Бекободдаги саноат корхонаси ҳавони ифлослантиргани учун 1,63 млрд сўм жаримага тортилди

Бекободдаги саноат корхонаси ҳавони ифлослантиргани учун 1,63 млрд сўм жаримага тортилди


Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги «М.К.» саноат корхонасида экологик меъёрлар жиддий бузилгани аниқланди. Экология полицияси текшируви натижаларига кўра, айрим ишлаб чиқариш участкаларида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори белгиланган меъёрдан бир неча баробар ошган.

Энг жиддий қоидабузарликлар электр пўлат эритиш цехида қайд этилди. Лаборатория текширувлари натижасида ноорганик чанг миқдори меъёрдан 2,4 баробар, олтингугурт диоксиди 1 533 баробар, углерод оксиди эса 20 баробар юқори экани аниқланди.

Ферроқотишмалар ишлаб чиқариш бўлимида ҳам кўрсаткичлар белгиланган меъёрдан сезиларли даражада ошган. Жумладан, ноорганик чанг миқдори 24,9 баробар, азот диоксиди 2,12 баробар, углерод оксиди эса 23,3 баробар юқори бўлган.

Текширувда чанг ва газларни тозалаш ускуналари самарасиз ишлаётгани, экологик экспертиза талаблари тўлиқ бажарилмагани, айрим чиқинди манбаларида автоматлаштирилган мониторинг тизимлари мавжуд эмаслиги ҳамда лаборатория назорати етарли даражада олиб борилмаётгани аниқланди.

Текширув якунларига кўра, атроф-муҳитни ифлослантиргани учун корхонага 1 млрд 630 млн 920 минг 419 сўм компенсация тўлови ҳисобланди.

Бундан ташқари, корхона раҳбариятига мажбурий кўрсатмалар берилди. Унга чанг ва газ тозалаш ускуналари фильтрларини тўлиқ алмаштириш, уларнинг самарадорлигини камида 95 фоизга етказиш, лаборатория назоратини кучайтириш ҳамда асосий ифлослантириш манбаларига автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш топширилди.

Экология полициясида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар давом этаётгани таъкидланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.