Америкалик гроссмейстер, шарҳловчи ва стример Даниэль Народицкий хотирасига бағишланган мусобақада Синдаров етти тур якунига кўра 6 очко жамғариб, ҳиндистонлик гроссмейстер Аравинд Читамбарам билан биринчи ўринни бўлишди. Ғолиб номи блиц тай-брейк орқали аниқланди ва унда ўзбекистонлик шахматчи рақибини ҳар икки партияда ҳам мағлуб этиб, 2:0 ҳисобида зафар қучди. Ушбу ғалаба эвазига у FIDE рапид онлайн рейтингида 7-ўринга кўтарилди.
Мусобақа давомида Жавоҳир Синдаров Шелев Оберои, Нико Часин, Марк Ҳайман, Роберт Ҳесс, Дариуш Сверч, Ойдин Сулаймонли ҳамда Аравинд Читамбарамни икки бор мағлуб этди. Унинг турнирдаги ягона мағлубияти америкалик гроссмейстер Энди Вудвордга қарши баҳсда қайд этилди.
Мусобақадаги ғалабадан сўнг Жавоҳир Синдаров турнирнинг ўзи учун алоҳида аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.
“Мен бу ерга шунчаки Даниэль Народицкий хотираси учун шахмат ўйнашга келдим ва бу менга жуда ёқди. Ҳаммаси ажойиб бўлди. Умид қиламанки, бу турнир ҳар йили ўтказилади. Менимча, Народицкий шахмат оламидаги энг меҳрибон инсонлардан бири эди. Одатда стримерлар ҳақида турли таассуротлар бўлади, аммо у билан шахсан танишганимдан кейин унинг нақадар самимий ва яхши инсон эканига амин бўлдим”, — дея фикр билдирди Синдаров.
Унинг сўзларига кўра, у Даниэль Народицкий билан мингдан ортиқ турли форматдаги шахмат партиясида куч синашган.
Ушбу турнир доирасидаги блиц мусобақаси 4 июль куни бўлиб ўтади.

Маълумот учун, Народицкий фаолияти давомида 2007 йилги ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати, 2013 йилги АҚШ ёшлар чемпионати ва 2025 йилги АҚШ блиц чемпионатида ғолиб бўлган. Шунингдек, YouTube ва Twitch платформаларидаги таълимий видеолари ҳамда профессионал шарҳлари орқали миллионлаб шахмат ихлосмандлари эътиборини қозонган.
У 2025 йил 19 октябрь куни 29 ёшида саркоидоз касаллиги асоратлари туфайли вафот этган эди.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.