Россияда меҳнат мигрантлари учун ҳужжат топшириш муддатлари ва «Амина» иловаси бўйича янги талаблар жорий этилди
Москва вилоятида хориж фуқаролари учун миграция ҳисобига туриш, дактилоскопия, тиббий кўрикдан ўтиш ва патент расмийлаштириш бўйича аниқ муддатлар
белгиланди.
Ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари:
- Миграция ҳисоби: Мамлакатга кириб келингач, умумий тартибда 7 иш куни ичида ҳисобга туриш лозим. ЕОИИ давлатлари (Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон) фуқаролари учун бу муддат 30 кун, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун эса 15 кунни ташкил этади.
- Дактилоскопия ва фотосуратга тушиш: Меҳнат мигрантлари 30 календарь куни ичида, бошқа мақсадда келиб 90 кундан ортиқ қолувчи хорижликлар эса 90 кун ичида ушбу жараёндан ўтиши шарт.
- Тиббий кўрик: 90 кундан ортиқ муддатга келувчилар 30 календарь куни ичида дастлабки тиббий кўрикдан ўтишлари ва кейинчалик бу жараённи ҳар йили такрорлашлари лозим.
- Иш патенти: Мамлакатга киргач 30 календарь куни ичида фақат шахсан «Сахарово» кўп тармоқли миграция маркази орқали ариза топшириш талаб этилади. Патент 10 иш кунида расмийлаштирилади. Муддатни ўтказиб юборганлик учун 10 минг рублдан 15 минг рублгача жарима солинади.
2026 йил 1 сентябрдан эътиборан Москва ва Москва вилоятида «Амина» иловасини мажбурий ишлатиши керак бўлган хорижликлар рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда ушбу рўйхатга талабалар, меҳнат мигрантларининг оила аъзолари ҳамда хусусий ёки меҳмонлик ташрифи билан 90 кундан ортиқ муддатга келганлар ҳам киритилди. Илова рўйхатдан ўтилган манзилни амалдаги геолокация билан солиштириб туради. Агар геолокация кетма-кет 3 иш куни давомида мавжуд бўлмаса, хориж фуқароси миграция ҳисобидан чиқарилиб, назоратдаги шахслар реестрига киритилиши мумкин.
Ҳисобга туриш муддатларини бузиш ёки бўлиш муддатини ошириб юборганлик учун 5 минг рублдан 7 минг рублгача жарима солиш ва мамлакатдан чиқариб юбориш (депортация) чораси қўлланилиши назарда тутилган.