Шавкат Мирзиёев ФАОнинг Agricola медали билан мукофотланди

Шавкат Мирзиёев ФАОнинг Agricola медали билан мукофотланди

Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюйни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

ФАО раҳбари Бутунжаҳон пахта кунига бағишланган халқаро конференция ҳамда денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг аграр ва озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришга бағишланган иккинчи форумда иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Шавкат Мирзиёев ФАОнинг Agricola медали билан мукофотланди
Ўзбекистон билан БМТнинг мазкур тузилмаси ўртасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон илк бор 2028 йилдан 2029 йилгача бўлган давр учун ФАО Кенгаши таркибига сайланди. Эртага Тошкентда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун Агроинновациялар хаби ишга туширилади.

Учрашув давомида янги ҳамкорлик дастурини самарали амалга ошириш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, иқлим молияси маблағларини жалб қилиш, тажриба алмашиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш каби йўналишларда истиқболли қўшма лойиҳалар портфелини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Самимий мулоқот якунида Цюй Дунъюй Шавкат Мирзиёевнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш соҳаларидаги ташаббуслари ва эришган ютуқларининг юксак эътирофи сифатида давлатимиз раҳбарига ФАОнинг олий мукофоти — Agricola медалини топширди.

БМТнинг ФАО ташкилоти томонидан 1977 йилда таъсис этилган Agricola медали очликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби умуминсоний мақсадларга эришиш йўлида фидойилик кўрсатган ҳамда амалий чораларни амалга оширган атоқли арбобларга берилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.