Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Санжар Таджиевнинг таъкидлашича, халқаро меҳмонхона брендлари билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг жаҳон туризм бозоридаги танилишини ошириш билан бирга, йирик бронлаш платформалари, корпоратив мижозлар тармоқлари ва халқаро савдо каналларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради.
Унинг қайд этишича, бу бизнес ва тадбирлар туризмини ривожлантириш, харид қобилияти юқори бўлган хорижий сайёҳларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда туристик хизматлар экспортини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
NH Tashkent меҳмонхонасини 2027 йил бошида очиш режалаштирилган. Унда стандарт хоналар, Junior Suite ва Deluxe тоифаларидаги жами 151 та хона бўлади.
Меҳмонлар учун миллий ва халқаро таомлар таклиф этиладиган ресторан ҳамда замонавий спорт зали ташкил этилади. Шунингдек, халқаро конференциялар, ишбилармонлик учрашувлари ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун конференц-зал жиҳозланади.
Янги меҳмонхонанинг очилиши Тошкентда халқаро даражадаги меҳмонхона хизматлари таклифини кенгайтириш, ишбилармонлик сафарлари ва MICE-туризм инфратузилмасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳозирда Ўзбекистон меҳмонхона бозорида 32 та халқаро бренд фаолият юритмоқда. Ушбу брендлар остида ишлаётган меҳмонхоналар сони 52 тага етган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.