Украина раҳбарияти бу урушни тўхтатиш учун кўп ишлар қилди. Норманд форматидаги музокара жараёни йўлга қўйилди, Минскда уч томонлама мулоқот гуруҳи иш олиб бораётганди, БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Европа Кенгаши майдонларида ҳисобсиз маслаҳатлашувлар ўтказилди… Россияликлар бизни ҳар доим ниманидир рад этаётганликда, ён беришни хоҳламаётганликда ва ҳоказоларда айблаб келди. Ваҳоланки, бу айбловлар асоссиз эди.
2019 йили президент этиб сайлангач, Владимир Зеленский ушбу ҳарбий низони тартибга солиш дастурини таклиф қилди. Парижда босқичма-босқич амалга ошириладиган режа келишилганди, Донецк ва Луганск вилоятларининг оккупация қилинган ҳудудлари билан ўтказиш жойларини очиш, урушни тугатиш учун шарт-шароит яратиш тўғрисида қарорлар қабул қилинганди.
Украина томони ўзининг барча мажбуриятларини бажарди, аммо бунга жавобан бирор бир ён берувчи қадамни кўрмадик. Москвадан ҳақиқий амалий ҳаракатлар бўлмади. Шунга қарамай, президент Зеленский ушбу масалаларни муҳокама қилиш, ўзаро англашувга эришиш ва урушни тугатиш учун бир неча бор Россия президенти билан юзма-юзма учрашишни таклиф қилди.
Кейин бўлса Россия тўлиқ миқёсли босқинга тайёрланаётгани ҳақида ахборот пайдо бўлди ва фаол муҳокама қилина бошлади. Ваҳоланки, россиялик сиёсатчилар: «Йўқ, йўқ, йўқ, биз Украинага қарши урушмаймиз», деб бунинг аксига ишонтирмоқчи бўлди. Охири бу ишонтиришлар Украина ҳудудига маккорона ҳужум билан тугади. Бу Украина ҳудудини ўзига бўйсундиришга қаратилган, ҳеч бир сабабсиз, ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдиган уруш.
Сўнгги бир йил давомида юз берган воқеалар, ўйлайманки, бутун дунёга маълум. Улар Украина фақат уч кунгача туриб бера олади, деб кутишганди. Аммо ҳозир жаҳондаги барча ҳамкорлар Украинанинг тез орада қайд этилажак ғалабаси ҳақида гапирмоқда ҳамда Украина ўз ҳудудларини озод қилиб, Европанинг жуғрофий марказида бошланган қонли урушни тугатишини башорат қилмоқда. Украина ўтган бир йил давомида нафақат ўзининг доимий ҳамкорларини, балки ҳатто Россиянинг эҳтимолий ҳамкорларини ҳам озодлик, демократия ва ўз ҳудудлари ҳимояси учун жанг қилаётганига ишонтира олди.
1991 йили Совет Иттифоқи парчалангач, постсовет маконида, жумладан, Украина ва Ўзбекистон сингари янги давлатлар пайдо бўлди. Биз тинчлик, яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишни истагандик. Украина Россия билан дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартномалар, чегара тўғрисида битим, иқтисодий келишувлар ва бошқа ҳужжатларни имзолаган.
Боз устига, Украина 1994 йили Россиянинг қистови билан ядровий қуролнинг энг катта потенциалларидан бирини хавфсизлик кафолати эвазига топширган эди. Европада тинчликка эришиш учун шундай қилиш зарурлигига бизни ишонтиришган ва биз бу талабга кўнган эдик. БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари, энг аввало, Россия Будапештда Украинага ҳужум қилмаслик, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги кафили сифатида меморандум имзолаган эди. Орадан 20 йил ўтиб, Россия уруш бошлади.
Халқаро муносабатларда бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди: бу нафақат алоҳида давлатларнинг хавфсизлигига таҳдид солади, балки умуман дунё тартибини ҳам издан чиқаради. Бундай шароитда ҳеч бир мамлакат ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди.
Аммо бекорга «ўлдирмайдиган нарса сени кучли қилади», дейишмайди. Ўтган бир йил давомида биз курашишни, омон қолишни, халқаро коалициялар тузишни ва, нима бўлишидан қатъи назар, ғалаба сари олға қадам босишни ўргандик. 2022 йилнинг февралида саноқли давлатларгина бизга қурол билан ёрдам беришга тайёрлигини билдирган бўлса, Рамштайн гуруҳининг тўққизинчи мажлисида жаҳоннинг 54 та мамлакати урушни тўхтатиш, бунинг учун Украинага зарур барча воситаларни тақдим этиш учун ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Биз бугун нафақат украин жамиятининг жипслашувига — украин жамияти ушбу агрессия бошиданоқ ўз ҳудудлари ҳимояси йўлида бирдам эди — балки Украина ўз озодлиги учун курашиб, ўз ҳудудларини ҳимоя қилаётганини кўриб турган G7, Европа Иттифоқи ва жаҳон давлатларининг жипслашувига гувоҳ бўлиб турибмиз. Мисол тариқасида бир фактни келтираман: 143 мамлакат БМТ Бош ассамблеясининг Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватловчи резолюциясини маъқуллаб овоз берди. Бу бизнинг глобал даражада қанчалик қўллаб-қувватланаётганимизни кўрсатиб берувчи жиҳатдир.
Россиянинг Украинага қарши агрессияси кўплаб йўқотишларга, хусусан, инсоний йўқотишларга сабаб бўлди — минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлди! 60 мингдан зиёд уй ва 700 дан ортиқ ўқув муассасалари йўқ қилинди. Мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида энергетика инфратузилмалари бомбардимон қилинди. Шу сабабли биз Украинанинг иқтисодий имкониятлари пасайиб бораётганини кўряпмиз. Украина ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми тахминан 30 фоизга қисқарди, чунки кўплаб корхоналар одатдаги тартибда ишлай олмаяпти.
Аммо аҳолимиз ва расмийларимиз бирлашиб, мослашишга муваффақ бўлди: армия фронтда жанг қилмоқда, бизнес иқтисодиётни маромда ушлаб турибди, одамлар ишлаяпти, болалар мактабга қатнаяпти. Шифокорлар, ўқитувчилар, энергетиклар ўз ҳиссасини қўшяпти. Давлат аппарати инқирозли вазиятларга оғишмай эътибор қаратяпти, тизимни нафақат бошқарса бўляпти, балки у ойдан-ойга мустаҳкамланиб бормоқда.
Биргина мисол келтираман: 2022 йилнинг 1 январида Украинанинг валюта захиралари салкам 31 млрд доллар эди. Июлга келиб улар 22,8 млрд долларгача камайди, аммо 2022 йилнинг декабрида 28 млрд долларгача ошди. Кўриб турганингиздек, фарқ унчалик ҳам катта эмас. Яъни, мослашиш жараёни кечмоқда. Биз декабрга келиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ўтган йилги даражагача қайта тикладик ва ўтган йили 26,6 млн тонна ғалла ҳосили кўтардик. Бу жуда юқори кўрсаткич. Ўтган йилнинг якунига биз шундай кўрсаткичлар билан келдик ва, умид қиламизки, уруш бу йил тугайди. Бизнинг ғалабамиз билан тугайди.
Бизнинг нуқтаи назаримизни етказиш учун мен 2022 йилнинг 16 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан учрашдим. Учрашув вақтида, маълумотларимизга кўра, ҳарбий ҳужум ёки Украинага қарши уруш кутилаётганини маълум қилдим. Бунга ҳеч кимнинг ишонгиси келмади, суҳбатдошларим буларнинг бари бемаънигарчилик экани ва ҳеч кимнинг бунга ҳадди сиғмаслиги, чунки оқибати қандай фалокатли бўлишини ҳамма ҳам тушуниши ҳақида гапиришди. Бизнинг ҳам яхшиликдан умид қилгимиз келарди, аммо Россия бу урушга сўнгги саккиз йил давомида тайёргарлик кўрганини билардик, шунинг учун биз ҳам тайёрландик — мудофаага.
Элчихонамиз учун бу ҳақиқий кураш бўлди. Биздан урушнинг экстремал шароиотларида ишлаш талаб қилинди: Ўзбекистон томонига зудлик билан ахборот етказиш, ёрдам кўрсатиш бўйича сўровларимизни аниқ-тиниқ ифодалаш, Ўзбекистон нафақат бетарафликни сақлаб қолиши, балки ушбу қуролли низони тинч йўл билан ҳал қилиш учун халқаро майдондаги нуфузидан фойдаланиши учун қўлимиздан келган барча чораларни ишга солишимиз керак бўлди.
Ва бизни эшитишди. 2022 йилнинг мартида (ўша вақтдаги Ўзбекистон ташқи ишлар вазири — таҳр.) жаноб [Абдулазиз] Комилов Ўзбекистоннинг позициясини очиқ эълон қилганидан жуда хурсандман. Мамлакатингизнинг ушбу муаммони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилишга кўмаклашиш бўйича позицияси — жуда муҳим.
Ҳиссиётларга келсак, улар жуда мураккаб. Қотилликлар, қонли зўравонликлар, шаҳарларни бомбардимон, болалар уйларининг йўқ қилиниши, украин фуқароларининг депортация қилиниши, украин оилаларини, болаларини ажратиш ҳақидаги хабарларни кўргандаги ҳис-туйғулар ҳақида гапириш оғир.
Россия бизни мунтазам ва мутлақо асоссиз равишда нацизмда айблаяпти, ўзини «денацификация»га масъул деб ўйлаяпти, Россияга Украина томонидан юз бериши мумкин бўлган қандайдир хаёлий ҳарбий таҳдид ҳақида таъкидлаяпти… Буларнинг бари оқлов ва баҳона. Украинадан Россияга бўлиши мумкин бўлган ягона хавф — бу бизнинг потенциал ижтимоий ва иқтисодий тараққиётимиз эди.
Украина — бу инсон капитали манбаси, технолоик тараққиёт маркази, маданият бешиги, санъатнинг креатив ҳаракатлантирувчиси. Ва биз ўз озодлигимиз, демократиямиз ва мустақиллигимизни Россия қайта тикламоқчи бўлаётган салтанат меҳробига топширишга рози эмасмиз. Биз украиналикларнинг келажак авлодини рақобатбардош бўлмаган давлат шаклида маънисиз ҳаёт кечиришга маҳкум қилишга ҳам рози эмасмиз.
Аслида бу анъанавий ҳудуд учун бўлаётган уруш эмас, бу келажак учун, жаҳондаги келгуси ўрин учун, фарзандларимизга қолдирадиган қадрият ва принциплар учун, улар бу дунёни қандай кўришлари ва ўзарини бу дунёда қандай кўришлари учун бўлаётган урушдир. Бу экзистенциал уруш. Биз унда мағлуб бўла олмаймиз, акс ҳолда бизни дунё харитасидан супуриб ташлашади. Украиналиклар буни тушуниб турибди.
Биз одамларда ҳафсаласизлик йўқлигини, қўрқув йўқлигини кўрдик. Улар ҳаво тревогалари вақтида бомбапаноҳларда 10 соатлаб ўтиришади, у ердан чиқиб, яна ишларини давом эттиришади. Стартаплар ишга туширишяпти. Бомбардимон остида маҳсулот ишлаб чиқара олмаётганлар ўз ишлаб чиқаришларини бошқа мамлакатларга кўчириб, маҳсулотларини сотиш учун Украинага ҳам юборяпти. Ўқитувчилар масофадан туриб талабаларга маърузалар ўқияпти.
Шу боис, ўзимда кечаётган ҳиссиётлар ҳақида гапирадиган бўлсам, бу — энг аввало, ўз халқим, президентим, Қуролли Кучларимдан ғурур ҳисси. Улар катта қурбонликлар беришмоқда ва уруш ҳали тугамаганини, бизни олдинда яна йўқотишлар кутаётганини биламиз. Аммо озодлик, эркинлик бебаҳо, у мана шундай қурбонликларга арзийди. Биз давлатни қайта тиклаймиз — фаровон, европача, ҳар доим Украинани ифодаловчи қадриятлар билан бирга қайта тиклаймиз.
Украина элчиси сифатида Ўзбекистонда ўтказган йилларим ўзбекистонликларни бефарқ одамлар, деб бўлмаслигини тасдиқлайди. Шу сабабли ҳам мен Украина учун ҳозиргидек оғир дамларда ўзбек халқи томонидан ёрдам кўрсатилишига бўлган умидимни сўндирмайман.
Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигига содиқлигини тасдиқлаганини қадрлаймиз. Ушбу муҳим нуқтаи назар тинчликни қайта тиклашнинг асоси ҳисобланади. Агар сиз Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тарафдори ва урушга қарши бўлсангиз, у ҳолда биз умуминсоний қадриятлар учун курашаётган фронтда сиз билан биргамиз. Бу жуда муҳим.
Бундан ташқари, Украинада UNITED24 платформаси ҳам ишга туширилган бўлиб, унда биргина клик билан мамлакатга моддий ёрдам юбориш мумкин. Кўпчилик бу имкониятдан ҳам фойдалаётганини биламан. Умумий жамғармага бориб тушадиган бу пуллар Украинани, хусусан, инфратузилма объектлари, айниқса, шифохоналар, мактаблар, болалар уйлари, олий таълим муассасаларини қайта тиклаш учун сарфланади.
Албатта, қийинчиликлар ҳам йўқ эмас. Қора металлар экспорти тўхтаб қолган, темирйўл учун ускуналар экспорти тўхтаган, чунки Запорожьедаги шундай маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи бир неча корхоналар бомбардимон қилинди. Аммо аксарият савдо алоқалари қайта тикланган ва фаол ишламоқда.
Муносабатларимиз фақат иқтисодиёт билан чекланиб қолади, демаган бўлардим. Бу йил Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан бир неча бор учрашдим. Биз икки томонлама муносабатлар кун тартибининг муҳим масалаларини муҳокама қиламиз. Халқаро майдончалардаги ҳамкорлигимиз ҳам долзарб, фаол бўлиб қолаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тўғри, Ўзбекистоннинг маълум бир позицияси бор ва биз бунга ҳам тушуниш билан ёндашамиз.
Ҳозир биз БМТ Бош ассамблеясининг 11-фавқулодда сессиясини кутяпмиз, унда Украина президентининг «тинчлик формуласи» бўйича резолюцияси кўриб чиқилади. Биз Ўзбекистон томонига, сизлар унинг бирор бир бандига қўшилиш имкониятини кўриб чиқа олишингиз учун, ушбу формула мазмунини етказдик. У ерда кўплаб масалалар қамраб олинган, улар энергетика, озиқ-овқат, экологик хавфсизликка дахлдор.
Аввалроқ Украина президенти томонидан Глобал жануб мамлакатлари учун Grain from Ukraine («Украинадан ғалла») дастури таклиф қилинган эди. Биз Ўзбекистонга ушбу дастур иштирокчисига айланиб, Ўзбекистон мунтазам равишда гуманитар ёрдам кўрсатиб келадиган Афғонистон учун ғалла сотиб олишни таклиф қилгандик.
Умид қиламанки, БМТ Бош ассамблеясининг фавқулодда сессияси вақтида Ўзбекистон ҳам Украинанинг тинчлик ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Ёки, ҳеч бўлмаса, уларга қарши чиқмайди.
Биз 2021 йилда Тошкентда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказгандик, жуда муваффақиятли, жуда самарали бўлганди, кетидан бизнес-форум бўлганди. Режаларимиз катта эди ва улар ҳамон долзарб, биз уларни албатта рўёбга чиқарамиз. 2021 йилда маҳсулот айирбошлаш ҳажмини 439 млн доллардан 704 млн долларгача оширдик. Қандай ўсиш бўлганини тасаввур қиляпсизми? Уруш бошланиши билан, табиийки, маҳсулот айирбошлаш ҳажми тушиб кетди — 306 млн долларгача пасайди, унда Украинанинг ижобий сальдоси 226 млн долларни ташкил этади, ҳозирги шароитда бу кам эмас.
Энди сиёсий маслаҳатлашувларга ўзбекистонлик ҳамкорларни таклиф қилиш навбати Киевда ва уруш тугаса, биз буни албатта амалга оширамиз.
Буларнинг барчаси ижобий белгилар, шу боис мен оптимист сифатида ҳамкорлик учун катта истиқболни кўраман. Мен Ўзбекистон президентига ишонч ёрлиқларини топшираётганимда ўз президентим томонимдан олдимга қўйилган вазифа — маҳсулот айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга чиқариш топшириғи бор эди. Худди шундай вазифани сизнинг президентингиз Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов олдига ҳам қўйган. Бизда товар айирбошлашни тўлдириш имкони бор.
Ҳатто уруш шароитида ва иқтисодиётдаги қийинчиликларга қарамай, мен Ўзбекистон бизнесини фаол бўлишга 2022 йил июлида Швейцариянинг Лугано шаҳридаги анжуманида тақдимоти ўтказилган Украинани қайта тиклаш дастурини амалга оширишда қатнашишга чақираман.
Биз, шунингдек, ўзига хос коллаборацияларни, қўшма корхоналар ёки қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишни ҳам таклиф этяпмиз. Икки ҳафта аввал Ўзбекистонга украиналик бир тадбиркор келди, у бир вақтнинг ўзида Украина инфратузилма вазирининг маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади. У тиббиёт бизнеси билан шуғулланади, бизда Ўзбекистон тез тиббий ёрдам автомобилларини энг замонавий ускуналар билан таъминлаш дастури бўйича келишув бор.
Шунингдек, тиббиёт соҳасида ва кардиожарроҳлик операцияларини ўтказиш учун украиналик шифокорларни жалб этиш бўйича ҳам ҳамкорлик мавжуд. Мазкур ҳамкорлик урушдан аввал бошланган эди, масалан, украиналик кардиожарроҳ Борис Тодуров келиб, фуқароларингиз учун бепул кўрик ва операциялар ўтказиб кетган эди. Бу ҳамкорлик ҳам сақланиб қолади.
Ўзбекистон-Украина ишбилармонлик кенгаши ташкил этилганини ҳам эслатиб ўтишим жоиз. Ўзбекистон томондан унга нуфузли ва машҳур тадбиркор Зафар Ҳошимов, биз тарафдан эса Олег Рибачук бошчилик қилади. Бизнес элчихона билан ҳамкорликда ишламоқда.
Аввалги йилларда менда шундай бир амалиёт бор эди — Ўзбекистон вилоятларига йўл оларканман, ҳар доим ўзим билан украиналик бизнесменларни ҳамроҳ қилиб олардим, мен билан бирга 8−12 тадбиркор ўз лойиҳалари билан борар, ўзбек бизнеси билан алоқа ўрнатар, ўзаро таклиф алмашарди.
Ғунажин (ҳали бузоқ бермаган ёш сигирлар — таҳр.) етказиб бериш билан шуғулланувчи Dairy Global Experts компанияси шундай лойиҳалардан бирини амалга оширган. Улар кунига 30 литргача сут берадиган зотли сигирларни олиб келиб, шу ерда, Тошкент яқинида улкан сут мажмуасини қурган.
Афсуски, қийинчиликлар ҳам йўқ эмас — уруш шароитида Украинада 60 ёшдан кичик эркакларнинг хорижга чиқиши тақиқланган. Аммо биз масофадан туриб ишлашни давом эттиряпмиз ва ғалабадан сўнг ишни янада кучайтирамиз.
2020 йил сентябрида чорвачилик маҳсулотларини Россия ҳудуди орқали ташишни тақиқлаш тўғрисидаги қарор чиқди. Худди шу вақтда Dairy Global Experts Ўзбекистонга ғунажинларни юборган эди. Ярим тунда чегарани ёпишган ва сигирларни одатий йўл билан олиб чиқиб кетиш имконсиз бўлиб қолганди. Айни вақтда, фақатгина шу йўналиш бўйича маҳсулот айирбошлаш ҳажми 12−15 млн долларни ташкил этарди.
Ҳозир бу компаниялар барибир ишлаяпти, маҳсулотларни Қозоғистон орқали, Каспий денгизи орқали олиб киряпти, лекин у ерда ҳам маълум бир қийинчиликлар мавжуд.
Умид қиламанки, келгусида биз логистикани ҳам, маҳсулот етказиб беришимизни ҳам қайта тиклаймиз, ҳамкорлик қилишда ва бунёдкорликда давом этамиз. Ҳозир Ўзбекистонда бизнинг интеллектуал маҳсулотларимиздан фойдаланилмоқда, украинлар сизларнинг компанияларингиз билан фаол ишламоқда, бу ерда кўплаб экспатларимиз шартнома асосида ишлаяпти, улар янги ишлаб чиқаришларни ташкил этяпти. Буларнинг ҳаммаси фойда.
Ўтган йили Украинадан 4800 киши, жумладан, Ўзбекистонда оила аъзолари, қариндошлари ва танишлари бор одамлар улар юборган таклифномалар асосида Ўзбекистонга келди. Келганларнинг бари иш излаб, ишга жойлашди, чунки уларга ҳеч қандай ижтимоий ёрдам кўзда тутилмаган.
Бунда Ўзбекистондаги жамоатчилик гуруҳлари, фаол бизнесменлар кўмак кўрсатди, улар бошида бу ерга келган украиналикларга иш ва уй топишда ёрдам берди.
Билишимча, элчихонангиз апрелдаёқ барча талабаларингизни олиб чиқиб кетган эди. Лекин кўплаб ўзбекистонликлар Украинада оила қурган, ўша ерда яшаб, ишлайди. Масалан, 20 йилдан бери Харьковда яшаб, уруш бошлангач, ҳар куни ҳовлида ош пишириб, одамларга тарқатган ўзбекистонлик каби. Афсуски, у яшаган уй бомбардимон қилинди, унинг ўзи ҳалок бўлди.
Уруш вақти қанча ўзбекистонлик Украинада қолишга қарор қилганига баҳо бериш мен учун бироз мураккаб. Лекин улар бизни қўллаб-қувватлаётганликларини аниқ биламан. Биз бундай кўмакни юксак қадрлаймиз.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.