Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлатимиз раҳбари Мўғулистон Президентининг икки томонлама муносабатлар тарихидаги биринчи ташрифи Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлигини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган ўзаро интилишнинг тасдиғи бўлганини қайд этди.
Давлат раҳбарларининг Самарқанд ва Дубайда бўлиб ўтган учрашувларидан сўнг барча даражалардаги алоқалар фаоллашди. Тизимли сиёсий мулоқот ўрнатилди. Бугун Тошкентда Мўғулистон элчихонаси расман очилади.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Яқин йилларда, биринчи навбатда, талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали товар айирбошлаш ҳажмини ошириш вазифаси қўйилди. Икки мамлакат пойтахтларида савдо уйларини очиш ва жорий йилда саноат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.
Мамлакатларимиз бир-бирини самарали тўлдириши мумкин бўлган тармоқларда саноат кооперациясининг аниқ йўналишлари ҳам белгиланди.
Минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, Қорақалпоғистон, Наманган вилояти ва бошқа ҳудудларда чорвачилик мажмуаларини, гўштни қайта ишлаш кластерини ташкил қилиш, енгил саноатда жун ва терини чуқур қайта ишлаш, шунингдек, фармацевтика, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳалардаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидан.
Саноат кооперациясини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш ва солиққа тортиш принциплари бўйича асосий келишувлар тайёрланади ва қабул қилинади.
Бизнеснинг режалари ва ғоялари бугун ўтказилиши режалаштирилган давлат раҳбарларининг икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувида батафсил муҳокама қилинади.
Музокараларда самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш ва юк ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бунга ҳаво ва автомобиль алоқаси бўйича имзоланган битимлар хизмат қилади. Пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи ўрганилади.
Маданият, санъат, таълим, туризм, ёшлар ва спорт соҳаларида фаол алмашинувларни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Бу борада алоҳида ҳамкорлик дастури тайёрланиб, келгуси йилда Тошкент ва Улан-Баторда ўзаро Маданият кунлари ўтказилади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида мўғулистонлик талабаларни ўқитишни қайта йўлга қўйишни таклиф қилганини маълум қилди.
Шунингдек, мамлакатлар яккакураш спортининг анъанавий турларини оммалаштириш, амалдаги визасиз тартиб шароитида сайёҳлар оқимини ошириш, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари бўйича ҳамкорлик қиладилар.
– Мўғулистон Президентининг Ўзбекистонга биринчи давлат ташрифи ҳақли равишда тарихий бўлди ва кўп қиррали ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Биргаликдаги катта ишларимизнинг биринчи амалий натижаларини тез фурсатда кўрамиз, деб ишонаман, – деди Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.