Президент сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш ҳажми етти баробар ошганини ва 2026 йилда 49 трлн сўмга етганини таъкидлади. Мамлакатда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, диагностика ва даволашнинг замонавий технологиялари, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг янги моделлари жорий этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев соҳа ютуқлари қаторида инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий тизимининг яратилгани, онкологик ва гематологик касалликларни эрта аниқлаш ҳамда паллиатив ёрдам ривожлантирилаётганини қайд этди.
Тиббиётни рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. DMED тизими доирасида 38 миллиондан ортиқ фуқаро учун электрон тиббий карталар яратилди. Шунингдек, «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона» ва «Электрон рецепт» тизимлари жорий этилмоқда. Келгусида шифокорлар ва ҳамширалар фаолиятини қўллаб-қувватлашда сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш режалаштирилган.
Давлат раҳбари 2026 йил охирига қадар мамлакатнинг барча ҳудудларида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш ва бутун аҳолини кафолатланган тиббий ёрдам билан қамраб олиш режалари ҳақида ҳам маълум қилди.
Табрикда тиббий таълим ва хусусий сектордаги ютуқлар ҳам қайд этилди. 2017 йилдан буён тиббиёт олийгоҳларига қабул квотаси 4,5 баробар ошди, хорижлик талабалар сони эса 15 минг нафардан ортди. Сўнгги ўн йилда хусусий клиникалар сони 3,5 мингтадан 9 мингтадан зиёдга етди.
Фармацевтика саноатида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Маҳаллий корхоналар 6,8 мингдан ортиқ турдаги дори воситаларини ишлаб чиқармоқда ва маҳсулотларини 50 дан зиёд мамлакатга экспорт қилмоқда.
Президентнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшдан 75,4 ёшга ошган. Келгусида бу кўрсаткични 78 ёшга етказиш, касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхис қўйиш ва даволаш самарадорлигини ошириш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Табрик якунида Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимларига мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, тинчлик ва шарафли фаолиятида муваффақиятлар тилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.