«Интеграция саммитларда эмас, балки кундалик ҳаётда сезила бошлагандагина чинакам мазмун касб этади». Экспертлар — МО ҳамкорлигининг келажаги ҳақида

«Интеграция саммитларда эмас, балки кундалик ҳаётда сезила бошлагандагина чинакам мазмун касб этади». Экспертлар — МО ҳамкорлигининг келажаги ҳақида

Италиянинг Каденаббия шаҳрида «Глобал ўзгаришлар шароитида Марказий Осиё: мустақил стратегиялар, минтақавий хавфсизлик ва янги ҳамкорликнинг шаклланиши» мавзусида халқаро экспертлар учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича Минтақавий дастури томонидан ташкил этилди. Унинг ишида минтақа давлатларининг экспертлик, парламент ва илмий ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.

Gazeta иштирокчилар ўртасида бугунги кунда Марказий Осиё ўзлигини нима шакллантираётгани, минтақавий ҳамкорликнинг ҳозирги босқичидаги асосий ютуқ ва ҳозирча нималар етишмаётгани, шунингдек, ўзаро яқинлашувнинг кейинги босқичи сифатида қандай ҳамкорлик формати хизмат қилиши мумкинлиги ҳақида блиц-сўров ўтказди.

Gazeta: Сизнингча, Марказий Осиё ўзлигини ифодаловчи учта сўзни айтинг.

Бақит Какешов, мустақил эксперт, Қирғизистон:


«Интеграция саммитларда эмас, балки кундалик ҳаётда сезила бошлагандагина чинакам мазмун касб этади». Экспертлар — МО ҳамкорлигининг келажаги ҳақида
Фото: who.ca-news.org

Тарих, меҳмондўстлик ва матонат. Минтақанинг барча халқлари ўз аждодларининг энг бой тарихи ва маданиятини мерос қилиб олган бўлиб, бу мерос бугунги глобаллашувнинг шиддат билан ривожланаётган дунёсига мослашмоқда. Одамларимизнинг меҳмондўстлиги бутун дунёга машҳур ва бу уларнинг этник кодидаги очиқлик ҳамда дўстоналикни намоён этади. Матонат эса асрлар оша ўзининг бетакрор ўзлигини асраб қолган ва ўзга маданий-цивилизацион маконларда эриб кетмаган минтақа халқларининг ички куч-қудратидир.

Бобур Бекмуродов, «Юксалиш» ҳаракати раиси, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:


«Интеграция саммитларда эмас, балки кундалик ҳаётда сезила бошлагандагина чинакам мазмун касб этади». Экспертлар — МО ҳамкорлигининг келажаги ҳақида
Фото: Бобур Бекмуродов / Facebook

Дарё, чорраҳа, дастурхон. Амударё ва Сирдарё чегаралардан рухсат сўрамай заминларимиз бўйлаб оқиб ўтади, бу ерда униб-ўсган ҳар бир нарса эса ўзлаштириб бўлмайдиган, фақатгина баҳам кўриш мумкин бўлган сув бўйида қад ростлаган. Чорраҳа — асрлар давомида биз орқали карвонлар, тиллар ва ғоялар ўтган, биз ёт нарсалардан қўрқмасликни, балки уларни ўзимизникига айлантиришни ўргандик. Дастурхон — кўчманчи ўтовда ҳам, қадимий шаҳар маҳалласида ҳам меҳмон ҳамиша азиз саналган, бу дастурхон атрофида бегоналар бўлмайди: меҳмондўстлик бизда урф-одат эмас, қонунга айланган.

Жилдиз Таалайбек қизи, Қирғизистон Жогорку Кенеши тўрағаси ўринбосари:


«Интеграция саммитларда эмас, балки кундалик ҳаётда сезила бошлагандагина чинакам мазмун касб этади». Экспертлар — МО ҳамкорлигининг келажаги ҳақида
Фото: AKIpress

Хотира, қўшничилик, ўзаро боғлиқлик. Бизни умумий тарихий ва маданий макон боғлаб туради, бироқ бугун бунинг ўзи етарли эмас. Замонавий Марказий Осиё ўзлиги, менинг назаримда, мамлакатларимиз фаровонлиги ва барқарорлиги бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканини англашда ҳам намоён бўлиши лозим.

Акром Неъматов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари:


«Интеграция саммитларда эмас, балки кундалик ҳаётда сезила бошлагандагина чинакам мазмун касб этади». Экспертлар — МО ҳамкорлигининг келажаги ҳақида
Фото: uzconsaktau / Instagram

Дахлдорлик. Яхши қўшничилик. Масъулият. Марказий Осиё ўзлиги мен учун — миллий ўзига хослигимизни сақлаган ҳолда умумий маконда яшаётганимизни, қўшниларнинг тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги эса ўз тараққиётимизнинг ажралмас шартига айланиб бораётганини тушунишдир. Айнан шу сабабли гап унификация ҳақида эмас, балки минтақанинг умумий келажаги учун муштарак масъулият хусусида бормоқда.

Gazeta: Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг ҳозирги босқичидаги асосий устунликни нимада кўрасиз?

Бақит Какешов:


Евроосиё қитъасининг марказида транспорт-логистика коридорларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича консенсусга эришилганида. Ҳамкорликнинг бугунги босқичи минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаати йўлида аниқ амалий натижаларга эришишга тобора кўпроқ йўналтирилмоқда.

Бобур Бекмуродов:


Бир неча юз йиллар ичида илк бор ўз ишларимизни ташқи ҳакамсиз, ўзаро ҳал қиляпмиз.

Илгари минтақадаги ҳар қандай низо эртами-кечми ташқарига чиқиб кетар ва бегона қарор бўлиб қайтар эди. Бугун давлат раҳбарларимиз тўғридан тўғри келишиб олишмоқда ва бу ўнлаб йиллар давомида ҳал қилиб бўлмайдигандек туйилган масалаларни ечишга хизмат қилди: чегара муаммолари тартибга солинди, Фарғона водийси тинч ва ишбилармон маконга айланди. Қадрият нафақат келишувларнинг ўзида, балки мустақил равишда келиша олиш одати шаклланганидадир.

Жилдиз Таалайбек қизи:


Биз қўшничиликни онгли шерикликка айлантиришни бошладик. Бугунги кунда минтақа давлатлари барча учун муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар бўйича мустақил равишда ечим топмоқда. Бу муносабатларни оддий қўшничиликдан ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорлик сари босқичма-босқич олиб чиқмоқда.

Акром Неъматов:


Ишонч.

Айнан ишонч минтақанинг асосий сиёсий ресурсига айланди. Ишонч туфайли биз тўпланиб қолган муаммоларни шунчаки назорат қилишдан, уларни амалий ҳал этишга ўтдик — ҳатто давлат чегаралари, сув ва транспорт коммуникациялари каби ниҳоятда нозик масалаларда ҳам.

Бу борада Фарғона водийси бутун Марказий Осиё учун минтақавий ҳамкорликнинг, айниқса, чегараолди ҳудудларни биргаликда ривожлантириш бўйича ўзига хос модель майдонига айланиши мумкин.

Айнан Фарғона водийси яқин-яқингача мураккаб чегара муаммолари билан боғланган ҳудуднинг эндиликда очиқ чегаралар, савдо, инфратузилма, инсоний алоқалар ва қўшма лойиҳалар маконига қандай айлана олишини кўрсатмоқда.

Маълум маънода, ушбу тажриба халқаро эътирофга ҳам эришди: 2026 йил 20 май куни БМТ Бош ассамблеяси Қирғизистон ташаббуси билан, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида илгари сурилган «Чегара низоларини тинч йўл билан ҳал этиш» резолюциясини қабул қилди. У бундай масалаларни мулоқот, музокаралар ва ўзаро мақбул тинч ечимлар орқали ҳал қилиш тамойилларини глобал даражада мустаҳкамлади.

Шу сабабли навбатдаги вазифа — эришилган тинчликни биргаликдаги тараққиётга айлантириш: чегараолди корхоналари, бозорлар, транспорт-логистика марказлари ва инфратузилмани барпо этишдир. Очиқ чегара ва яхши қўшничилик оддий одамга, тадбиркорга ва маҳаллий жамиятга бевосита фойда келтира бошлагандагина мустаҳкам пойдеворга эга бўлади.

Gazeta: Сизнингча, бугунги минтақавий мулоқотда қайси бир жиҳат етишмаяпти?

Бақит Какешов:


Марказий Осиё республикаларини бирлаштирадиган ягона, умумэътироф этилган минтақавий етакчи йўқ. Фуқароларимиз жипслашув афзалликларини ўз ҳаётларида ҳис қилишлари учун ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар лойиҳалар янада фаол илгари сурилишини истардим.

Бобур Бекмуродов:


Бизга янада кўпроқ очиқлик керак.

Биз келишиб олишни аллақачон ўргандик — эндиги қадам: протокол талабларига қараб ўтирмай, бир-биримиз билан очиқ гаплашишни ўрганиш. Чинакам дўстлик мақтовлар билан эмас, балки мураккаб масалаларни ошкора муҳокама қилиш ва биргаликда ечим топиш лаёқати билан синалади. Бугун мамлакатларимиз ўртасида ана шундай самимий бўлиш учун етарлича ишонч мавжуд, парламентлар ҳамда фуқаролик жамияти эса бундай мулоқот учун энг табиий майдондир.

Жилдиз Таалайбек қизи:


Изчиллик.

Марказий Осиёдаги сиёсий мулоқот анча фаоллашди, бироқ эришилган келишувлар аниқ лойиҳаларга ва узоқ муддатли ҳамкорлик механизмларига тизимли равишда айланиб борсагина, унинг салоҳиятини тўлиқроқ очиш мумкин.

Акром Неъматов:


Кенг жамоатчилик таянчи.

Давлатлар ўртасидаги сиёсий ишонч аллақачон сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Эндиликда минтақавий ҳамкорлик инсонларнинг кундалик ҳаётининг табиий қисмига айланиши муҳим — таклиф этилаётган Минтақавий ўзлик концепциясининг асосий мақсадларидан бири ҳам айнан ана шундай кенг жамоатчилик таянчини шакллантиришдан иборатдир.

Бошқача айтганда, минтақавий яқинлашув очиқ чегаралар, янги иш ўринлари, таълим, бизнес, саёҳат ва мулоқот имкониятлари орқали оддий фуқаро томонидан тобора кўпроқ ҳис этилиши керак.

Gazeta: Келажакда Марказий Осиё учун қайси ҳамкорлик форматини мақбул деб ҳисоблайсиз: ҳозирги мулоқот моделини сақлаб қолишми, айрим соҳаларда янада чуқурроқ интеграциялашувми ёки тўлақонли интеграцион бирлашма тузишми?

Бақит Какешов:


Минтақавий ҳамкорликнинг кўп томонлама форматини энг мақбул деб биламан, келажакда эса Марказий Осиёнинг айрим давлатлари билан муайян соҳаларда янада чуқурроқ интеграциялашув мақсадга мувофиқдир.

Бобур Бекмуродов:


Алоҳида соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш — бироқ чин дилдан, жиддий равишда.

Европа ўз вақтида конституциядан эмас, балки кўмир ва пўлатдан бошлаган: институтлар амалиётнинг ортидан келган, аксинча эмас. Бизнинг «кўмир ва пўлатимиз» — сув, транспорт, энергетика ва таълимдир.

Инсон дарҳол ҳис қиладиган нарсалардан бошлаш зарур: масалан, минтақанинг исталган мамлакати фуқароси музейда, транспортда ва алоқа хизматларида чет эллик сифатида эмас, балки маҳаллий аҳоли каби ҳақ тўлайдиган «қўшни картаси»ни жорий қилиш мумкин. Интеграция саммитларда эмас, балки кундалик ҳаётда сезила бошлаган кундан эътиборан ҳақиқий мазмунга эга бўлади.

Жилдиз Таалайбек қизи:


Расмий қолиплар орқали эмас, балки амалиёт орқали интеграция.

Мен келажакни мамлакатларимиз манфаатлари холисона мос келадиган соҳаларда янада чуқур ҳамкорликда кўраман. Агар қўшма лойиҳалар одамларга ва иқтисодиётга фойда келтирса, янада яқин ҳамкорлик табиий кейинги қадамга айланади.

Акром Неъматов:


Минтақавий ҳамкорликни босқичма-босқич институционаллаштирган ҳолда, алоҳида соҳаларда чуқурроқ амалий интеграциялашув.

Бизга шунчаки интеграция бўлиши учунгина интеграция қилиш ёхуд қаттиқ назоратга эга умуммиллий тузилмаларни барпо этишнинг ҳожати йўқ. Шу билан бирга, бугунги кунда Марказий Осиёда кечаётган ижобий жараёнлар барқарор ва ортга қайтмас тус олиши муҳим. Бунинг учун мослашувчан, прагматик ва консенсусга асосланган муайян институционаллашув талаб этилади.

Бу мавжуд минтақавий механизмларни мустаҳкамлаш, мамлакатларнинг очиқ-ойдин умумий манфаатлари мавжуд бўлган соҳаларда — савдо, транспорт, сув, энергетика, таълим, экология ва бошқа йўналишларда доимий ишчи форматлар ҳамда биргаликдаги воситаларни шакллантириш бўлиши мумкин.

Бунда ҳар бир давлатнинг суверен тенглиги, миллий ўзлиги ва ташқи сиёсий танлов эркинлиги сўзсиз сақланиб қолиши лозим. Янада жипслашган Марказий Осиё ёпиқ эмас, балки аксинча, анча мустақил, барқарор ва дунёга очиқ минтақага айланиши керак.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.