Тошкент шаҳар «Сув таъминот» АЖ матбуот котиби Равшан Ёқубжонов аварияга ҳудуддаги қозонхонада электр энергияси узилгани сабаб бўлганини айтган эди. Бунга Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги раддия бериб чиқди.
«Бугун, 2024 йил 3 июль санасида Юнусобод туманининг 6- ва 7-мавзеларида сув тошишига оид хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ушбу ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар «Сув таъминоти» АЖ матбуот хизмати томонидан воқеага ҳудуд яқинида жойлашган «Тошкент иссиқлик маркази» МЧЖга қарашли 4-сонли қозонхонада электр таъминоти узилиши сабаб бўлганлиги келтирилган.
«Иссиқлик электр станциялари» АЖ таркибидаги «Тошкент иссиқлик маркази» МЧЖ Тошкент шаҳар «Сув таъминоти» АЖнинг мазкур баёноти ҳақиқатга мос эмаслигини билдиради ва 4-сонли қозонхонада 2-3 июль кунлари электр таъминоти билан боғлиқ ҳеч қандай узилиш юз бермаганини маълум қилади. Сув тошқинига қозонхона фаолиятининг ҳеч қандай алоқаси йўқ.
4-сонли қозонхона 2024 йилнинг 2 июлидан 3 июлига ўтар кечаси барқарор ва штат режимида фаолият юритган.
Айни пайтда қозонхонага сув таъминотининг етарли даражада етказиб берилмаётганлиги сабабли мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб ишлаб чиқариш ҳажми пасайтирилган», дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.