Ўзбекистонда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича янги тизим жорий этилади: сунъий интеллект ва криминоген барқарорлик индекси қўлланилади

Ўзбекистонда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича янги тизим жорий этилади: сунъий интеллект ва криминоген барқарорлик индекси қўлланилади


Президент Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар билан танишди. Мамлакатда қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш, криминоген маълумотларнинг ягона рақамли платформасини яратиш ва жиноятчиликни прогноз қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистонда юзни таниб олиш функциясига эга 263 мингта видеокузатув камераси, 70 мингта замонавий домофон ва 22 мингта SOS тугмаси ўрнатилган. Ижтимоий профилактика чоралари натижасида 2,1 миллион нафар фуқаронинг муаммолари манзилли ҳал этилган.

Натижада криминоген вазият энг мураккаб бўлган 809 та маҳалланинг 701 тасида кўрсаткичлар яхшиланиб, улар ушбу тоифадан чиқарилган. Бугунги кунда қарийб 4,4 мингта маҳалла «яшил» тоифага киритилган.

Бироқ рақамли технологияларнинг ривожланиши, кибержиноятчиликнинг кўпайиши ва янги таҳдидларнинг пайдо бўлиши амалдаги механизмларни модернизация қилишни талаб этмоқда. Шу муносабат билан 2014 йилда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Жиноятларга муносабат билдиришдан уларнинг олдини олишга ўтилади

Президент таъкидлаганидек, янги тизим содир этилган ҳуқуқбузарликларга муносабат билдиришдан эҳтимолий хавфларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган проактив моделга ўтиши керак.

Ҳозирда профилактика ишлари билан 14 та давлат идораси шуғулланади. Айрим ҳолларда уларнинг вазифалари бир-бирини такрорлаши, ваколат ва масъулиятнинг аниқ тақсимланмагани кузатилади. Шу боис профилактика субъектлари сонини яна еттита ташкилот ҳисобига кенгайтириш таклиф қилинди.

Шавкат Мирзиёев ушбу таклифнинг заруратини асослаш, ҳар бир идоранинг аниқ вазифалари, ваколатлари ва масъулиятини белгилаш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси комиссиясининг ваколатларини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш режалаштирилмоқда.

Кибержиноятчилик ва жабрланувчиларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилади

Қонуннинг янги таҳририда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар, кибержиноятчилик, уюшган жиноятчилик, яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши профилактика чораларини кучайтириш назарда тутилган.

Шунингдек, ижтимоий ва виктимологик профилактикани такомиллаштириш, таълим муассасаларида профилактика ишларини кенгайтириш ҳамда жиноятдан жабрланган фуқароларни ҳимоя қилишни кучайтириш режалаштирилмоқда.

Хусусан, ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига таҳдид мавжуд бўлган тақдирда жабрланувчилар ва гувоҳлар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, жиноятчиликка қарши курашишга кўмаклашган фуқароларни рағбатлантириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича мажбурий профилактик кўрсатмалар бериш механизмлари қонун билан мустаҳкамланади.

Ҳудудларда криминоген барқарорлик индекси жорий этилади

Янгиликлардан бири криминоген вазиятни баҳолашнинг янги модели бўлади. Илк бор «криминоген барқарорлик индекси»ни жорий этиш режалаштирилмоқда. Унда нафақат жиноятлар статистикаси, балки аҳолининг ўзини қанчалик хавфсиз ҳис қилиши ва латент жиноятчилик кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади.

Бунинг учун давлат органларининг ахборот ресурсларини бирлаштирувчи криминоген маълумотларнинг ягона платформаси яратилади. Шунингдек, хавфларни таҳлил қилиш ва прогнозлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳамда махсус криминоген хариталарни шакллантириш кўзда тутилган.

Ушбу маълумотлар асосида ҳудудлар ва маҳаллалардаги вазият доимий баҳолаб борилади. Хавф даражасига қараб ҳар бир ҳудуд учун манзилли профилактика чоралари белгиланади.

Масъул идоралар фаолияти самарадорлиги аниқ натижалар асосида баҳоланиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш устидан назорат ўрнатилади.

Президент ҳуқуқбузарликлар профилактикаси нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки барча давлат идоралари, маҳаллалар ва жамоатчиликнинг умумий вазифасига айланиши кераклигини таъкидлади.

Тақдимот якунида масъулларга билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини такомиллаштириш, профилактика тизими иштирокчиларининг ваколатларини аниқ белгилаш ҳамда таҳлил ва мониторингнинг рақамли механизмларини жорий этиш топширилди.

Шунингдек, криминоген вазиятни баҳолашнинг янги моделини жорий этиш тўғрисидаги фармон имзоланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.