2026 йилда вилоят 3,5 миллион нафар хорижий сайёҳни қабул қилишни режалаштирган. Келгусида бу кўрсаткични икки баробар ошириш мақсад қилинган. Туризм соҳасини ривожлантириш режалари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида тақдим этилди.
Асосий йўналишлардан бири Бухоронинг Эски шаҳри, Етти пир мажмуаси, Чор-Бакр, шунингдек, Пойкент, Варахша ва Вардонзе қадимий шаҳар харобаларини ягона туристик йўналишга бирлаштириш бўлади. Бу сайёҳлик сафарлари географиясини кенгайтириш ва шаҳар марказидан ташқаридаги тарихий обидаларга ҳам кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш имконини беради.
«Гулчорбоғ» маҳалласида 50 гектар майдонда қиймати 80 миллион долларлик туристик марказ ташкил этиш режалаштирилган. Бу ерда кўргазмалар зали, амфитеатр ва меҳмонхоналар қурилади.
«Жалол Икроми» маҳалласида халқаро тадбирларни ўтказишга мўлжалланган 60 миллион долларлик конгресс-холл барпо этилмоқда. Унинг ёнида Hilton ва Holiday Inn брендлари остида иккита етти қаватли меҳмонхона қурилмоқда.
Шаҳар инфратузилмаси ҳам янгиланади. Бухоронинг марказий қисмидаги саккизта кўча миллий ва замонавий меъморчилик уйғунлиги асосида ободонлаштирилади. Бундан ташқари, шаҳарда олтита янги хиёбон ташкил этилади.
Яна бир йирик лойиҳа Бухоро туманида амалга оширилиши режалаштирилган. 1 минг гектар майдонда қиймати 500 миллион долларлик туристик кластер ташкил этилади. Янги объектлар ва туристик йўналишлар сайёҳларнинг вилоятда бўлиш муддатини 4–5 кунга етказиши кутилмоқда.
Шунингдек, Бухорода йирик халқаро тадбирларни ўтказиш учун махсус мажмуа ташкил этилади. Унинг таркибига конгресс-холл ва иккита меҳмонхона киради. Лойиҳанинг умумий қиймати 136,6 миллион долларни ташкил этади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.