Тошкентнинг электр таъминотида 500 кВли «Ҳалқа» подстанциясига кучланиш берилди

Тошкентнинг электр таъминотида 500 кВли «Ҳалқа» подстанциясига кучланиш берилди


7 ноябрь куни Ўзбекистон энергетика тизимидаги йирик инфратузилмавий лойиҳалардан бири янги 500 кВли «Ҳалқа» подстанциясига кучланиш берилди.

Мамлакатимиздаги энг йирик ва замонавий юқори кучланишли объектлардан бири бўлган ушбу подстанция 1602 МВА қувватга эга. Лойиҳанинг ишга туширилиши Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир қисмида электр энергияси таъминоти ишончлилигини оширади ҳамда мавжуд тармоқларга тушаётган юкламани мақбул тақсимлайди.

Мазкур иншоотнинг ишга туширилиши натижасида Тошкент иссиқлик электр станциясига тушадиган юклама камайиб, станцияда мазут ёқилғисидан фойдаланишга эҳтиёж қолмайди. Бу эса пойтахт ва унга туташ ҳудудларда экологик вазиятни яхшилаш ҳамда атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни камайтиришга хизмат қилади.

Умумий қиймати 171,4 миллион АҚШ долларини ташкил этган ушбу инвестиция лойиҳаси Жаҳон банки иштирокида амалга оширилди. Лойиҳа доирасида «Ҳалқа» подстанцияси билан бир қаторда 220 кВли 213 км ва 500 кВли 72 км (жами 285 км) юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари барпо этилди.

Ҳозирда янги объектларни ягона энергетика тизимига тўлиқ интеграция қилиш бўйича якуний ишлар олиб борилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.