Нукус тумани ҳокими Зияуатдин Зайтовнинг маълум қилишича, туманда камбағалликдан чиқариш дастурига 620 та оила, яъни 2865 киши киритилган. Унинг сўзларига кўра, ушбу оилалар таркиби ўрганилгандан сўнг 765 нафар фуқаро билан бевосита ишлаш зарурлиги аниқланган. Улардан 464 нафари расман ишлайди, аммо даромади паст.
Мирзиёев ёрдамни манзилли йўналтириш, яъни унга ҳақиқатан муҳтож бўлганларга бериш кераклигини таъкидлади.
«Менинг мақсадим — эга-эгасини топиб, жойини топиб, керак одам билан шуғулланайлик. Мен берган пулни керак одамга беринглар, Худо хайрингизни берсин», — деди президент «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида.
Президент, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларга кам таъминланган оилалар билан манзилли ишлаш ва фуқароларни иш билан таъминлаш учун зарур ваколатлар берилганини айтди.
«Одамнинг онгини ўзгартиринглар. Нима ваколатинг йўқ? Мана энди ҳамма нарсани сенинг қўлингга бердим. Банкир ҳам сенда, муовин ҳам сенда, солиқ ҳам сенда. Қарор билан штабнинг бошлиғига бердим, тўғрими?» — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари объектив сабабларга кўра давлат ёрдамига муҳтож бўлган одамлар ва меҳнатга лаёқатли фуқароларга турлича ёндашиш кераклигини таъкидлади.
«Давлат қарамоғида бўлганга президентнинг бош оғрисин. Сенинг бошинг оғримасин. Мен унга нафақа ҳам бераман, стипендия ҳам бераман, мен унга ойликни ҳам бераман. Уни ўзим, мен ҳеч қайсига ташлаб қўймайман», — деди Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, меҳнатга лаёқатли фуқароларга эса даромад манбаини яратишда ёрдам бериш, жумладан, кредит ажратиш, чорва олиб бериш ёки маҳаллий тадбиркорларга ишга жойлаштириш керак.

«Сен кредит олган экансан 10 миллиард. Шу 10 миллиардни беш йилда эмас, 10 йилда чўзиб бераман сенга яна. Лекин менга 50 та одамни иш билан таъминлаб бер. Мен сенга солиғингни тўлашнинг 5 фоизини камайтириб бераман. Менга 20 та одамни иш билан таъминла».
Зайтов туманда қарийб 1300 нафар тадбиркор борлигини, улар орасидан ҳокимлик 20 нафар «лидер» тадбиркорни танлаб олганини маълум қилди. Қўллаб-қувватланган лойиҳалардан бири ишини 20 нафар ходим билан бошлаган, ҳозир эса 200 кишини иш билан таъминламоқда.
Мирзиёев, шунингдек, унинг сўзларига кўра, қабул қилинаётган қарорлар ва берилган ваколатларни батафсил ўрганмаётган ҳокимларни танқид қилди.
«Ҳокимнинг қарорни ўқишга тоқати йўқ. Энг азоб, мен шунчалик уни ўтириб-ўтириб, қийналиб қўл қўяман, лекин ичига кирмайди», — деди у.
Президент ҳоким бўлиб ишлаган даврида ҳужжатларни батафсил ўрганиб, қандай натижага эришиш кераклигини мустақил белгилаганини эслатди.
«Сизларга ҳамма ваколатни берганман. Шунинг учун йил якунидан кейин бугунги фармонимни ҳам тушунмаган одам билан мен ишламайман», — деди у.
Президент аҳоли даромадларининг ошиши ҳокимликларнинг одамлар билан ишлаш самарадорлигига бевосита таъсир қилишини ҳам таъкидлади.
«Одамлар қанча кўп даромадли бўлса, сенинг гапинг қулоғига мойдай ёқади. Даромадсиз одамга гапирсанг, сени эшитгиси ҳам келмайди, кўргиси ҳам. Тўғрими?» — деди Шавкат Мирзиёев.
У, шунингдек, катта авлод вакилларини жамоат ҳаётида ва маҳаллий ҳокимликлар фаолияти устидан назоратда фаолроқ иштирок этишга чақирди.
«„Нуроний“ жамғармаси ҳокимни таклиф қилиб, ҳокимнинг айбини бўйнига қўйиб, президентга ишдан олинсин деб тавсиянома беряпсизлар. Мен розиман шуни кўриб чиқишга», — деди у.
Мирзиёев катта авлод вакилларини «элнинг боши» деб атаб, уларни тинчлик ва осойишталикни қадрлайдиган бефарқ бўлмаган инсонлар сифатида таърифлади.
«Мени энг катта масалам — тинчликни таъминлаб бериш. Тинчликни. Худо кўрсатмасин, агар тинчлик бўлмаса, бу ҳамжиҳатлик, бу натижадорлик бўлмайди», — дея таъкидлади президент.

Корхона, шунингдек, кам таъминланган 10 та оиладаги аёллар билан ишлашни бошлаган. Уларга йўл ҳақи ва овқатланиш харажатлари қоплаб берилмоқда. Тадбиркор бу оилаларни камбағаллик реестридан чиқариш ва уларнинг уй-жой шароитини яхшилашга ёрдам бериш ниятида эканини билдирди.
Бунга жавобан Мирзиёев аёлларни иш билан таъминлайдиган бизнес учун рағбатларни кенгайтиришни таклиф қилди.
«Аёллар кенгаши тадбиркорларининг банкдан фоизи, солиқдан имконияти бўлади… Фақат аёлларни ишга жойлаштирганларга», — деди президент.
Мирзиёев, шунингдек, ҳар йили Мустақиллик куни арафасида бошқа аёллар учун иш ўринлари яратаётган тадбиркор ва раҳбар аёлларни давлат мукофотларига тавсия этишни таклиф қилди.
«Фақат аёлларни ишга жойлаштирган тадбиркорларнинг пулини қилиб берасизлар», — деди президент.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.