Тиббий хизматларни реклама қилаётган тадбиркорлик субъектлари қонун талабларига амал қилишга чақирилди

Тиббий хизматларни реклама қилаётган тадбиркорлик субъектлари қонун талабларига амал қилишга чақирилди


Рақобат қўмитаси тиббий хизматларни реклама қилаётган тадбиркорлик субъектларини реклама қонунчилиги талабларига риоя этишга чақирди.

Қўмита маълумотига кўра, сўнгги вақтларда тиббий хизматлар рекламасида «касалликдан бир умрга халос қиламиз», «мутлақо хавфсиз», «3 кунда даволаймиз», «ҳеч қандай ножўя таъсири йўқ», «бизга келган беморларнинг барчаси соғайди» каби натижа, хавфсизлик ёки самарадорликни ошириб кўрсатувчи иборалардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Тиббий хизматлар рекламасида даволаш натижасини кафолатлаш, мутлақ хавфсизликни ваъда қилиш, қарши кўрсатмалар ёки организмнинг индивидуал хусусиятларини инкор этувчи маълумотлардан фойдаланиш амалдаги қонунчилик талабларининг бузилишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, тиббий фаолият учун берилган лицензияда кўрсатилмаган хизматларни реклама қилиш тақиқланади.

«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига кўра, истеъмолчини чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган номақбул реклама тақиқланади. Қонуннинг 47-моддасига асосан, номақбул реклама берганлик учун 70 БҲМ миқдорида жарима қўлланиши мумкин.

Бундан ташқари, нотўғри реклама оқибатида истеъмолчига зарар етказилган тақдирда, зарар тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Қўмита тиббий хизматлар рекламаси бўйича тизимли мониторинг олиб борилишини маълум қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.