юритаётгандек таассурот уйғотилади. Бироқ Европа комиссиясига ваколатларни айнан ўша аъзо давлатлар ва уларнинг фуқаролари томонидан сайланган ҳукуматлар тақдим этган. Бошқача айтганда, Европа комиссиясининг ваколатлари ЕИнинг барча 27 мамлакатидаги демократик йўл билан сайланган ҳукуматлар томонидан берилган. Бу ерда ҳеч қандай демократия танқислиги йўқ.
Агар миграция ҳақида гапирадиган бўлсак — бу, шубҳасиз, жиддий баҳслар мавзуси — аслида бу масала тўғридан тўғри Европа комиссияси ихтиёрида эмас. Мазкур масала аъзо давлатларнинг ўз қўлида: ягона сиёсат бўйича айнан улар ўзаро келишиб олади.
Бироқ бу ерда бошқа бир муаммо кўзга ташланади. Аъзо давлатлар сиёсатчилари кўпинча ўз юртларига қайтиб: «Брюссель шундай қарор қилди» ёки «Брюссель шуни талаб қилди» дейишади. Ваҳоланки, қандайдир мавҳум «Брюссель»нинг ўзи мавжуд эмас. Бу — аъзо давлатлар берган ваколатга таяниб ҳаракат қилаётган Европа комиссияси ёки аъзо давлатлар вакилларининг — масалан, Брюсселда у ёки бу форматда учрашган вазирларнинг биргаликдаги қароридир.
Яна такрорлайман: бу қандайдир номаълум Брюссель эмас. Бу — аъзо давлатларнинг ўзлари қабул қилган қарор. Аммо айрим қарорлар жамиятда унчалик оммабоп бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли «Мен ўз мамлакатимнинг вазири сифатида ушбу қарорни қабул қилишда иштирок этдим ва масъулиятни ўз зиммамга оламан» дейишдан кўра, «Хуллас, буни Брюссель қилди» деб қутулиш анча осонроқ.
Таъкидлаб ўтаманки, бу ерда ҳақиқий демократия танқислиги мавжуд эмас. Аъзо давлатлар сиёсатчилари учун эса гўёки шундай муаммо бордек таассурот уйғотмаслик жуда муҳим, чунки бу оммалашган, лекин мутлақо нотўғри бўлган қарашларни озиқлантиради.
Юқорида эслатиб ўтганингиздек, мен эстонияликман. Ва шуни айтишим мумкинки, 1980-йиллар охири — 1990-йиллар бошида Эстонияда содир бўлган воқеалардан жуда мамнунман. Ўша пайтда бизда барқарорликни таъминлаган давлат тизимини яратган етакчилар бор эди. Бу тизим аниқ бир шахсга эмас, балки мамлакатга ҳар қандай алоҳида инсондан кўра узоқроқ яшай оладиган ва узоқ муддатли барқарорликни кафолатлайдиган давлат тузилмаси кераклигини англашга асосланганди.
Ўйлайманки, бу эстон раҳбарларининг жуда муҳим ва оқилона қадами бўлган — ўшанда пойдевори қўйилган институтлар бугунги кунгача фаолият юритмоқда.
Ўзбекистонда ҳам мустаҳкам тизимларни шакллантириш зарурлиги ҳақида очиқ айтилмоқда. Пировардида ҳар қандай давлат учун узоқ истиқболда энг муҳим нарса — бу бир кишига қараб қолмаган, аксинча, мамлакат ва унинг халқи учун барқарорлик, хавфсизлик ва фаровонликни кафолатлайдиган барқарор давлат тизимига эга бўлишдир.
Албатта, кузатувчи сифатида шахсий қарашларим ва фикрларим бўлиши табиий. Ва мен чиндан ҳам олдинга интилиш, 2017 йилда бошланган ислоҳотларни давом эттириш ўта муҳим деб ҳисоблайман.
Бироқ, охир-оқибат, ишлар қанчалик сифатли ва тўлақонли бажарилганини, яна нималар қилиниши кераклигини асосан Ўзбекистон фуқароларининг ўзлари баҳолашлари лозим. Шунингдек, уларда мамлакат раҳбарияти билан доимий мулоқот олиб бориш, фуқаролар ва сиёсий раҳбарият бир тўлқинда бўлишини таъминлаш имконияти бўлиши керак.
Албатта, ҳар бир инсон — у хоҳ нуфузли бўлсин, хоҳ оддий — ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бу — мутлақо тўғри ва ҳар қандай мамлакат учун табиий ҳол. Масала бунинг айнан қай йўсинда амалга оширилишида.
Журналистлар, шубҳасиз, ўз фаолиятига масъулият билан ёндашишлари ва фақат аниқ фактларни етказишларини назорат қилишлари керак. Аммо журналистларнинг бу фактларни, ким бўлишидан — нуфузли шахсми ёки йўқми — қатъи назар, ҳеч ким уларни қўрқитиб босим ўтказмаслигига ишониб, эркин етказа олиши ҳам худди шундай муҳимдир.
Ва бу борада, назаримда, Ўзбекистон ҳали жуда кўп ишларни амалга ошириши керак. Мамлакатдаги ОАВ ҳолати бўйича менга маълум бўлган нарса шуки, афсуски, баъзида журналистлар у ёки бу мавзу салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан чўчиб, уни ёритмасликни маъқул кўради. Ёхуд материал эълон қилинганидан сўнг уларга нисбатан ноҳақ босимлар ўтказилади.
Менимча, бир нарсани тўғри англаш лозим: эркин ва фаол матбуот янада кучли жамият қуриш учун жуда фойдали воситадир. Эркин ва очиқ ОАВ қарор қабул қилувчилар учун илғаш қийин бўлган муаммоларни юзага чиқаради. Улар кимдир яширишни хоҳлаётган камчиликларни ошкор этиши мумкин. Улар илгари етарлича эътибор берилмаган масалаларга жамоатчилик диққатини қарата олади.
Эркин ОАВ — кучли, фаровон ва озод мамлакатни барпо этишда ўта муҳим ҳамкор. Бу — қадрланиши ва қўллаб-қувватланиши керак бўлган қадрият. Шу маънода, Ўзбекистонда ҳали ишлаш керак бўлган жиҳатлар бор деб ҳисоблайман.
Давлат тизимини турлича шакллантириш ва ташкил этиш мумкин. Кучли парламентга эга давлатлар бор, кучли президентлик бошқарувидаги мамлакатлар бор, гибрид тизимга эга давлатлар мавжуд. Шу сабабли айнан шу ерда, Тошкентда қарор қабул қилувчилар давлат тузилишининг қайси тизимини афзал кўришлари ва қандай механизмларни маъқуллашларини ўзлари белгилашлари лозим.
Ҳудудий режалаштириш йўналишида биз Ўзбекистондаги раҳбарларга янада сифатлироқ қарорлар қабул қилишда кўмаклашишга ҳаракат қилмоқдамиз: яъни нима қаерда жойлашиши кераклигини — тўғрироғи, қандай инфратузилма аллақачон қаерда мавжудлигини тушуниш, шаҳарларни қандай қилиб янада самарали қуриш ва лойиҳалаштириш мумкинлигини кўрсатишга интиляпмиз.
Қисқача айтганда, биз Ўзбекистоннинг янада барқарор ва қудратли давлатга айланишига ёрдам бериш йўлида ишладик. Бунда биз ҳам давлат тузилмаларига, ҳам фуқаролик жамиятига кўмак берамиз. Шунингдек, табиий ресурсларни бошқариш — ҳам аграр соҳада, ҳам ундан ташқарида — янада самарали бўлиши ва бу ресурслардан оқилона фойдаланилиши учун атроф-муҳит ва қишлоқ хўжалигига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Ҳозирги кунда, табиийки, бизни Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масаласи ҳам жуда қизиқтиради. Бу Global Gateway дастури доирасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш демакдир — хоҳ у Транскаспий транспорт коридори бўлсин, хоҳ янада сифатли сунъий йўлдош инфратузилмаси ва алоқасини ривожлантириш бўлсин.
Мавжуд ҳамкорлик доирасида биз инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича мунтазам мулоқот олиб борамиз. Бундан ташқари, бизда GSP+ дастури мавжуд бўлиб, унинг доирасида Европа Иттифоқи ўзбек маҳсулотлари учун Европа бозорига имтиёзли кириш имкониятини тақдим этади. Бунинг эвазига эса биз Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари, экологик стандартлар ва бошқа масалаларга оид БМТ конвенцияларига риоя этишини кутамиз.
GSP+ доирасида мунтазам равишда мониторинг ўтказиб борилади. Унинг натижалари эълон қилинади ва очиқ манбаларда сақланади. Яъни Ўзбекистондаги исталган фуқаро уларни ўқиб, таҳлил қилиб, ЕИ ўтган давр мобайнида мамлакатдаги вазият ривожига қандай баҳо берганини кўриши мумкин. Ва, албатта, мазкур таҳлил натижалари Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кейинги мулоқотларимиз учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Бунда гап нафақат компания раҳбариятининг маълум бир давлатга сармоя киритиш истагида, балки компания акциядорлари бу мамлакатни ўз пулларини йўналтириш учун ҳақиқатан ҳам ишончли ҳудуд деб билишида ҳамдир. Шу сабабли қонун устуворлиги — ва одамларнинг унинг ҳолатини қандай қабул қилиши — ғарб инвесторлари томонидан қарор қабул қилинишида ниҳоятда муҳим омил саналади.
Ўзбекистонда европалик компаниялар унчалик кўп эмас — ҳар ҳолда, шахсан мен хоҳлаган даражадан анча кам. Ва, менимча, бу кўплаб компаниялар Ўзбекистонга кириш учун ҳали ҳам ўзларини етарлича ишончда ҳис қилмаётганидан далолат беради. Уларни бунга ишонтириш учун ҳали талайгина ишларни амалга ошириш керак.
Қонун устуворлиги соҳасида нафақат барча ишларни тўғри бажариш, балки одамлар ҳамма нарса адолатли қилинаётганини ўз кўзлари билан кўришлари ҳам шарт. Бу эса шаффофлик демакдир. Бу суд мажлислари ва жараёнларининг очиқлигини англатади. Бу апелляция жараёнлари ҳам мутлақо шаффоф бўлиши кераклигини билдиради.
Кўп жиҳатдан бу — инсонларнинг қабул қилиши, ишончи масаласи. Биз истаганча энг мукаммал қонунларни қабул қилишимиз мумкин. Аммо одамларда нимадир нотўғри кетаётгандек таассурот сақланиб қолса, бу — муаммо. Ва у билан жиддий шуғулланиш зарур.
Халқда «мижоз ҳамиша ҳақ» деган нақл бор. Худди шу тамойил фуқарога нисбатан ҳам амал қилади. Охир-оқибат, айнан фуқаро ўзини ишончда ҳис қилаётганини, ҳукумат ёки суд қарорларини адолатли ва қонуний деб билиш-билмаслигини ўзи ҳал қилиши керак. Якуний баҳони айнан фуқаро бериши шарт. Агар инсон ишлар рисоладагидек кетмаётганини сезаётган бўлса, демак, ҳал қилиниши керак бўлган муаммо мавжуд.
Афғонистон ҳолатида Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар маълум бир пайтда шундай қарорга келди: «Толибон» муайян шартларни бажармагунча биз улар билан ҳеч қандай алоқа ўрнатмаймиз. Ва, табиийки, улар аёллар ва қизларни камситишда давом этар экан, биз толиблар билан ҳамкорлик қилишни истамаймиз.
Бу — биринчи ёндашув. Иккинчи ёндашув эса қуйидагича: «Биз уларни ўзгаришларга ундаш учун мулоқот қилишимиз керак. Шунда уларда йўқотадиган нарса пайдо бўлади ва уларга таъсир ўтказиш имкони туғилади». Бу Афғонистон билан боғлиқ жуда ўзига хос мисол, бироқ айни шу мантиқ бошқа кўплаб халқаро муносабатлар вазиятларида ҳам қўлланади.
Менимча, мутлақ кўпчилик 1970-йилларнинг бошида АҚШ ва Ғарбнинг Хельсинки келишувлари имзоланишига эришиш мақсадида Совет Иттифоқи билан мулоқотга киришиш тўғрисидаги қарорини тўғри бўлган деб ҳисоблайди.
Ушбу ҳужжат инсонларга муайян ҳуқуқларни кафолатлади ва якунда Хельсинки қўмиталарининг, жумладан, Совет Иттифоқида ҳам пайдо бўлишига олиб келди. Бу қўмиталар ҳужжатда мустаҳкамланган ҳуқуқларга риоя қилинишини талаб қилиб чиқди. Ва бу — Совет Иттифоқи билан мулоқотдан бутунлай воз кечишдан кўра анча тўғри қарор бўлган эди.
Демократик давлатларнинг тўлақонли демократияга қараб муайян йўлни босиб ўтиши керак бўлган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиши, турли шароитларда бу давлатларнинг янада очилишига ва умуминсоний қадриятларнинг кенг ёйилишига хизмат қилган деб ўйлайман.
Шахсий фикрим шуки, Европа Иттифоқи учун дунёнинг барча мамлакатлари билан ишлаш ниҳоятда муҳим. Бироқ, шу билан бирга, биз учун ўз қадриятларимизни таъкидлаш, ўзимиз муҳим деб билган соҳаларга — хоҳ у ОАВ, фуқаролик жамияти, меҳнат ҳуқуқлари ёки бошқа масалалар бўлсин — эътибор қаратилишини қатъий талаб қилиш ҳам бирдек зарурдир.
Мен бу ёндашувларни бир-бирини инкор этувчи деб ҳисобламайман. Аксинча, улар бир-бирини тўлдиради. Таъсир ўтказиш ричагларига эга бўлиш ва ниманидир ўзгартира олиш учун ҳамкорлик қилиш, мулоқот олиб бориш ўта муҳим.
Ва, пировардида, сўзим аввалида айтганимдек, турли жамиятлар ва мамлакатлар дуч келиши мумкин бўлган барча қийинчиликларга қарамай, демократия — энг яхши тизимдир. Бу эса дунёнинг барча халқлари билан йўлимиз бир эканини англатади. Биз шунчаки демократия барчамизга қандай улкан наф келтиришини биргаликда англашга эришиш учун умумий ҳаракатлар қилишда давом этишимиз керак.
Бу шуни англатадики, бир марта ва умрбодга эришиладиган барқарорлик бўлмайди. Доимий равишда изланиш, юзага келаётган муаммоларни мунтазам ҳал қилиб бориш зарур.
Демократиянинг асл моҳияти ҳам айнан шунда: қарор қабул қиладиган ва қабул қилиши керак бўлган инсонлар ўзларини ушбу тизимнинг узвий бир бўлаги сифатида ҳис қилишларини доимо таъминлаб туриш лозим. Токи улар бир ёқадан бош чиқариб, ушбу мукаммал бўлмаган, аммо барибир энг эзгу тизимни биргаликда қуришда давом этишни истасин.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.