Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва вилоят марказларида озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлаштирилган бозорчалар ташкил қилинди.
Мамлакатдаги деҳқон бозорлари ҳамда аҳоли зич истиқомат қиладиган маҳаллаларда ташкил этилган ярмаркалар 2022 йилнинг 20 августидан 5 сентябрига қадар ҳар куни бозорларнинг иш вақти чегарасида, яъни соат 08:00 дан 20:00 гача ишлайди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги асосий 11 та Фарҳод, Аския, Сергели, Эски Жува, Авиасозлар, Қўйлиқ, Юнусобод, Миробод, Қорақамиш, Наврўз ва Чилонзор деҳқон бозорларида мева-сабзавот, полиз, дуккакли, гуруч, гўшт ва сут маҳсулотлари, тухум, ўсимлик ёғи, шакар ва турли ичимликлар савдоси ташкил этилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда махсус озиқ-овқат ярмаркаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сотилишини кунлик мониторинг қилмоқда, уларнинг нарх-навоси ҳамда бозорларнинг маҳсулотлар билан таъминланганлик даражасини кузатиб бормоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.